Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас

Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида гапирди. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда «Янги Ўзбекистон» ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деди давлат раҳбари.

“Ренессанс” иборасига таъриф берадиган бўлсак, у француз ва итальян тилларида, хусусан лотинчада “қайта туғилиш” маъносини беради. Бу ибора Европада рўй берган уйғониш ва қайта уйғониш даври дунё тараққиётига муҳим таъсир кўрсатгани, айнан янгиланиш ва ҳаётбахш мазмунларни ўзида жамлагани учун ҳам кенг қўлланилади. Таъкидлаш жоизки, Германия, Франция, Япония, АҚШ, Жанубий Корея каби давлатларнинг илм-фан ва инновацияларга асосланган иқтисодий тараққиёт моделлари ва юқори натижалари юксак эътироф этилаётганлиги барчамизга маълум. Буларнинг барчасига ярим аср илгари пухта ўйланган илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилган кучли давлат сиёсати орқали эришилган. Хусусан, Ўзбекистон ҳудуди ҳам Шарқ Ренессансининг йирик марказларидан бири сифатида, айниқса, иккита ренессансни бошдан кечиргани дунёга маълум ва машҳур бўлганлигини таъкидлаш бизга юксак мамнуният бағишлайди.

Халқимизнинг улуғвор қудрати буюк ватандошларимиз – алгоритм асосчиси Ал-Хоразмий, қомусий олим Ал-Фарғоний, геодезия ва минералогия фанлари ривожига улкан ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, Ғарбда Авиценна номи билан танилган Ибн Сино, давлат арбоби ва буюк астроном Мирзо Улуғбек сингари ўнлаб мутафаккирлар, яъни илм-фан асосчилари қилган кашфиёт ва изланишларда намоён бўлиб турибди. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳаким ат-Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий сингари аждодларимиз номи эса нафақат ислом олами, балки жаҳон цивилизацияси тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари ўз нутқида илм-фанга бўлган юксак эътибор ва таълимга тўхталиб, “Вақт ўтиб, болаларимиз ҳам Улуғбек, Ибн Сино, Беруний бўлади, мен бунга албатта ишонаман” деб таъкидлади. Айнан шундай улуғ мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикасини 2019-2021 йилларда инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсадларидан бири инсон капиталини ривожлантириш бўлса, бошқаси 2030 йилгача Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати таркибига кириш этиб белгилангани ҳаммамизга яхши маълум.

Илм-фан ривожи давлат тараққиётининг пойдевори. Шунинг учун соҳага эътибор ҳар қачонгидан юқори. Ўзбекистон Республикаси Глобал инновацион индексда 2015 йилда жаҳоннинг 141 давлати орасида 122-ўринни эгаллаган эди. Ундан кейинги йилларда эса ушбу рейтингга республикамиз киритилмаган. 2020 йил Ўзбекистон Глобал инновацион индексига қайтди. Мана шу қайтишнинг ўзи янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Ўзбекистоннинг 93-ўринни эгаллаб, рейтингда 30 поғонага юқорилаши ҳозирги пайтда илм-фанга берилаётган эътибор, инновацион ривожланишига қаратилган ресурсларнинг самарасидир. Охирги йилларда илм-фанга киритилган инвестициялар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг шакллантирилиши, энг муҳими, олимларга яратилаётган шарт-шароитлар ва ижод эркинлиги Глобал инновацион индексдаги ўрнимизни белгилади. Буни келажакда илм-фан ва инновацияларга инвестицияларни жалб қилиш учун бир қадам деб ҳисоблаш мумкин. Илм-фан соҳаси олдидаги муҳим вазифа – миллий ихтисодиётимизни технологик ва инновацион жиҳатдан модернизациялаш жараёнларини тўла-тўкис таъминловчи, самарали ва рақобатдош тадқиқот ҳамда ишланмаларни шакллантиришдир.  

Боз устига, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, илм-фан соҳаларига сарфланаётган жами ҳаражатлар ўтган йиллар мобайнида қарийб 14% га ошган. Бу кўрсаткич 2018 йили умумий 528.8 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб 603, 3 млрд сўмга ошган. Бироқ, бугунги кунда илм-фанни молиялаштириш ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0.2% ни ташкил қилиб, йиллар давомида ўзгармай қолаяпти. Ушбу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача 1,7 фоизга тенг, хусусан Хитойда 2008 йилда 1,4 фоиздан 2,14 фоизгача, Корея Республикасида 3,1 фоиздан 4,5 фоизгача ошган. Бундан ташқари, тармоқлар корхоналари томонидан илмий-тадқиқотларга буюртма бериш ва молиялаштиришдаги иштироки пастлиги давлат бюджетига оғир юк бўлиб қолмоқда.

Сўнгги 3 йил мобайнида илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 2-3 мартагача оширилган бўлса-да, бу ўсиш суръати асосан илмий фаолият билан шуғулланувчи субъектларнинг ойлик маошларини оширилишига йўналтирилиб, мамлакатда илмий ташкилотларнинг моддий техника баъзасини ривожлантиришга етарли маблағлар ажратилмасдан қолаяпти. Шунинг учун сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғлайдиган мустаҳкам механизм босқичма-босқич ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда. Мамлакатимиз ривожланишида илм-фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида 2017-2020 йилларда қатор илмий, таълим ва инновацион ташкилотлар (тузилмалар) ташкил этилди. 32 та илмий-инновацион тузилмалар (6 та технопарклар, 8 та илмий марказлар ва 18 та илмий- тадқиқот институтлари) ҳамда янги 29 та олий таълим муассаслари ва уларнинг филиаллари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон халқининг кўп асрлик бой тарихига назар ташлар эканмиз,  унинг жаҳон тамаддунининг ривожига катта ҳисса қўшгани ғурур бағишлайди. Масалан, Ўзбекистон тарихининг биринчи Ренессанси – Сомонийлар даврига тўғри келиб, ушбу даврда буюк аждодларимизнинг яратган илмий-фалсафий асарлари ва оламшумул кашфиётлари ислом цивилизациясига тамал тоши бўлди. Ижтимоий соҳанинг ҳар томонлама ривожланиши, жамиятдаги муносабатларнинг муайян тартиб-тамойиллар асосида қурилиши, шаҳарларнинг иқтисодий-маданий ривожланиши,  илму маърифатнинг марказлашуви сингари муҳим жараёнлар ўрта асрларда юртимизда давлатчиликнинг ўзига хослигини белгиловчи тамойиллардир.

Иккинчи Ренессанс – Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат Моварауннаҳр, балки бутун Марказий Осиё ўлкалари ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилади. Бу даврда давлатчилик асослари такомиллашиб, шаҳарсозлик ва меъморчилик авж олди, халқаро савдо ва дипломатик алоқалар жадаллашди. Шунингдек, бу даврда фан, маданият ва санъат соҳаларининг ривожланиши ҳамда тафаккур доирасининг юксалиши намоён бўлади.

Бугун эса шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда рўй бераётган юксалиш жараёнлари ўзини барча соҳаларда намоён этмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришган йилларимизнинг илк даврида биз ўзимизнинг миллий ўзлигимизни англаш, бой тарихий-маънавий ҳамда илмий меросимизнинг асл мазмун-моҳияти мағзини чақиш ва уни рўёбга чиқаришга интилган бўлсак, эндиликда халқимиз жипсланиб «миллий тикланишдан – миллий юксалиш» ғоясини собит қадамлик билан амалга оширишга киришди. Бу даврда жамиятимизда ижтимоий тафаккурнинг юксалиш тенденцияси қарор топиши, унга хос ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларнинг мужассамлиги эътироф этилмоқда. Миллий руҳ ва умуминсоний қадриятлар уйғун бўлган ижтимоий тафаккур – мамлакатимиз барқарор ривожланишининг ўзан мезон ва мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.

Юртимизда ижтимоий тафаккур даражасининг тобора ўсиши боис, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жабҳаларда меҳнат ва соҳага ёндашув маданияти ҳамда масъулияти ўзгарди. Айниқса, фан соҳасига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг замирида чуқур маъно бор. Фан – бу тафаккур бўлиб, қайсики, жамиятдаги барқарорликни таъминлаб берувчи устувор омиллардан биридир. Фан ривожланар экан, нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий-маданий соҳа ҳам тараққий этади. Фанга бўлган эътибор инсон тафаккурини ўстириш ва улғайтиришга хизмат қилади. Жамият тафаккури ўсса, маданият ва санъат соҳаси ҳам мана шу талабларга ҳамоҳанг равишда ўсади ва тараққий этади. Давлатимиз раҳбари ҳозирги даврни миллий тикланишдан миллий юксалиш томон деб эълон қилганлигининг замирида қатъий ишонч ва чуқур ҳикмат мужассам. Негаки, кейинги 10 йиллигимиз асл юксалиш ва тараққиёт даври бўлиши муқаррар. Зеро охирги йилларда қабул қилинган ва қилиниши кўзда тутилган қонунлар, фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тараққиётнинг янги зарварақларига асос бўлади.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
социология фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар
кенгаши раиси ўринбосари


Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img