Бош саҳифаДолзарбБеларус осмонига қўйилган қопқон

Беларус осмонига қўйилган қопқон

Беларус томонидан мамлакат ҳаво кенгликлари бўйлаб Афина-Вилнюс йўналишида ҳаракатланаётган “Ryanair” авиакомпаниясига қарашли йўловчи учоғининг Минск аэропортига қўндирилиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. Экспертларнинг фикрича, лайнер бортида “Nexta” Telegram-каналининг бош муҳаррири Роман Протасевич бўлгани учун шундай чора қўлланилган.

Президент Александр Лукашенконинг айтишича, лайнер борти миналаштирилгани ҳақидаги хабар бир вақтнинг ўзида Афина, Минск ва  Вилнюсга келиб тушган. Беларус диспетчерлари гўё хавфсизлик хизматларидан “Ryanair” бортида бомба борлиги ҳақида хабар олганларидан сўнг, бу ҳақда ҳаво кемаси учувчиларига маълум қилинган ва улар лайнерни Минскка қўндиришга қарор қилганлар. Боинг-737 га ҳамроҳлик қилиш учун Беларус ҲҲКга қарашли МиГ-29 қирувчиси ҳавога кўтарилган.

Собиқ олигарх Михаил Ходорковскийга қарашли «Досье» нотижорат маркази “The Daily Beast” ва “Der Spiegel” нашрлари билан ҳамкорликда  “ҲАМАС вакиллари” томонидан Минск аэропортига юборилган электрон хатнинг нусхасини қўлга киритишга ва уни таҳлил қилишга муваффақ бўлган. Маълум бўлишича, беларус диспетчерлари “Ryanair” учувчиларини лайнер миналаштирилгани ҳақида ушбу хатни олишларидан 27 дақиқа олдин огоҳлантирганлар.

Жумладан, Беларус вақти билан 23 май соат 12:25 да «Литва аэропортлари» администрацияси почтасига FR4978 рейсни бажараётган ҳаво кемаси миналаштирилгани ҳақида хабар келиб тушган. Хат ahmed_yurlanov1988@protonmail.com электрон почтасидан юборилган. Унда: «Биз, ҲАМАС аскарлари, Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишини талаб қиламиз. Бу урушда ЕИ Исроилни қўллаб-қувватлашини тўхтатишни талаб қиламиз. Бизга маълум бўлишича, Дельфий иқтисодий форуми иштирокчилари 23 май куни FR4978 рейс билан уйларига қатмоқда. Бу учоққа бомба жойлаштирилган. Агар бизнинг талабимиз бажарилмаса, бомба 23 май куни Вилнюс яқинида портлатилади. Аллоҳу Акбар».

Соат 12:30 да FR4978 рейси Беларус ҳаво кенгликларига киради. Диспетчер ва пилотнинг сўзлашуви стенограммасидан маълум бўлишича, айни шу вақтда Беларус томони “Ryanair” экипажини бомба хавфи ҳақида огоҳлантирган. 12:33 да диспетчер пилотга бу ҳақдаги хабар бир вақтнинг ўзида бир қанча аэропортларга юборилганини маълум қилган. Бироқ, «Досье» маркази таҳлилига кўра бу пайтда фақатгина «Литва аэропортлари» «террорчилар»дан таҳдидли хат олган. Фуқаро авиациясини бошқариш бўйича Юнонистон бошқармаси  Афина аэропортига бомба хавфи ҳақида хат келиб тушмагани ҳақида баёнот беради.

Соат 12:47 да Боинг-737 йўналишни ўзгартириб, Минск томон йўл олади. Беларус Транспорт вазирлиги авиация бошқармасининг расмий  баёнотида электрон хат қачон олингани маълум қилинмаган. Лекин  «Досье»нинг ойдинлик киритишича, Ahmed Yurlanov почтасидан Минск миллий аэропорти почтаси (info@airport.by)га маҳаллий вақт билан 12:57 да, яъни, ҳаво кемаси миналаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида экипаж огоҳлантирилганидан сўнг қарийб ярим соат ўтгач келиб тушган!

Беларус ҳукуматининг баёнотларида зиддиятли ҳолатлар кўп. ҲАМАС эса воқеага алоқадорлигини расман рад этиб, бунақа усуллардан бормаслигини маълум қилди. Бу вақтда эса Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришиб бўлинганди. Аҳмед Урланов аслида реал шахс эканлиги ҳам шубҳали. Қизиғи, лайнер миналаштирилгани ҳақидаги хат келмасидан туриб бу ҳақда Беларус махсус хизматлари қандай билганликлари саволлар туғдирмоқда. Бундан ташқари, улар айни бир вақтнинг ўзида хат бир қанча аэропортларга юборилганини қаёқдан билишган?

Бундан ташқари, Александр Лукашенко ўз чиқишида хабар Швейцариядан келганини айтди. Афтидан, давлат раҳбари нутқида техник хатога йўл қўйган ёки аслида нима дейишни унутиб қўйган. Маълум бўлишича, хат Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Protonmail” ҳимояланган электрон почта хизматидан юборилган. Бу хизматдан фойдаланилганда юбориган хатнинг манзилини аниқлаш деярли имконсиз. Мисол учун, сиз аслида бирон хатни “Protonmail” орқали Венесуэладан юборсангиз ҳам, жўнатиш манзили сифатида Швейцария кўринади.

Хуллас, FR4978 рейси билан боғлиқ мавҳумликлар кўп. Ғарб давлатлари эса ҳаво кемаси бортида мухолифатчи журналист бўлгани учун ҳам у ҳавфсизлик кучлари томонидан алдов йўли билан мажбуран Минскка қўндирилган деган фикрда. Бунинг ортидан шусиз ҳам тобора яккаланиб бораётган Беларус яна босим ва чекловларга дуч келмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img