Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАрманлар эмас, турклар геноцид қурбони

Арманлар эмас, турклар геноцид қурбони

Ҳар йилнинг 24-апрелини Арманистон халқи ва дунё арманлари “Геноцид қурбонларини хотирлаш куни сифатида” ўтказади. Улар Биринчи жаҳон уруши йилларида Усмонийлар давлати ҳудудида арманлар оммавий равишда қириб юборилганини айтади. Қурбонлар сони бўйича фикрлар якдил эмас: баъзи манбаларда 600 мингдан зиёд арман ўлдирилгани, бошқаларида эса қурбонлар сони 1 миллиондан ошиши, ҳатто 1,5 миллионга етиши қайд этилган.

Мен бу туҳматларга қўшилмайман. Мен 2016 йил декабри ўрталарида Туркиянинг Арманистон билан чегарасига яқин Иғдир шаҳрида бўлганман. Мен билан таниқли журналист, олим десам ҳам бўлади, Рустам Жабборов ҳам борган эди. Зайнаб хоним исмли қиз бизни 1915-1918 йиллардаги арманлар қирғинига учраган турклар хотирасига бағишлаб тикланган ёдгорлик ва музей зиёратига олиб борди. Шаҳарнинг шимоли-шарқий қисмидаги баланд тепалик устида 1999 йилда учлари бир-бирига туташган бешта қилич шаклидаги ёдгорлик бунёд этилган. Мазкур обида айнан босқинчилар томонидан ўлдирилган бегуноҳ инсонлар хотирасига атаб қурилган. Айтишларича, бу обида 40 чақирим нарида жойлашган Еревандан ҳам яққол кўриниб тураркан. Обида ёнидаги кичик музейда асосан мазкур қирғин оқибатлари акс этган фотосуратлар ўрин олган. Арманлар Туркия ҳудудида яшаб айни халқ бошига кулфатлар солган. Яъни, қирғинни улар бошлашган. Буни музейдаги фотосуратлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Бу ердаги Туркия тарихчилари билан учрашганимизда бир миллиондан зиёд арманнинг қирғин этилиши фактини бўҳтон деб аташди. Чунки ўша вақтда Туркия ҳудудида яшаган арманлар сони 600 мингдан ошмаган. 

Туркия ХХ аср бошида арманлар чиндан ҳам оммавий равишда ҳалок бўлганини тан олади, бироқ геноцид ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этиб, масала ҳаддан зиёд сиёсийлаштирилганини айтиб келади. 22-апрел куни Туркия президенти ҳузуридаги Олий маслаҳат кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаган мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдоған геноцид ҳақидаги айбловни туҳмат деб атади. “Туркия “арманлар геноциди” ҳақидаги ёлғон айбловларга қарши курашишни ва ҳақиқатни, хусусан, бу туҳматни ўз сиёсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлаётганлардан ҳимоя қилишни давом эттиради”.

Хуллас, бу масала сиёсийлаштирилган. Дунёда шундай тасаввур бор: гўё тарихчилар барча тадқиқотларни тугатган, геноцид бўлгани исботланган. Бу аслида Арманистон тарғиботининг маҳсули. Дунёда 30 га яқин мамлакат парламенти арманларнинг оммавий ўлимини геноцид деб тан олган. АҚШ президенти Жо Байден ҳам буни тан олди. Уларнинг мақсади – шу масала орқали Туркияга сиёсий босим ўтказиш. Ахир геноцид бу халқаро жиноят, парламентлардаги тарихдан бехабар депутатлар томонидан эмас, балки судда исботланиши керак. Геноцид билан боғлиқ ишларни Гаагадаги Халқаро жиноят суди кўриб чиқади. Арманистон ҳалигача бу судга мурожаат қилмаган. Мурожаат қилган тақдирда айбловларини исботлай олмайди.

ХХ аср бошида аслида арманларнинг оммавий ўлими геноцид билан эмас, балки уларни бошқа ҳудудга кўчириш билан боғлиқ. Биринчи жаҳон уруши даврида, 1915-йилда Усмонийлар давлати ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан арман аҳолини бошқа жойга кўчиришга қарор қилади. Ўша пайтда усмонийлар 4-5 та фронтда жанг олиб бораётган, жумладан, Кавказда ва шарқий Сариқамиш фронтида Россияга қарши урушда эди. Баъзи арманлар, айниқса, жанговарлари, гинчаклар ва дашноқлар рус армияси сафига бориб қўшилди. Россия армияси сафида арманлардан иборат кўнгиллилар бўлинмалари ташкил этилди. Улар руслар билан бирга Усмонийларга қарши жангга киришди. Ҳатто ўз вақтида Усмонийлар давлати парламентининг депутати бўлган Карекин Пастермажиян ҳам русларга бориб қўшилган. Усмонийлар давлати шарқий чегараларда хавфизликни таъминлаши зарур эди, шунинг учун Эрзурум, Ван, Битлис, Муш сингари фронтга яқин ҳудудларда яшайдиган арманлар Сурияга, Ливан чегараларигача кўчирилди, ўша пайтда у жойлар Усмонийлар давлати ҳудудига кирган. Усмонийлар давлати бир неча фронтда жанг қилиш билан бир қаторда Шарқий Анадолудаги арманлар исёнларини ҳам бостиришига тўғри келди. Арманларни кўчириш асносида очарчилик, сувсизлик, қароқчилар ва буйруққа қулоқ солмаган айрим қўмондонларнинг ҳужумлари сингари сабаблар билан минглаб киши ҳалок бўлган. Фақат Шарқий Анадолудаги ҳудудларидаги душман билан ҳамкорлик қилиши эҳтимоли бўлган арманлар яшайдиган жойлардагилар кўчирилган. Бошқа ҳудудлардаги, масалан, Истанбул ёки Измирдаги арманларга тегилмаган. Агар усмонийларнинг арманларни геноцид қилиш нияти бўлганида, уларни кўчириб ўтирмасди. Шартта яшаб турган жойида ўлдириб юбораверардида. Давлат геноцид ҳақида ҳеч қандай қарор қабул қилмаган, бу борада ҳеч қандай маълумот ҳам йўқ.

1914-йилдаги статистика маълумотига кўра, Анадолуда жами 1 миллион 350 минг арман яшаган. Бу арманларнинг 300-350 минги умуман кўчирилмаган. Ҳалабдаги Америка консули Жексоннинг 1916-йилги ҳисоботи бор. Унда 460 минг арман Сурияга келгани айтилган. Қолаверса, Россия архивларида 300-350 минг арман Россияга бориб жойлашгани қайд этилган. Бу рақамларни нега келтиряпмиз? Чунки Кўчиш пайтида 1,5-2 миллион арманнинг ўлган бўлиши мумкин эмас. Баъзи маълумотларга кўра, 40-50 минг арман ўлган, рус архивларига кўра тахминан 150 минг. Бундан ташқари, исёнларда, Россия армияси сафида Усмонийларга қарши курашда ўлган арманлар ҳам бор.

Арманлар туркларнинг ортидан пичоқ санчган. Гап шундаки, Шарқий Анадолуга руслар бостириб киргандан кейин арманлар туркларга ҳужум қила бошлаган. Усмонийлар давлати кучли бўлган даврларда арманлар “содиқ фуқаролар” деб аталган. Давлат кучсизланиб, Россия ҳужум қила бошлагач, улар руслар сафига ўтишга киришган. Русларнинг қутқусига учишди. Руслар Анадолудан чиқиб кетаётганда қуролларини арманларга ташлаб кетган. Арманлар эса қуролларни туркларга қарши ҳужумларда ишлатди, бу тарихий факт. Ёқиб юборилган, отлар тагида мажақланган турклар, аёллар ва болалар жасадлари акс этган фотолавҳаларни Иғдирдаги музейда учратишингиз мумкин. Демак, арманлар эмас, турклар геноцидга учраган. 

АҚШ Президенти Жо Байден эса ҳали ҳокимиятга келмасидан олдиноқ “арманлар геноциди”ни расман тан олишга ваъда берган эди. “Мен президент этиб сайланадиган бўлсам, арманлар геноциди ҳақидаги резолюциянинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлашга ваъда бераман”, – дея ёзган эди у бир йил муқаддам Твиттердаги саҳифасида. Худди шундай ваъдани ўз вақтида Барак Обама ҳам берган, бироқ саккиз йиллик президентлик даврида бу ваъдани бажармаган эди. Чунки НАТОдаги муҳим иттифоқчисидан айрилиб қолишдан чўчиган.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img