Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБМТ: Халқаро ҳамжамият Мянма халқини даҳшатли жиноятлардан ҳимоя қилиши керак

БМТ: Халқаро ҳамжамият Мянма халқини даҳшатли жиноятлардан ҳимоя қилиши керак

БМТнинг геноциддан огоҳлантириш бўйича махсус маслаҳатчиси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг қўшма баёноти эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, БМТ Мянма хавфсизлик кучларининг хунтага қарши намойиш ўтказаётган аҳолига нисбатан шармандали, қўрқоқларча ва шафқатсиз куч ишлатишини кескин қоралайди ва халқаро ҳамжамиятни ушбу мамлакат халқини ҳимоя қилишга чақиради. Ташкилотнинг махсус маслаҳатчиси Алиса Вайрим Ндериту ва Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет дунё давлатларини Мянмадаги хунрезликларга бефарқ бўлмасликка чақирган.

БМТ вакилларига кўра, 27 март Мянмада хунтага қарши намойишлар бошланганидан бери энг қонли кун сифатида тарихга муҳрланди. Ишончли маълумотларга кўра, ушбу кун ҳарбийлар ва полиция ходимлари қўлида 107 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, 7 нафар вояга етмаган жон берган.

Баёнотда айтилишича, ҳозирда мамлакатдаги воқеалар ортидан жабрланганлар ҳақида тўлиқ маълумот олишнинг имкони йўқ, бироқ текширувлар йўлга қўйилса, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони бир неча карра ошиши мумкин. Мамлакатнинг қарийб 40 га яқин ҳудудида ўтказилаётган тўхтовсиз намойишлар вақтида хавфсизлик кучлари қанча одамни ўлдиргани ҳақида аниқ рақамлар мавжуд эмас.

Ҳужжатда халқаро ҳамжамият Мянма халқи учун масъулиятни зиммага олиш ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳамда Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН)ни ушбу йўналишда ўз мажбуриятларини бажаришга даъват қилинган. БМТ расмийларининг хавотир олишларича, Мянмадаги воқеаларда озчиликни ташкил этувчи этник ва диний гуруҳлар, биринчи навбатда мусулмонлар жабр чекаётган бўлиши мумкин.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img