Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАрманистон банкрот бўлиши арафасида

Арманистон банкрот бўлиши арафасида

Уруш харажатлари учун пул топиш Арманистоннинг амалдаги ҳукумати учун ҳақиқий бош оғриққа айланди. 28 йил илгари босиб олган Тоғли Қорабоғ ва унга туташ еттита туманни қўлдан чиқармасликка бўлаётган уринишлар Ереван учун жуда қимматга тушмоқда. Гарчи Арманистон Бош вазири Никол Пашинян армия етарли даражада таъминланган ва уруш олиб бориш учун барча имконияларга эга деб баёнот бераётган бўлса-да, арман қўшинларининг тинкаси кун сайин қуриб боряпти.

Аввалига арман армияси жиддий талофатлар кўраётгани, аҳоли пунктлари бирин-кетин Озарбайжон Қуролли Кучлари ихтиёрига ўтаётганини инкор қилиб келган бўлса, охир-оқибат ҳақиқий воқеликни тан олишга мажбур бўлди. Озарбайжон армияси томонидан эълон қилинган юқори тиниқликдаги суратларда арманларга қараши қимматбаҳо ҳарбий техникалар, жонли кучлар, истеҳкомлар яксон этилаётганини кўриш мумкин.

Қайд этилишича, Арманистон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ армиясига қарашли 250 дан ортиқ танк (улардан 44 таси Озарбайжон томонидан ўлжа қилиб олинган), 50 та пиёдалар зирҳли машинаси, бир неча юз артиллерия қуроллари, 50 дан ортиқ реактив ялпи ўт очиш тизимлари, 6 та С-300ПС, ўнлаб «ОСА-АКМ», «Куб» русумли ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари, юзлаб юк машиналари яксон этилган. Президент Илҳом Алиевнинг айтишича, 27 сентябрдан буён душманнинг 2 млрд доллардан ортиқ турувчи ҳарбий техникалари йўқ қилинган. Бир ойдан ортиқ вақт мобайнида қанча арман аскарлари ҳалок бўлгани хусусида эса аниқ маълумотлар йўқ — қурбонлар сони камайтириб айтилмоқда.

Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан берилаётган қақшатқич зарбалар натижасида арманлар кўраётган талофатлар ва мағлубиятлар Ереванни янги турдаги қурол-аслаҳалар сотиб олиш йўлларини қидиришга мажбур этяпти. Қурол сотиб олиш учун эса ғазнада пул йўқ. Шу пайтга қадар ҳам Арманистон ҳарбий-техникани айрим давлатлардан текинга олиб келган.

Армия учун маблағ пул ва ҳаводек зарур бўлиб турган ҳозирги вақтда ғазнани тўлдириш имконияти ҳам деярли йўқ. Боз устига даромад солиғи тушуми 41,4 фоизга тушиб кетди. Бундан ташқари, хорижий пул оқими миқдори ўтган 7 ой давомида 15,3 фоизга қисқарган. Шундай бир аҳволда мамлакат мудофаа соҳаси учун 2020 йилда 634 млн доллар ажратилган Арманистон давлат бюджети 4 млрд долларга тенг).

Маълумотларга кўра, жорий йил охирига бориб, Арманистонда бюджет тақчиллиги 670 млн долларга етади. Бу мамлакат ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришининг 5 фоизи деганидир. Мамлакатнинг давлат қарзи эса июл ойида 8 млрд долларга етгани маълум қилинган эди.

Мамлакат иқтисодиётига хорижий сармоялар киритилиши ҳажмининг кескин тушиб кетгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Ҳокимият тепасига Никол Пашинян келганидан сўнг чет эллик инвесторлар Арманистондан қўлни ювиб қўлтиққа уришган.

Хуллас, Арманистоннинг ҳозирги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Ташқаридан қарз олиш имконияти ҳам деярли нолга тенг. Ҳукумат Халқаро валюта жамғармасидан ундиришга муваффақ бўлган 300 миллион долларлик қарзнинг 70 фоизини олиб бўлган. Янги кредит линияларини топиш эса амри-маҳол.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img