Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБеларусдаги воқеалар рус мухолифатида умид ўйғотмоқда

Беларусдаги воқеалар рус мухолифатида умид ўйғотмоқда

Россия махсус хизматлари томонидан заҳарланганлиги эҳтимоли илгари сурилаётган мухолифат етакчиси Алексей Навалний Омскдаги касалхонадан Германияга олиб кетилди ва айни пайтда «Шарите» клиникасида даволаш муолажаларини олмоқда.

Қайд этиш керак, мухолифатчининг даволаниш учун хорижга олиб кетилиши харажатлари борасида ҳам турли тахминлар ўртага ташланмоқда. Жумладан, Кремлдаги айрим сиёсатчилар Навалнийнинг даволаш харажатларини кўтарган сирли ҳомийлар Россиянинг азалий душмани – Ғарб мамлакатлари томонидан молиялаштирилганини таъкидламоқдалар. Бу фикрни рад этаётганлар эса мухолифатчининг хорижга олиб кетилиши, даволанишига сарфланган харажатлар Россияда эркин нафас олиш имконияти яратилишини орзу қилаётган хориждаги рус мигрантлари томонидан қопланганини айтмоқдалар.

Бу борада ҳар ким ўзича ҳақлигини исботлашга уринмоқда. Хусусан, Германия ҳукумати рус мухолифатчисининг Омскдан махсус учоқда келтирилиши, клиникадаги даволаниш харажатлари немис солиқ тўловчиларининг ҳисобидан қопланмаганлигини қатъий таъкидламоқда. ОАВда сиздирилган маълумотларга кўра, Навалнийнинг соғлиги ҳақида қайғурган асосий шахс Борис Зиминдир. У рус мухолифатчисининг даволаниши билан боғлиқ барча харажатларни Зиминлар жамғармаси ҳисобидан қоплаган. Жумладан, Навалнийни Омскдан келтириш учун Bombardier Challenger 604 махсус учоғи учун 70 минг евро мазкур жамғарма томонидан тўланган. Мухолифатчининг «Шарите» клиникасидаги даволаш харажатларининг манбаси ҳақида эса ҳозирча очиқ маълумотлар йўқ.

Борис Зимин номи Россия ва Ғарбда яхши таниш. У BMT Management инвестиция компаниясининг президенти, «Вымпелком» («Билайн») ширкатининг асосчиси Дмитрий Зиминнинг ўғли ҳисобланади. Ёш тадбиркор ҳур фикрловчиларни, ҳаётини илм-фанга бағишлаганларни ниҳоятда ҳурмат қилади ва қадрлайди. У томонидан ташкил этилган «Династия» жамғармаси россиялик ва хорижлик фундаментал фан намоёндаларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Қайд этиш керак, унинг отаси Дмитрий Зимин бугунги Россия ҳукмрон кучлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ҳеч қачон яшириб ўтирмаган. Хусусан, у 2011 йилда ОАВга берган интервюсида «Путин бугунги замонавий дунёнинг энг кучли сиёсатчиларидан бирига айланиши мумкин эди. Бироқ у бу имкониятни қўлдан бой берди. Унинг ҳокимиятга ўта ўчлиги, тахтдан қолиш учун амалга оширган ўйинлари обрўсини ер билан битта қилди», – деган эди. Ушбу фикрлар муаллифи бугунги кунда хорижда умргузаронлик қилмоқда.

У Россиядан чиқиб кетганлиги сабабини изоҳлар экан, бунга хавфсизлик масаласи асосий омил бўлганини, чунки Путин танқидчиларидан биронтасини соғ қўймаслигини, ими-жимида тинчитиб юборишини яхши билгани учун шундай қарорга келганини маълум қилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега ҳур фикрловчи рус тадбиркорлари, хориждаги ишбилармонлар, мухолифатдаги сиёсатчилар Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаяпти ва унга хайрхоҳлик билдиряпти?

Бу саволга бугунги кунда Беларусдаги воқеалар мисолида жавоб берилди. Хабарингиз бор, ушбу мамлакатда президентлик сайлоқи бўлиб ўтиб, сайлов натижалари сохталаштирилганини илгари сураётган аҳолининг намойиши тўхтагани йўқ. Улар фақат бир талабни 26 йилдан буён давлатни бошқариб келаётган А.Лукашенконинг истеъфосини талаб қилишяпти. Таҳлилчилар агарда батка қуролни ишга солиб, халқни қонга ботирмаса, тахтдан кетишини, у фақатгина шундай жирканч йўл билан мавқеини сақлаб қолиши мумкинлигини айтмоқдалар. Агарда Лукашенко бундай қабиҳликка бормаса лавозимидан кетиши шубҳасизлигини таъкидламоқдалар. Хўш, бу воқеа рўй берса, давлат раҳбари ким бўлиши хусусидаги савол кўпчилик учун бош оғриқ бўляпти. Аксарият сиёсатчилар сайловда гўёи кўп овоз олган Тихановская мамлакатни бошқаришга қодир эмас, деган фикрда.

Бу борада эса Россияда бошқача вазият экан. Хусусан, ҳуқуқшунос ва мухолифат етакчиси Алексей Навалний сайловда иштирок этиб, ғалаба қозонса айни пайтда жаҳонда яккаланиб қолган Россияни нурли манзилларга етаклашга қодир шахс сифатида кўрилмоқда. Албатта, барча якдил шундай фикрда деб бўлмайди. Қолаверса, Путиндан кейин Россия тахтига Навалнийга ўхшаган мухолифатчиларнинг келиш эҳтимоли деярли нолга тенг. Чунки, Путин кейинги пайтда, ўзининг вориси ҳақида кўп ўйлаётгани, бу борада чуқур фикрлаётганини бир неча марта ошкор этди. Табиийки, унинг тахт вориси тўғрисидаги ўй-фикрларида Навалнийга ўрин йўқ.

Мухолифат, бор-будидан Кремл туфайли ажраб қолган хориждаги рус тадбиркорлари, қувғиндаги сиёсатчилар эса эртами-кечми Навалнийга ўхшаган демократлар ҳокимият тепасига келади, деган орзудан қайтганлари йўқ. Айниқса, Беларусдаги воқелар бу борадаги уларнинг ишончини мустаҳкамлади. Улар вақти келиб, Путиннинг бошқарувидан чарчаган ва зериккан россияликлар ҳам кўчага чиқишларига, «Кет!» деб Путиннинг истеъфосини талаб қилишлари муқаррар эканига ишонмоқдалар.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img