Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонБиз баланд марраларни кўзлаган халқмиз

Биз баланд марраларни кўзлаган халқмиз

Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Бу сўнгги юз йилликнинг улкан фалокати. Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди.

Аммо пандемия кимнинг нималарга қодирлигини кўрсатди. Пандемия шароитига қарамасдан, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш сақлаб қолинди. Ўзбекистонда коронавирус оқибатларини юмшатиш учун умумий қиймати 82 триллион сўмлик ишлар бажарилди. Айтишга осон, аммо дунёда иқтисодий танглик рўй бераётган, савдо-сотиқ муносабатлари мураккаблашган бир кезда юртнинг қудратини сақлаб қолиш осон эмас. .Бу ҳайрли ишлар эса юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлади. Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, бу йилги синовларга қарамасдан, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Жаҳон банки Ўзбекистонни пандемия инқирозида ҳам иқтисодиёти ўсаётган дунёдаги кам сонли давлатлар рўйхатига киритди. Глобал иқтисодий таназзулга қарамасдан, Ўзбекистон 2020-йилда иқтисодий ўсишни намойиш этадиган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги иккита давлатдан бири бўлиши прогноз қилинди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг 2021-йилга доир прогноз янада умидли кўринади: Мамлакат бўйлаб карантин қайта киритилмаса, 2021-йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 4,8 фоиздан 5,0 фоизгача бўлиши кутилмоқда. Мавжуд синовлар ва қийинчиликларга қарамай, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига эришиш ва фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида мамлакат раҳбарияти иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида ислоҳотларни давом эттиришни қатъий ният қилганлигини тасдиқлади.

23-сентябр куни Ўзбекистонимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясига мурожаатида ва парламентга йўллаган Мурожаатномасида республика ислоҳотлар йўлида қатъий ва ортга қайтмайди, дея қайд этди. Бу баёнот президент нутқининг халқаро жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинишига хизмат қилади. Чунки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ва давлат ҳаёти билан боғлиқ барча ташаббус ва таклифлари, ваъда ва келишувлари мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қанчалик ўзгараётгани ва ўзгаришни исташига бориб тақалади. Маҳаллий ҳокимиятлар бугун олдингига қараганда халқ билан кўпроқ ҳисоблашмоқда, унинг дарди ва қарашларига ҳамоҳанг. Ўзбекистоннинг ташқи дунёга очилгани, савдо кенгайгани, чегаралар очилгани, республика глобал саҳнада фаоллашгани, ҳукумат долзарб масалалар юзасидан халқаро ҳамжамият билан мунтазам мулоқотда экани, хусусан, сўз ва матбуот эркинлиги борасида ҳам камчиликларни тан олиб, ўзгаришларга очиқмиз, дея бонг уриб келаётгани олқишланмоқда.

Пандемия таъсири кучли. Лекин халқаро кузатувчилар назарида, республикамиз коронавирусга қарши кўплаб бошқа давлатларга қараганда яхшироқ курашмоқда. Бизнеслар қайта очилган, ҳаёт қайта изга тушган, қурилишлар ҳам авжида. Ҳозирда мамлакатимизда бизнес қилиш анча осонлашган, сармоя муҳити яхшиланган. Иқтисодда ва бозорда ҳукумат роли пасайиб, хусусий сектор тараққий этиши учун каттароқ қадамлар ташланаши Мурожаатномада яна бир бор тилга олинди.

Президентимиз таъкидлаганидек, ўтган йилларда Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди ва қанчалик қийин бўлмасин, “радикал ислоҳотлар йўлидан қайтиш йўқ”. Фуқаро жамияти учун йўл очиш, сиёсий институтларни тараққий эттириш, узвий ҳуқуқлар таъминоти, қонун устуворлиги томон ҳаракатлар, коррупцияга қарши кураш, иқтисодиётни кенгайтириш, қашшоқлик даражасини тушириш, Ўзбекистонни шу пайтгача орқага суриб келган муаммолар, хусусан, мажбурий меҳнат ва ҳуқуқбузарлик ҳолларига қарши кескин чоралар кўриш устувор вазифа бўлиб қолаверади.

Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида Президентимиз 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном бериши бежиз эмас. Ёшлар эртанги кунимиз, таянчимиз, мамлакат истиқболи. Мазкур йил доирасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида “кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади”. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, Самарқандда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган халқаро форум иштирокчиларини қутлаган Президент Шавкат Мирзиёев пандемия даврида айниқса ёшлар овозига қулоқ тутиш ўта муҳимлигини таъкидлаган эди. Самарқандда БМТ ҳамкорлигида 12-13 август кунлари ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги халқаро веб-форум Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи ошишига хизмат қилди, Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг натижаларини дунё ҳамжамиятига кўрсатди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img