Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича маърузаси тақдим қилинди

БМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича маърузаси тақдим қилинди

Женевада бўлиб ўтаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 44-сессияси доирасида 13 июл куни ташкилотнинг Судялар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йил 19-25 сентябр кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунларига доир маърузаси тақдим этилди.

БМТга аъзо мамлакатлар делегацияларининг бевосита иштирокисиз ўтган Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ушбу сессияси ишида мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Адвокатлар палатаси ва бошқа тегишли тузилмалар раҳбарлари ҳам видеоконференцалоқа режимида иштирок этди.

Сессияда БМТ Махсус маърузачисининг мамлакатимизга ташрифи якунлари юзасидан таклиф этилган тавсиялар асосида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида Ўзбекистон делегациясининг шарҳи мамлакатимизнинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов томонидан ўқиб эшиттирилди.

БМТ Махсус маърузачиси ўз маърузасида Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижаларни алоҳида таъкидлади.

Халқаро ҳамжамият эътибори, авваламбор, Президент раҳбарлигида Ўзбекистонда давлат институтлари ва сиёсатни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилиш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқилганига қаратилди. Ҳозирги даврда одил судлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳот ана шу дастурнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Диего Гарсия-Саян Шавкат Мирзиёев ўз лавозимини бажаришга киришган пайтдан бошлаб амалга оширилган муҳим ишлар қатори, жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг муайян амалий натижаларини санаб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсат соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилган. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган, тегишли чораларни амалга ошириш учун таъсирчан механизмлар яратилган.

БМТ Махсус маърузачисининг фикрича, ушбу амалий чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар, деб ҳисоблаш лозим. Суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш ҳамда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай асоссиз аралашувлар ва босимларсиз амалга оширишларини таъминлаш учун ҳали кўп ишлар қилиш керак бўлади.

Диего Гарсия-Саян маърузаси якунида Ўзбекистонда судьялар ва прокурорлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқшунослар ўз касбий фаолиятини эркин амалга оширишларини таъминлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ҳам берди.

Хусусан, маърузадан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш истиқболларига тааллуқли суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни халқаро стандартларга мос равишда амалга оширишни давом эттириш, жумладан, халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий ҳуқуқ нормаларидан устунлигини конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйиш, судлар фаолиятига бошқа ҳеч қандай органларнинг аралашмаслигига эришиш, яъни суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, Судьялар олий кенгашининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ваколатларини кенгайтириш, кенгашни шакллантириш тартибини янада мукаммаллаштириш, судьялик лавозимига номзодларни саралаш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, судьяларнинг ваколат муддатларини қайта кўриб чиқиш, суд тизимида гендер тенгликни, яъни аёл судьялар ҳам тенг асосда ишлашини таъминлаш, прокуратура органларининг ваколатларини чеклаш, адвокатлар мақоми ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судлов имкониятлари ва малакали юридик ёрдамдан барчанинг, жумладан, ногиронларнинг ҳам эркин фойдаланишлари учун зарур шароитлар яратиш сингари тавсиялар ўрин олган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img