Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБиринчи рақамли оиланинг сирли бизнеси

Биринчи рақамли оиланинг сирли бизнеси

Россиянинг «Важные истории» нашри тадқиқотчи журналистлари президент Владимир Путиннинг қизи ва куёви ўртасидаги ёзишмаларни ўрганиш ортидан, давлат раҳбарининг оила аъзолари ҳаводан қандай қилиб юзлаб миллион долларлар ишлаб олгани, уларни ҳашаматли ҳаёт кечириш ва хориж мамлакатларидан қимматбаҳо кўчмас мулклар сотиб олишга сарфлаганликларидан хабардор бўлдилар. Булар ҳақда жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган материални айрим қисқартишлар билан танишишингиз мумкин.

2019 йилнинг январида киберхавфсизлик бўйича австралиялик мутахассис «Кибер-Робин Гуд» лақабли Трой Хант хакерлик форумларидан бирида ҳатто ўзини ҳайратлантирган маълумотларни топиб олади. Хант кўп йиллардан буён кибержиноятчиларнинг форумларини кузатиб боради ва аккаунтлардан ўғирланган маълумотларни сотиб олади. Бундан у пул ишлаб олишни эмас, жамоатчликни хавфдан огоҳ этишда фойдаланади.

Хуллас, Хант ўша куни форумда ҳажми билан ҳайратга солувчи архивга дуч келади. Ушбу маълумотлар базаси 773 миллионта почта манзили ва 21 миллионта поролдан иборат эди. Архивни сотувга қўйган хаккер унга «Коллекция № 1» деб ном қўйган. Бу почта манзиллардан биттаси бугунги Россияга тегишли муҳим сирлардан бирини ўзида жамлаган эди. Хантнинг бу топилмаси катта шов-шувларга сабаб бўлди, жаҳондаги кўплаб ОАВлар уни бош мавзу сифатида овоза қилди.

Электрон почтанинг эгаси Мудофаа вазирлиги ходими эмас, махфий қуроллар яратишда ҳам иштирок этмайди, хорижлик жосусларни овлаш билан ҳам шуғулланмайди, бироқ унинг шахси ҳаммада қизиқиш уйғотади. 32 ёшида мамлакатдаги энг ёш миллиардерга айланган бўлса-да, Санкт-Петербурглик бу тадбиркорнинг номи ҳаммага ҳам таниш эмас. Гап Россиянинг сирларидан бири, махфий объектлар ва ядро ракеталаридан кам қўриқланмайдиган Владимир Путин оиласининг сирлари ва давлат раҳбари оиласининг юзлаб миллион долларлик олди-бердилари ҳақида кетмоқда. Хўш, у одам ким ва Владимир Путиннинг оиласи ва оиланинг бизнеси ҳақида қаёқдан билади? Ҳаммаси оддий: бир неча йиллар давомида унинг ўзи ҳам Россиянинг биринчи рақамли оиласининг аъзоси бўлган. Уни Кирилл Шамалов деб аташади, президент Владимир Путиннинг кенжа қизи Катерина Тихоновага уйланган.

Хулласи, 2020 йилнинг бошларида «Важные истории» журналистлари Кирилл Шамаловнинг электрон почтаси билан танишиш имконига эга бўладилар. «Коллекции № 1» уларга почтани бузиб киришга муваффақ бўлган номаълум манба томонидан тақдим этилади. Манба ҳужжатларга илова қилган хатида архивни Россиядаги бошқа ОАВларга ҳам тақдим этганини, бироқ улар ҳатто ҳужжатлар билан танишишни ҳам истамаганликларини баён қилган. У «Важные истории» тадқиқотчиларидан фақат бир нарсани — тиббий маълумотлардан фойдаланмасликни сўраган. Тақдим этилган архив 2003 — 2020 йилларда ёзилган қарийб 10 мингта хатдан иборат. Россиялик журналистларга ушбу ёзишмаларни ўрганишда “The Organized Crime and Corruption Reporting Project” (OCCRP)даги ҳамкасблари яқиндан ёрдам берган.

Путиннинг ўртоғининг ўғли
Кирилл Шамалов — президент Владимир Путиннинг эски қадрдонларида ва энг яқин дўсти Николай Шамаловнинг ўғли. Шамалов президентнинг туғилган кунига таклиф этиладиган кам сонли доира аъзоларидан бири. 1990 йилнинг ўрталарида Шамалов ва Путин ҳаммуассислигида Ленинград вилоятининг Приозерское туманида «Озеро» дала ҳовли эгалари кооперативи ташкил этилган ва кейинчалик уларнинг дала ҳовлидаги қўшниларининг деярли барчаси давлат ва давлат ширкатларидаги юқори лавозимлар билан сийланган.

Николай Шамаловнинг номи кўпчиликка 2010 йилда маълум бўлган. Ўшанда унинг бизнес ҳамкори Сергей Колесников мамлакатдаги ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведевга очиқ хат ёзиб Геленжик шаҳри яқинидаги Прасковеевка қўрғонида қиймати бир миллиард доллардан ортиқ «Путин учун сарой» қурилаётгани ҳақида жамоатчиликни хабардор қилган эди.

«Шамаловнинг айтишича, 2000 йилнинг бошларида уни Путин айрим бизнес масалаларни муҳокама қилиш учун уйига чақирган. Кейин маълум бўлишича, Путин ушбу лойиҳани молиялаштириш учун хорижий ҳисоб рақамлардан шартнома қийматининг 35 фоизини ўтказдирган. Бизга айтишича, лойиҳа янги презиентга ёрдам бериш истагидаги олигархларнинг хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган», — деб ёзган Колесников хатда.

Очиқ хат муаллифининг ёзишича, Роман Абрамович ва Алексей Мордашов каби россиялик йирик тадбиркорлар томонидан юқоридаги мақсад учун 400 миллион доллар ўтказиб берилган. Бу пулларнинг бир қисми Британиянинг Виргин ороллари, Панама ва Лихтенштейндаги офшор компанияларига ўтказиб берилган. Кейин ушбу маблағлар «Путин саройи»ни молиялаштириш учун йўналтирилган.

Президентга очиқ хат Колесников ва Шамалов ўртасида низо келиб чиққанидан сўнг ёзилган ва Колесников Россиядан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Унинг президент Д. Медведевга ёзган хатида йирик коррупция ҳолатлари ва сиёсий ўйинлар баён этилган. Очиқланган ҳолатлар кўплаб ҳужжатлар ва махфий тарзда ёзиб олинган суҳбатлар асосида тасдиқланган бўлса-да, ҳукумат томонидан бирон муносабат билдирилмаган.

Танишларининг гапларига қараганда, ҳозирда Николай Шамалов (2020 йилда 70 ёшга тўлди) бизнесдан ўзини четга олган ва кўп вақтини овда ўтказмоқда. Унинг ишини ўғиллари давом эттиряпти. Катта ўғли Юрий 15 йилдан буён Россиядаги давлатга қарашли бўлмаган «Газфонд» пенсия жамғармасига раҳбарлик қилиб келмоқда. Кенжа ўғли Кирилл ҳам ҳайратланарли тарзда мансаб пиллапояларидан кўтариляпти…

Архив ҳужжатларига кўра, Кирилл Шамалов 2009 йилда 27 ёшида Россиядаги йирик нефт-кимй компанияси «Сибур»нинг вице-президенти лавозимини эгаллайди. 2014 йилга келиб Шамалов қарийб 80 миллиард рублга «Сибур»нинг 17 фоиз акциясини сотиб олади. Натижада унинг номи мамлакатнинг энг ёш миллиардери “Forbes” журналида қайд этилади. Бу вақтда у эндигина 32 ёшда эди.

“Reuters” агентлиги хабарига кўра, 2013 йилда Шамалов «Иннопрактика» жамғармаси раҳбари Катерина Тихоновага уйланади. Кейинчалик ОАВ миллиардернинг рафиқаси президент Владимир Путиннинг кичик қизи эканлиги ҳақида кўплаб далилларни эълон қилди. Бу ҳақда Кирилл Шамаловнинг почтаси архивида ҳам кўплаб инкор этиб бўлмас далиллар мавжуд. Бироқ Кремл кўп йиллардан буён Катерина давлат раҳбарининг қизи экани ҳақидаги иддаоларга муносабат билдирмай келмоқда.

Шамаловнинг хатларидан маълум бўлишича, у никоҳдан кейин кўп ўтмай офшор компанияси орқали «Сибур» компаниясининг 380 миллион долларлик акциялар пакетини бор-йўғи 100 доллар долларга сотиб олган.

Шамаловнинг хатларида у Катерина Тихонова билан қачон, қай йўсинда танишгани ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Аммо айрим ҳолатлар у президент оиласи билан болаликдан танишлигидан далолат беради. Мисол учун, у 2010 йилнинг мартида Нидерланд фуқароси Йоррит Фаассенга хат ёзиб, Монакодаги балга таклиф этган. Фаассен — Владимир Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцованинг эри. Бу ҳақда ҳам ОАВда, жумладан, АҚШнинг “The New Times” журналида бир қатор даллилар эълон қилинган.

2012 йил 2 июнда Кирилл Шамалов Россиядаги энг қимматбаҳо ҳудудлардан бири — Рублёвкадаги Усово қўрғонида оиласи учун қурилаётган ва жиҳозлашга масъул бўлган аёлдан хат олади. Уй президентнинг Ново-Огаревадаги резиденцияси билан шундоққина ёнма-ён жойлашган. Хатда шундай дейилади:

«Ҳурматли Кирилл, бу ерда Катя сизларнинг боғингиз учун танлаган буюмларнинг суратлари ҳавола этилмоқда. Уларнинг барчаси Италиядаги омборхнада турибди (биз бу ҳақда тасдиқнома олдик). Буюртмани келтириш учун кўрсатилган сумманинг 60 фоиз миқдоридаги маблағни олдиндан ўтказиш керак».

Хатга унча катта бўлмаган боғ чодирини жиҳозлаш учун керак бўлган стол, диван, креслолар, дарпардаларнинг суратлари илова қилинган бўлиб, уларнинг нархи 56 минг еврони ташкил этиши маълум қилинган. Шамалов бу хатни Катерина Тихоновага юбориб, шундай изоҳ қолдирган: «Менга ёқди, қаршилигим йўқ. Сен нима дейсан?».
Орадан икки кун ўтгач, 4 июнда Тихонова ушбу хатга жавоб ёзиб, Усоводаги уйнинг кутубхонаси учун япон тилидаги китобларнинг рўйхатини илова қилади. (МДУ ректори Виктор Садовничийнинг айтишича, Тихонова 2009 йилда ушбу университетнинг Осиё ва Африка мамлакатлари институтини Япония мутахассислиги бўйича битирган). Китобларнинг умумий нархи 7,7 минг долларни ташкил этган. Бундан ташқари, Катя кутубохона учун 54,3 минг еврога гилам харид қилган.

Ёш оила учун уй қурилиши, жиҳозланишига жами бўлиб 15–17 миллион евро сарфланган. Усоводаги ҳашаматли уй қурилаётган бир вақтда Кирилл ва Катерина Франциядан унча катта бўлмаган қаср ҳам сотиб олиганлар. Ҳужжатларга кўра, Шамалов 2012 йилда Монакода рўйхатдан ўтказилган ўзининг “Alta Mira” компанияси орқали Биарриц шаҳарчасидан харид қилган қаср, илгари Путиннинг яқин дўстларидан, рус нефтининг асосий экспортчиларидан бири Геннадий Тимченкога қарашли бўлган. Кирилл Шамаловнинг почта архиви ҳужжатларидан маълум бўлишича, қасрни сотиб олиш унга 4,5 миллион еврога тушган.

Биарриц шаҳарчаси ва унинг атрофини Владимир Путин оиласининг хориждаги дам олиш маркази дейиш мумкин. Ҳужжатларга кўра, 2013 йилда Кирилл Шамаловнинг бу ердаги уйидан унча узоқ бўлмаган жойдан Россиянинг яна бир фуқароси — Артур Очеретний кўчмас мулк сотиб олган. У Россия президентининг собиқ рафиқаси Людмила Путинанинг турмуш ўтроғидир. Кирилл Шамаловнинг почтасида унинг Артур Очеретний билан бўлган бир қанча ёзишмаларини учратиш мумкин.
Россияда эса… 2000 йилда умумтаълим мактаблари сони 68100 та бўлган бўлса, бугунга келиб 40800 тага, касалхоналар 10700 тадан 5300 тага тушиб қолди, авария ҳолатидаги уйлар 9.5 млн. кв. метрдан 25.5 млн. кв. метрга, амалдорлар сони эса 1 161 500 нафардан 2 156 300 нафарга кўпайди…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img