Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБашоратлар ўзини оқламади. Лукашенко яна қўлига қурол олди

Башоратлар ўзини оқламади. Лукашенко яна қўлига қурол олди

Сўнгги пайтда Беларусда юз бераётган воқеаларга кўз-қулоқ бўлиб турган таҳлилчиларнинг фикрича, Александр Лукашенко кўп билан август ойининг охиригача президентли курсисини сақлаб қолиши, намойишлар ва босимлар ортидан тахтни тарк этиши керак эди. Аммо ундай бўлмади. Башоратлар ўзини оқламади. Мана, бугун сентябрнинг иккинчи куни. Мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаган бўлсада, давлат жилови ҳамон Лукашенконинг қўлида.

9 августда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижалари сохталаштирилиши ортидан мансабини сақлаб қолгани иддао этилаётган Лукашенко ҳозирда фаолияти давомидаги энг оғир кунларни бошдан ўтказмоқда. У аслида мамлакатда ҳозирда юз бераётган воқеаларга тайёр эканни аввалдан билганини ва буни маълум қилганини айтаётган бўлсада, воқеалар ривожи бундай тус олиб кетишини афтидан, хаёлига ҳам келтирмаган. Батка июл ойининг охирларида қилган чиқишларидан бирида сайлов арафасида ва сайловдан кейин нималар бўлишини ҳали кўрасизлар, деганди. Бунда Лукашенко мухолифат тарафдорлари ва Россиянинг таъсиридаги айрим гуруҳлар томонидан мамлакатда муайян тартибсизликлар содир этилишини назарда тутган.

Сайлов арафасида мамлакат ҳудудида Россиянинг “Вагнер” жангари хусусий ҳарбий тузилмасининг 32 нафар аъзоси қўлга олингани Лукашенкога фикрида собит қолишига далил бўлди. Батка қардош ва иттифоқдош давлат шаънига аччиқ-қуруқ гапларни йўллаш билан бирга мамлакатнинг шарқий чегараларини мустаҳкамлашга киришди. Ҳудудга армиянинг қўшимча кучлари ташланди, Беларус-Россия чегара ўтказиш пунктида назорат кескин кучайтирилди. “Вагнер”чиларнинг қўлга олиниши баҳонасида Лукашенко Россияни иттифоқдош давлат деб ҳисоблашига шубҳа билан қарашини айтишга ҳам улгурди. Москва эса Минск томонидан илгари сурилган барча айбловларни рад этиб, ноқонуний ушланган фуқароларини қайтариб беришни талаб қилди. Лукашенко бу масала Беларус қонунлари доирасида кўриб чиқилиши ва “вагнерчи”ларнинг ҳаракатида қонуний баҳо берилганидан сўнг ҳал этилишини билдирди.

Бироқ… сайловда Александр Лукашенко катта фарқ билан ғалаба қозонгани эълон қилиниши ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетди. Аввалига Батка буни “пиёниста”, “бекорчи”лар кўрсатаётган томоша деб изоҳлади. Лекин вазият қисқа вақтда жиддий тус олиб, пойтахт Минскдан ташқари, Гродно, Витебск, Могилев, Гомел ва Жодино каби йирик шаҳарлардан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб норозилик юришлари бошланиб кетди. Кўчага чиққан аҳоли сайлов натижалари сохталаштирилганидан норози эканини, Беларусда ўзгаришлар бўлишини истаётганликларини, Лукашенко тахтдан кетиши кераклигини билдирмоқдалар. Айрим маълумотларга кўра, Минскдаги намойишлардан бирида 200 мингдан ортиқ одам иштирок этган ва мамлакат тарихида ҳали бу қадар йирик норозилик намойишлари кузатилмаганди. МАЗ, БелАЗ, МТЗ каби йирик саноат корхоналари ишчилари, ижтимоий соҳа вакиллари, кейинчалик талабалар намойишчилар сафига қўшилгани Минск расмийларини шошириб қўйди. Эътиборлиси, 9 августдан буён бир куни ҳам Беларусда намойишларсиз ўтмаяпти.

Тахти қимирлаб қолгани яққол кўриниб қолган Лукашенко бошқача йўл тутди: аҳолига мурожаат қилиб, сизларни Беларусни майдалаб ташлашни истаётган ташқи кучлар қўғирчоқ қилиб ўйнаяпти, уланинг макрига алданманг, мен тахтдан кетсам, мамлакат парчаланади, аёлларингиз поляк панларига чўри, эркакларингиз немис зодогонларига малай бўлади, дейишгача борди. Бундан ташқари, НАТО давлатлари мамлакатни ана босиб олади, мана босиб олади, деб аҳолини чалғитишга ҳаракат қилди. Россияга чегарадош ҳудуд қолиб, энди ғарбий чегараларни мустаҳкамлашга киришди. Бу билан ҳам кифояланмай Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Кремл билан гаплашиб олгач, Россия Беларусни ҳеч кимга бериб қўймайди, деган сўзлари орқали ожизлигини ҳам билдириб қўйди.

Президентлик курсисини ҳар қандай йўл билан сақлаб қолишга интилаётган Лукашенко ўзи истаб-истамай рус қопқонига тушиб қолганини сезмадими? Йўқ, у буни яхши билади. 26 йил давомида давлатни бошқариш жараёнида Москва қандай стратегик шерик ва иттифоқдош давлат экани хусусида унда етарлича тасаввур ҳосил бўлган. Россия ишончсиз шерик эканини бир неча маротаба очиқчасига айтган ҳам. Асосан савдо-иқтисодий масалаларда Москва билан зиддиятга бориб турадиган Лукашенко навбатдаги келишмовчилик ортидан ҳатто керак бўлса, шайтон билан ҳамкорлик қиламан, деб Ғарб билан алоқаларини яхшилашни Россияга писанда қилиб қўйганди. Бироқ, Батканинг ташқи сиёсати баҳор кунларидек беқарор. Бир гал, нимадир сабаб бўлиб Москвадан юз ўгирса, яна бошқа бир сабаб туфайли яна унинг этагига ёпишади. Мамлакатдаги норозилик намойишлари сабаб яна шундай бўлди.

Қайд этиш керак, Лукашенконинг тахтини сақлаб қолиш йўлидаги ҳаракатлари мамлакатга қимматга тушмоқда. Армияга қўшимча маблағ сарфланаётгани, иш ташлашлар, интернет чекловлари, IT ширкатларининг мамлакатдан чиқиб кетиши каби омиллар иқтисодиётга катта зарар етказмоқда. Мамлакатнинг ташқри қарзи эса ҳадемай 18 млрд доллага етиши тахмин қилинмоқда. Бунинг устига хорижий кредитор банклар қарзларни муддатидан илгари қайтаришни талаб қиляпти. Россия томонидан ажратилиши кутилаётган 1 млрд ёрдам пули билан вазият ижобий томонга ўзгариши даргумон.

Шундай бир пайтда Лукашенко ҳукуматга Литва портлари орқали амалга оширладиган экспорт учун бошқа муқобил йўллар топишни буюрди. Унингча, Литва бюджетининг 30 фоизи беларус юкларидан олинадиган бож ҳисобидан шаклланади. Юк йўлларининг ўзгартирилиши эса Литвага санкция қанақа бўлишини кўрсатиб қўяркан. Литва ҳукумати бунга жавобан шуни маълум қилдики, мамлакат иқтисодиёти беларус божларисиз у қадар катта йўқотишга дуч келмайди. Беларуснинг бу тутган йўли унинг ўзига қиммат тушади. Чунки, тайёридан воз кечиб янги логистикани шакллантириш, қисқа йўл турганда узоғидан юриш маҳсулот таннархига, ташиш харажатларига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Бу омиллар эса беларус маҳсулотларининг нақдар рақобатбардошлигини синовдан ўтказиши туган гап.

Айни пайтда, Литва, унинг ортидан Полша ва Эстония Лукашенока ва унинг атрофидаги 28 нафар расмийга нисбатан санкциялар жорий этди. Қатор халқаро ташкилотлар, айрим давлатлар Беларусга нисбатан шундай чора қўллашга тайёргарлик кўраяпти. Буларнинг бари мамлакатнинг аҳволига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши аниқ. Бироқ, Лукашенко буларни писанда этмаяпти. Норозилик намойишларини тўхтатмаётган халқига қарата мен халқ сайлаган президентман, демоқда.

Айниқса, унинг давлат раҳбарига хос бўлмаган тарзда намойишчилар қаршисида қўлида қурол билан кўриниш бергани дунё давлатларини ҳангу манг қилиб қўйди. Куни кеча эса у яна қўлига қурол олиб, оммага кўриниш берди. Бундан кўринадики, Лукашенко мансабини сақлаб қолиш учун қон тўкишдан ҳам қайтмайди…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img