Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАросатда қолган "давлат"

Аросатда қолган “давлат”

44 кунлик урушни шармандали мағлубият билан якунлаган Арманистон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳозирда энг қийин кунларни бошдан кечирмоқда. Арманистондаги сиёсий, иқтисодий инқирознинг янги тўлқини энди Тоғли Қорабоғга ҳам кўчмоқда. Янги йилнинг илк кунида ушбу “давлат”нинг президент Араик Арутюнян истеъфога чиқиш ниятида эмас экани матбуот котиби Ваграм Погосян томонидан маълум қилингач, унинг бошқарувига қарши бўлган гуруҳларнинг ғазаби янада ортди.

Мухолифат партиялар, арман диаспораси томонидан урушдаги мағлубиятнинг асосий айбдори деб кўрилаётган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам истеъфо ҳақидаги талабларни узил-кесил рад қилмоқда. “Янги йилни Пашинясиз кутиб оламиз” шиори остидаги талаблар, намойишлар, иш ташлашлардан фойда бўлмади. Пашинян мухолифат, арман диаспораси вакиллари билан бўлган учрашувларда уларнинг истъефога чиқиш ҳақидаги таклифларини қабул қилмади. Мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишини, ундан кейин истеъфо масаласи кўриб чиқилишини билдирди. Бошида бунга кўнмаган мухолифат вакиллари, Пашиняннинг таклифига розилик билдириб, у истеъфога чиқиб, бошқа шахс Бош вазир вазифасини вақтинча бажариб турсагина сайловлар ўтказилишини маълум қилдилар. Табиийки, Пашинян бу таклфини ҳам қабул қилмади.

Айни пайтда Бош вазир Никол Пашинянга нисбатан давлатга хиёнат қилганлик ҳолати бўйича янги айблов илгари сурилмоқда. Гап шундаки, ўтган ойнинг ўрталарида у Сюник вилоятига сафари арафасида вилоят губернатори халққа мурожаат қилиб, Бош вазирни вилоят ҳудудига киритмасликка даъват қилганди. Бунга вилоятнинг Шурнух қишлоғи Озарбайжонга берилармиш, деган гап-сўзлар сабаб бўлганди. Шу гапи учун вилоят губернаторини ишдан олган Пашинян, сафар арафасида ҳам, Сюникка келиб, аҳоли билан учрашуви чоғида ҳам вилоятнинг бир миллиметр ери Озарбайжонга берилмаслигини бот-бот такрорлади. Бугунга келиб маълум бўлдики, янги белгиланадиган Озарбайжон-Арманистон чегараси Шурнух қишлоғининг деярли қоқ ярмидан ўтади. Озарбайжонликлар арман ҳукуматига Боку ихтиёрига ўтадиган ҳудуддан аҳоли 5 январгача чиқиб кетиши кераклиги ҳақида талаб қўйди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Шурнух қишлоғидаги 12 та ҳовли, уларга туташ ҳудудлар, катта миқдордаги яйлов ва боғзорлар Бокуга берилиши керак. Қишлоқ аҳолиси бунга кескин норозилик билдириб, ҳукуматдан бирон чора кўришни сўраётган бир пайтда, ҳукуматдан бундан хабардор эди, 10 кун аввал бу ҳақда огоҳлантирилган, деган гап-сўзларнинг пайдо бўлиши оловга мой сепгандай бўлди. Мухолифат, Никол Пашиняни ёлғончиликда, яна халққа хиёнат қилганликда айбламоқда.

Арманистондаги иқтисодий аҳвол ҳам ҳавас қиладиган эмас. Шусиз ҳам ночор бўлган иқтисодиёт уруш сарф-харажатлари туфайли янада ғариблашди. Ереван ўзидан ортиб, Хонкендига кўмак беришнинг иложини қилолмаяпти. Анқарани Озарбайжонга урушда ёрдам берганликда айблаб, Туркиядан импорт қилинадиган маҳсулотларга жорий йилнинг 1 январидан бошлаб олти ой муддатга эмбарго қўйилгани, ҳозирдан кўплаб маҳсулотлар тақчиллиги хавфини пайдо қилди. Ҳукумат айни пайтда ички бозорни қайси давлатнинг моли билан тўлдириш устида бош қотиряпти. Иқтисодиёт вазири Ваан Керобяннинг айтишича, Туркиядан импорт қилинадиган ҳар йилги 200 млн. долларлик маҳсулотлар ўрнини тўлдиришнинг ўзи бўлмайди. Унга кўра, Анқара ҳар йили 69,4 млн. долларлик кийим-кечак, 10,3 млн. долларлик цитрус мевалар, 35,2 млн. долларлик автомобиллар, ускуна ва техникалар (электр иситгичлар, совутгичлар в.ҳ.)24,3 млн. долларлик нефт ва нефт маҳулотлари, 23,6 млн. долларлик кимё саноати маҳсулотлари, 21,6 млн. долларлик заргарлик буюмлари экспорт қилган. Энди уларнинг ўрнига Ереван мақбул танловни аниқлаб, бозорини очиши шарт.

Тан олинмаган ТҚРнинг бюджети эса бўшаб қолган. Аҳвол шу даражага етиб келдики, парламент спикери Артур Товмасян собиқ президентларга мурожаат қилиб, уларга тўланган пулларни қайтаришни сўради.
«Мен жаноб Кочарянга, жаноб Гукасянга ва жаноб Саакянга мурожаат қиламан – пулларни қайтаринг. Собиқ президентларга 20 млн. долларни нафақа сифатида тўлашнинг имкони йўқ», – деди у бу ҳақда. 2021 йил бюджетида эса собиқ президентларга тўловни амалга ошириш кўзда тутилмади.

Айни пайтда ТҚРнинг мутлақ бошқаруви Хавфсизлик кенгашининг янги котиби, Пашиняннинг ашаддий танқидчиси Виталий Баласаняннинг қўлига ўтган. Президент Араик Арутюнян деярли бирон масалани ҳал қилолмайди. Экспертларга кўра, генерал Баласанян ТҚРни ўзи раҳбарлигидаги ҳарбий комендатурага айлантиради. Бу фикрга Хавфсизлик кенгаши котибининг қуйидаги тартибларни жорий этаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Хусусан, Виталий Баласанян кенгашнинг биринчи йиғилишидаёқ ТҚРнинг барча раҳбарлари, жумладан, Президентнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида саҳифаси бўлмаслиги ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра, барча ахборотлар матбуот хизмати томонидан тарқатилиши (текширилган ҳолда) лозим. Иш вақтида “Facebook”ка кирган давлат хизматчилари ишдан ҳайдалади.

ТҚР фуқаролари устидан назорат кучайтирилади. 1 январдан бошлаб полиция алкогол ичган ёки гиёҳвандлик моддаларини қабул қилган барчани, жумладан, россиялик тинчликпарварларни қаттиқ жазолайди. РФ ҳарбий хизматчилари генерал Мурадовнинг ёрдами билан жазоланади.

Ашадий миллатчи Баласанян ТҚРда фаолият кўрсатаётган диний сектантларга мурожаат қилиб, идораларини ёпиб, чиқиб кетишни талаб қилди. “Бу ерда фақат арман апостол ибодатхонаси бўлиши керак”, – деди у бу ҳақда.

ТҚР Мудофаа армияси тўлиғича Хавфсизлик кенгашига, яъни Виталий Баласанянга бўйсундирилди.

Учига чиққан шовинист Виталий Баласанян томонидан билдирилган куракда турмас бошқа айрим фикрлар нафақат Арманистондаги соғлом фикрловчи сиёсатчилар ва жамоатчилик, бошқа давлатларда ҳам хавотир уйғотмоқда. Айниқса, унинг Арманистон ва Россия раҳбарияти билан биргаликда 44 кунлик урушда бой берилган ҳудудларни қайтариб оламиз, армияни янги қуроллар билан янги урушга тайёрлаймиз, ТҚР фуқароларига Россия паспорти берилишини таъминлаймиз, деган ташаббуслари жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Айрим таҳлилчилар, ҳатто арман диаспораси ҳам Виталий Баласанянинг режалари пуч эканини, юридик жиҳатдан давлат мақомига эга бўлмаган ТҚРнинг келажаги нурсиз эканини таъкидламоқдалар. Уларнинг фикрича, ТҚР ҳеч қачон мустақил давлат мақомига эга бўлолмайди. Хавсизлик кенгаши котибининг юқоридаги каби баёнотлари, самарасиз саъй-ҳаракатлари минтақадаги вазият янада кескинлашишга, халқлар ўртасидаги адоватлар чуқурлашишига олиб келиши мумкин экан.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img