Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон"Бу ваъда ошиғи билан бажарилмоқда"

“Бу ваъда ошиғи билан бажарилмоқда”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида ўзбек оилалари «фарзандим рус тилини яхши билсин» деган ният билан боғчадан ёки 1-синфдан бошлаб фарзанди учун тамоман бегона бўлган тилни танлаётганига эътибор қаратди.

«Биз эса юз йилдан бери рус ватандошларимизга ўзбек тилини ўргата олмаймиз. Аксинча, ўзбеклар фарзандини рус тилида таълим олишга йўналтираётгани одатийлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида ўзбек тилида ўқитилмайдиган мактаблар сони кўпайиб кетди. Ачинарлиси, бундай мактабларнинг 90 фоиздан кўп ўқувчилари ўзбеклардир.

… Буни қарангки, ўзбек оилалари „фарзандим рус тилини яхши билсин“ деган ният билан боғчадан ёки 1-синфдан бошлаб фарзанди учун тамоман бегона бўлган тилни танлашмоқда.

Фожеа фақат бунда эмас. Эътибор беринг, болалар 5−6 синфгача бутун диққатини рус тилини англаш учун (!) сарфлайди. Табиий равишда бошқа муҳим фанларни рус тилида тушунмагани учун ўзлаштира олмайди. Бу вақтга келиб иккинчи шок бошланади: юқори синфларда аниқ фанларни рус тилида ўқитадиган педагоглар йўқ ҳисоби. Энди бола математика ва физикани ўзбек тилида ўқишга мажбур бўлади, лекин ўзбек тилини тушунмайди.

Бола шу иккита шок билан, рус тилини „судраб“, миллий қадрият, ватан, маънавият деган сўзларга нафрат билан мактабни битиради. Марҳамат, ўзбек ёшларидан иборат ишчилар гуруҳи. Бу ҳолатда уларнинг жуда кўпи учун ягона йўл Россияда қора меҳнат бўлиб қолади.

… Эслатаман, Конституцияда Ўзбекистондаги барча миллатларнинг тилларини ривожлантириш учун шароит яратишга ваъда берилган. Бу ваъда ошиғи билан бажарилмоқда, бажарилиши ҳам керак. Лекин, бағрикенглигимиз оқибатида ўзбекларнинг янги авлоди ўзлигини англамайдиган, она тилини билмайдиганлардан иборат бўлишига йўл қўйиб бўлмайди.

Ўзбекнинг боласи ўзбек қадриятлари билан тарбия кўрсин, саводини ўзбек тилида чиқарсин, 7-синфдан бошлаб истаган хорижий тилни ўргансин, бу миллат ривожи учун зарур.

Бошқа миллат вакиллари бўлган ватандошлар ҳам она тилларида тарбия кўрсинлар, савод чиқарсинлар, лекин хорижий тиллар билан бир қаторда, ватан тили сифатида ўзбек тилини ҳам ўрганишлари керак», — деб фикрига якун ясаган МтДП етакчиси.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img