Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБугун – 2021 йилнинг 9 апрель куни Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 685...

Бугун – 2021 йилнинг 9 апрель куни Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 685 йил тўлди

САЛТАНАТНИ ЎЗ ЭРКИМДА САҚЛАШ УЧУН АМАЛ ҚИЛГАН ТУЗУГИМ

Ушбу ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олганлигим учун тўла мустақиллик билан салтанат тахтига ўтирдим. Ўз тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур.

Биринчидан, ўз сўзига эга бўлсин, ишини ўзи билиб қилсин, яъни раият подшосининг айтган сўзини, қилган ишини ўзи айтади, ўзи қилади, ҳеч ким бунга аралашолмайди, деб билсин. Шундай бўлгач, подшоҳ салтанат мартабасига шерик бўлгудек қилиб бировнинг гапига ва ишига эргашмасин. Гарчи яхши сўзни ҳаммадан эшитиш зарур бўлса ҳам, лекин сўзда, ишда бошқалар салтанат ишларида подшоҳга шерик, ёхуд устун бўлмасликлари шарт.

Иккинчидан, султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди. Чунончи, амир Ҳусайннинг золим бир вазири бор эди. У сипоҳу раиятга ҳақ-ноҳақ жарималар солар эди. Орадан кўп вақт ўтмай ўша ноинсоф вазирнинг шумлигидан амир Ҳусайннинг салтанат уйи хароб бўлди.

Учинчидан, бутун мамлакатда буйруқ-фармон бериш ишлари подшонинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.

Тўртинчидан, подшоҳ ўз қарорида қатъий бўлсин, яъни ҳар қандай ишни килишга қасд қилар экан, то битирмагунича ундан қўл тортмасин.

Бешинчидан, подшоҳ ҳукми жорий этилиши даркор, яъни қандай ҳукм чиқаришидан қатъий назар, амалга ошириши керак. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин. Чунончи, эшитганманки, султон Маҳмуд Ғазнавий Ғазна шаҳри майдонига катта тошни келтириб ташлашни буюрган экан. Ундан ўткинчи-кеткинчиларнинг от-уловлари ҳуркиб ўта олмай колибди. Шунда одамлар тош йўл бўйидан олиб ташланса, деб султон ҳузурига қанчалик арз-шикоят қилиб боришмасин, султон «чиқарган ҳукмимдан қайтмайман, унга хилоф бирон иш ҳам қилмаймак», деган экан.

Олтинчидан, подшолик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё хиёнатчи хотин сингари, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади. Чунончи, султон Маҳмудга хоинлик қилган вазирлар уни салтанат тахтидан тушириб, тахтга ўзлари эга бўлдилар. Шундай бўлгач, салтанат ишларини ишончли ва мўътабар бир неча кишига бўлиб бериш лозим. Шунда ҳар бири ўз ишига боғланиб, салтанат тахтига кўз олайтира олмайди.

Еттинчидан, салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин.

Саккизинчидан, салтанат ишларида, сипоҳу раиятга боғлиқ масалаларда бошқаларнинг сўз ва феълига қараб амал қилмасин. Вазирлар, амирлар бирон кимса ҳақида яхши-ёмон сўз қилар эканлар, эшитсин. Лекин уни амалга оширишда бутун ҳақиқат аён бўлмагунича шошмай, мулоҳаза билан иш тутсин.

Тўққизинчиси, подшоҳ ҳайбати сипоҳу раият кўнглида шундай ўрнашган бўлиши керакки, унинг амр-фармонига ҳеч ким қаршилик қилишга журъат этолмасин; итоат ва тобеълик қилиб, исён кўтармасин.

Ўнинчиси, [подшо] нима қилса, ўз эркича қилсин, нима деса ўз сўзида қатъий турсин, чунки подшоҳларнинг ҳукм ҳурматидан бошқа баҳрамандликлари йўқдир. Хазина, лашкар, раият, салтанат — буларнинг бариси унинг ҳукми биландир.

Ўн биринчиси, салтанат ишларида, ҳукм юргизишда подшоҳ ўзини ягона билиб, ҳеч кимни ўзига салтанат шериги қилмасин. Ўн иккинчиси, [подшоҳ] мажлис аҳлидан огоҳ ва ҳушёр бўлсинким, улар кўпинча айб ахтариб, уни ташқарига ташийдилар. Подшоҳнинг сўзидан, ишидан вазирларга, амирларга хабар бериб турадилар. Масалан, шунга ўхшаш бир воқеа менинг ўзим билан рўй берганди. Ўзимнинг хос мажлисимдаги бир қанча суҳбатдошларим вазирлар ва амирларимнинг жосуслари экан.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img