Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонБайрутда портлаш: ким айбдор?

Байрутда портлаш: ким айбдор?

4 август куни Ливан пойтахти Байрутда содир бўлган улкан портлаш жаҳон матбуоти ва оммавий ахборот воситаларининг биринчи саҳифаларидан ўрин олди. Ўрта ер денгизининг шарқий соҳилидаги ярим оролда жойлашган порт шаҳар Яқин Шарқнинг доимий беқарор ўлкаси бўлиб келган. Чунки ўтган йиллар мобайнида Ливаннинг кўплаб сиёсий арбоблари ва сиёсий партиялар етакчилари портлатиш йўли билан йўқ қилинган. Масалан, Жума куни БМТ трибунали Ливаннинг собиқ бош вазири, 2005 йилда теракт оқибатида ўлдирилган Рафиқ Ҳаририй иши бўйича суд ҳукмини эълон қилиб, бу иш бўйича 4 кишига сиртдан ҳукм чиқариши кутилаётганди. 1,5 миллион аҳоли яшайдиган Байрутдаги гигант портлашнинг аниқ сабаблари ҳозирча тўла аниқланмаган бўлсада, Ливан расмий доиралари тасодифий фожиа ҳақида гапирмоқдалар. Айрим ОАВ шоша-пиша айбни билвосита “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига ағдаришга уринган бўлсалар, яна бошқалари Исроил изини қидиришга уринди. Ливан бош вазири Хасан Диаб чоршанба кунини миллий мотам куни деб эълон қилди.

Айбдорларни қидиришга зўр берилаётган бир пайтда фожиа қурбонлари сони соат сайин ошиб бормоқда.100 дан ортиқ кишининг ўлими ва 4 мингдан зиёд инсоннинг тан жароҳат олгани хабар қилинмоқда. Аммо вайронлар остидан кўплаб жасадлар топилаётган ва ярадорлар орасида ўсал ҳолатда ётганлар кўпчилигини ҳисобга олсак, қурбонлар сони ўсишда давом этади. Ливан ҳукуматининг баёнотига кўра, портлаш жойи ортида портлаш хавфи юқори бўлган материаллар сақланган. Вайрона саҳналарини бутун дунё телевидениялари намойиш этдики, бу қайғу ва ачинишни келтириб чиқарди. Қатор мамлакатлар, жумладан, Франция, Эрон, Россия ва Қўшма Штатлар Ливанни қайта тиклашда ўз ёрдамларини таклиф этишди.

Ливан ички хавфсизлик хизмати раҳбари Аббос Иброҳимнинг сўзларига кўра, портлашларнинг кўлами катта бўлгани яқин орадаги омборда шаҳар маъмурлари бир неча йил олдин портга кирган кемадан мусодара қилинган аммиак селитраси ёки нитрат аммоний борлиги билан изоҳлади. Аммиак селитрасини кўпинча бомбалар тайёрлашда ишлатишади.

Нитрат аммоний 1995 йилда 168 кишининг ўлимига олиб келган АҚШнинг Оклахома-Сити шаҳридаги портлашда ишлатилган.

2013 йилда Американинг Техас штатидаги Уэст шаҳрида минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи заводда портлаш юз берди, натижада 14 киши қурбон бўлди, 200 дан зиёд киши тан жароҳати олди.

Нитрат аммоний — бу рангсиз кристалл жисм бўлиб, савдода эркин сотилади. Бу ҳақда АҚШ миллий тиббиёт кутубхонаси ва бинтехнологик ахборот Миллий маркази сайтларида хабар берилади.

Нитрат аммонийнинг кимёвий формуласи — NH4NO3. У сувда осон парчаланади ва нормал шароитда ёнмайди, аммо енгил алангалувчи моддалар қўшилганда тез аланга олади. Кўпчиликка яхши маълум аммиак селитраси ўғит, портловчи моддалар, антибиотиклар, хамиртуруш, гугурт ва фейерверклар ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Аслини олганда, портлашга ким нима демасин, Ливан ҳукумати расмийларининг бепарволиги, лоқайдлиги сабаб бўлди. Бунинг учун четдан айбдорларни қидириш шарт эмас. Мана масалан, 2014 йилнинг 27 июнида Ливан божхона бошқармасининг собиқ раҳбари Шафик Мерхи “шошилинч” муҳри остида амалдорларга портловчи моддани зарарсизлантиришда кўмак сўраб мактуб юборади— буни Твиттерда ҳуқуқ фаоли Вади ал-Асмарнинг чоп этган мактуб нусхасидан билиб олиш мумкин. Шундан кейин Мерхи ёрдам сўраб ҳукуматга яна 5 марта мактуб жўнатган: 2014 йилнинг 5 декабри, 2015 йилнинг 6 майи, 2016 йилнинг 20 майи, 2016 йилнинг 13 октябри ва 2017 йилнинг 27 октябрида, деб хабар беради «Аль-Жазира».

Телеканал маълумотига кўра, улардан бирида шундай дейилади: «Мазкур юкнинг номақбул иқлим шароитида ангарда сақланишининг жиддий хавф туғдиришини инобатга олиб, биз денгиз агентлигига зудлик билан юкни реэскпорт қилишга рухсат бериш ёки уни сотиб юбориш масаласини кўриб чиқиш борасидаги илтимосимизни тасдиқлаймиз, бу порт ва унинг ходимлари хавфсизлигини таъминлаган бўларди». Бу товарларни сақланаётган жойда қолдиришнинг хавфи ва порт ходимларига соладиган хатари ҳақида бошқа хатда, божхона бошқармасининг янги раҳбари Дахер номидан йўлланган номада ҳам келтирилади. Шунга қарамай, 2020 йилнинг январида ўз лавозимини ижро этишга киришган Ливан бош вазири Хасан Диаб вайронагарчиликларга йўлиқмаслик мумкинлигини айтиб, бу ҳалокатга сабабчи бўлган барча айбдорлар жазоланишига ваъда берди.

Яна бир қизиқ ҳолат. Ҳокимият расмий доираларининг баёнотига қарамасдан, ўнг қанотдаги айрим оммавий ахборот воситалари айбни Эрон қўллловидаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига юклашга уринди. Улар “Ҳизбуллоҳ” шаҳарда ўзига тегишли портловчи моддаларни портлатди, қабилидаги хабарларини такорлади. Мазкур ташкилот ўз баёнотида фожиага алоқдорлигини рад этмади ҳам, тасдиқламади ҳам. Аксинча, Ливан халқига ҳамдардлик билдирди.
Сўнгги ҳафталарда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати билан бир неча марта тўқнашувга борган, авваллари Байрутда унинг позицияларини ўққа тутган Исроил ҳам портлашга алоқадорлигини рад этди. Америка президенти Доналд Трамп подадан олдин чанг кўтаришга уриниб кўрди. Трамп Ливан ҳукмрон доираларининг расмий баёнотидан айро кетиб, бу атайдан уюштирилган ҳужум экани хусусидаги миш-мишларни тасдиқлади. У мухбирларга Америка ҳарбий қўмондонларининг бу ҳужум бўлгани борасидаги фикрларини айтди.

Бу бахтсиз ҳодиса шундоқ ҳам covid-19 пандемияси туфайли улкан юк билан ишлаётган Ливан соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий синов бўлди. Ўтган ҳафта Ливан ҳукумати коронавирус пандемияси хавотирли тарзда яна кенг тарқалаётгани важидан ўзини яккалаш режимини такроран жорий этган эди. Беморлар сонининг ошишиб кетиши ва Ливан соғлиқни сақлаш тизимига оғирлик тушиши унинг сешанба куни юзага келган фавқулодда вазиятга тайёр эмаслигига олиб келди. Қизил Хоч вакили пойтахт тиббий муассасалари тўлиб кетгани сабабли ярадорларни мамлакатнинг минтақаларидаги бошқа касалхоналарига келтиришга мажбур бўлинганини тасдиқлади. Вазиятнинг мураккаблашувига шаҳарнинг айрим касалхоналари, шу жумладан энг йириклари портлаш ортидан вайрон бўлгани ҳам сабаб бўлди.

Сешанба ҳодисалари сўнгги ойларда Ливан тўқнашаётган инқирозлар навбатидаги янги воқеа бўлди. Гап шундаки, ўтган йилнинг ноябридан мамлакатда нарх-навонинг ўсиши, ҳокимият тизимининг барча бўғинларига кириб борган коррупцияга қарши аксилҳукумат намойишлари ўтказилган эди. Натижада бош вазир Саад Харири ва давлатнинг бутун бошли ҳукмрон аппарати парчаланиш хавфи остида қолди. Коронавирус чекловлари жорий этилганига қарамай, намойишлар ҳамон давом этмоқда, ҳукумат боши берк кўчага кириб қолган. Ливан шунингдек, иқтисодий ҳалокат остонасига келиб қолган. Ливан лираси курси кескин тушиб кетди ва ўтган йилнинг сентябридан эътиборан ўз қийматини 85-90 фоизга бой берди. Бу аксилҳукумат норозиликларини келтириб чиқарган оммавий норозиликка олиб келди. Молиявий инқироз мамлакат иқтисодиётига кучли зарба берди. Инфляция кўрсаткичлари, ишсизлик ва қашшоқлик осмонга ўралади.

Душанба куни Ливан ташқи ишлар вазири Насиф Хитти чуқурлашиб бораётган молиявий инқироз ва ҳукуматнинг бўҳрондан чиқиш йўлини кўролмаётгани важидан истеъфо беришга мажбур бўлди. Кўчаларда тинч намойишлар бўлиб турибди, унинг иштирокчилари ҳукуматни халқнинг аҳволини ўйламасликда, ислоҳотлар ўтказмасликда, фақат бойлик орттириш билан банд бўлишда айблайди. Ливанда вақти вақти билан электр ўчиб қолади, ичимлик суви етишмайди, тиббий хизматлар кўрсатиш соҳаси оғир аҳволда. Бундан ташқари, сўнгги вақтларда Ливаннинг Исроил билан чегарасида ҳам вазият кескинлашган. Ўтган ҳафтада Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг чегарани кесиб ўтишга уринишининг олди олингани ҳақида хабар берди. Портлаш рўй бериши ортидан ижтимоий тармоқларда бу ҳодисада «Исроилнинг қўли борлиги» ҳақида ёза бошлашди, Исроил ҳукумати ҳам, Ливан ҳукумати ҳам бу тахминларни расман рад этди.

Портлаш озиқ-овқат инқирозини юзага келтириши мумкин – Ливан зарур маҳсулотларнинг аксар қисмини импорт қилади, буғдой захирасининг катта қисми портдаги омборхоналарда сақланган. Ливан иқтисодиёт вазири портдаги омборхоналарда қолган буғдой истеъмол учун яроқсиз ҳолга келганини маълум қилган, шунингдек, вазирликнинг омборхоналардаги ходимлари портлаш вақтида ҳалок бўлган. Ҳодисадан кейин кўп сонли гувоҳлар ижтимоий тармоқда портлаш видеоларини тарқата бошлади, кадрларда порт ҳудудида аввалига қуюқ тутун устуни ҳосил бўлгани, кейин кучли портлаш рўй бериб, ҳавода қўзиқорин шаклидаги булутлар кўтарилганини кўриш мумкин.

Портлаш тўлқини кўплаб биноларга жиддий шикаст етказди, порт атрофидаги бир неча километрлик ҳудудда жойлашган бинолар вайрон бўлди, автомобиллар ҳар томонга улоқиб кетган. Воқеа жойида бўлиб турган BBC мухбири Байрут порти жиддий шикастлангани, яқин орада унинг фаолияти тикланмаслиги ҳақида хабар берган. Бу амалда барча зарур маҳсулотларни импорт қилувчи мамлакат учун жиддий зарба бўлади. Портлаш шу қадар кучли бўлганки, унинг овози Ўрта ер денгизида жойлашган, Байрутдан 240 километр узоқликда жойлашган Кипрда ҳам эшитилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги портлаш тўлқини оқибатида ушбу мамлакатдаги элчихонаси шикастлангани ва консул енгил жароҳат олганини маълум қилган. Шунингдек, ТАСС агентлиги хабарига кўра, портлаш Россиянинг Байрутдаги элчихонасига ҳам таъсир кўрсатган, бир ходим жароҳат олган. БМТ портлаш оқибатида ташкилотнинг Ливандаги тинчликпарвар миссияларини бажарувчи ҳарбий кемаси шикастлангани, бир неча ҳарбий хизматчи жароҳат олгани ҳақида маълум қилган. Жароҳатланганлар орасида Германия элчихонаси ходимлари ҳам бор.

Ливандаги LBC International телеканали ўз манбасига асосланган ҳолда, мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилиши вақтида президент Аун ҳодиса сабаби бўйича эълон қилган версияни келтирган. Унга кўра, портда пайвандлаш ишлари олиб борилаётган вақтда пиротехника воситалари алангаланган, шундан сўнг олов нитрат аммонийга етиб борган. ТАСС агентлиги ўз манбасига асосланиб хабар беришича, портлаган селитра Байрутга Африкага хавфли портловчи юклар ташиган Молдованинг Rhosus кемасида келиб қолган, кема 2014 йилда Ливан ҳукумати томонидан юк ташиш қоидалари бузилиши туфайли тўхтатилган. Кема экипажи украинлар бўлган, аммо 2014 йил мартида «Интерфакс» агентлиги Ливанда Молдованинг Rhosus номли юк кемаси қўлга олингани, унда нитрат аммоний ташилгани, бортда эса россиялик денгизчилар бўлгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда улар портда озиқ-овқатсиз қолиб кетганидан шикоят қилишганди Росус» ўша вақтда хабаровсклик тадбиркор Игорь Гречушкинга тегишли бўлган.

Ҳодисага оид видеокадрлар ва фотосуратлар – бу нафақат Байрутдаги энг йирик портлашни, балки шусиз ҳам иқтисодий коллапс ёқасида турган Ливанда вазият оғирлашишини ифодалайди. Портлаш рўй беришидан бир неча соат аввал Ливан энергетика вазирлиги биноси ёнида намойишчилар полициячилар билан тўқнашганди, намойишчилар яна бир марта иқтисодий инқироз учун раҳбарлардан изоҳ талаб қилишганди. Экспертлар мамлакатда очлик юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантиришган – иқтисодий вазият ёмонлашишда давом этса, мамлакат ҳудудида мазҳаблараро зиддият янгиланиши мумкин. Қолаверса, бу портлаш кўпчиликнинг ёдига Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилишини ёдга солди. Ливанликлар ҳозирги портлаш шунчаки тасодифий фожиа экани, аввалдан режалаштирилган акт эмаслигига умид қилишмоқда.

Ливан 1975-1990 йиллардаги фуқаролар урушидан кейин давлатни кўп конфессия ва динлар вакиллари бошқарадиган мамлакатга айланди. Амалдаги қонунга кўра, Президент насронийлардан, бош вазир сунний мусулмонлардан, парламент спикери шиалардан сайланиши керак. Агар ҳозирги молиявий ва иқтисодий танглик чоғида бўҳрондан чиқиш йўли топилмас экан, Яқин Шарқнинг “Швейцарияси” да яна конфессиялараро тўқнашувлар пайдо бўлиши ва бу бутун минтақани аланга ичида қолдириши мумкин.
Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img