Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАраб дунёси Исроилга талпинмоқда

Араб дунёси Исроилга талпинмоқда

Ташкил топганидан буён Исроил давлати етакчилари мамлакатнинг «муроса қилиш мушкул қўшнилар» билан ўраб олинганини таъкидлаб келадилар, аммо яқиндан бери Араб дунёсининг баъзи қисмлари Исроилга нисбатан дўстона муносабат билдиришга ўтгани кўзга ташлана бошлади. Масалан, 13 август куни Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари муносабатларни барқарорлаштиришга келишиб олганликларини эълон қилди.

Президент Дональд Трамп, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси, БАА бош қўмондони ўринбосари, шайх Муҳаммад бин Зайд телефон орқали суҳбатлашиб, Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши ҳақида келишиб олишди. Шунингдек, томонлар Исроил-Фаластин зиддиятини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаш бўйича ҳам келишувга эришган. «Томонлар Исроил-Фаластин зиддиятини ҳал қилиш учун адолатли, тўлақонли ва мустаҳкам ечимни топиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттиришади», – дейилади баёнотда.

Бу 1994 йилдан бери Исроил билан араб давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши бўйича биринчи ҳолат – ўшанда Иордания алоқаларни йўлга қўйган эди. «Бугун катта иш рўй берди! Икки буюк дўстимиз, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида тарихий тинчлик шартномаси!» – деб ёзди президент Трамп Twitter’да. Ҳужжатга кўра, яқин кунларда икки мамлакат делегациялари хавфсизлик ва иқтисодиётдан тортиб туризмгача бўлган турли соҳаларда икки томонлама битимларни имзолаш учун учрашадилар.

Таъкидланишича, уч мамлакат минтақадаги хавфсизликка таҳдид борасида бир хил фикрда. Қўшма ҳужжат Биньямин Нетаньяху ва Муҳаммад бин Зайд томонидан президент Трампга «минтақада тинчлик» тарафдори бўлгани ҳамда ушбу мақсадга эришишда «прагматик ва ўзига хос» ёндашув учун миннатдорчилик изҳорлари билан якунланади. Исроил президенти Реувен Ривлин валиаҳд шаҳзодани Ал-Қудсга ташриф буюришга таклиф қилди. Энди яқин орада ҳар иккала мамлакат инвестиция, туризм, авиақатновларни йўлга қўйиш, хавфсизлик, телекоммуникация, технологиялар, энергетика, соғлиқни сақлаш, маданият, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича бир қатор келишувларни имзолашади. Бундан ташқари, ҳар иккала мамлакатда элчихоналар очилади. Қайд қилиш жоизки, БАА шу пайтгача Исроил давлатини тан олмасдан келаётган эди. Шу туфайли, ҳар иккала мамлакат ўртасида дипломатик ва иқтисодий муносабатлар бўлмаган. Мана энди яқин орада Вашингтонда Трамп иштирокида Исроил ва БАА ўртасида тарихий тинчлик битими имзоланади. Бу битим Доналд Трампга катта очко келтириб, унинг президентлик сайловолди кампаниясидаги рейтингини кўтаришга ёрдам беради. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт О Брайен Исроил ва араб давлатларидаги муносабатлар бундан кейин ҳам илиқлашувини айтиб, бунинг учун Доналд Трамп Нобель тинчлик мукофотига илгари сурилиши кераклигини баён қилди. БАА Исроил билан Миср ва Иорданиядан кейин дипломатик муносабат ўрнатган учинчи араб давлати бўлди.

Аслида араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши 2018 йилдан бошланди.Ўша йилнинг ноябрида Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва унинг рафиқаси Уммонга ташриф буюриб, мамлакат султони билан учрашди. Саккиз соат давом этган бундай даражадаги ташриф Яқин Шарқда сўнгги 20 йил ичида кузатилмаган эди. Ортган қайтган Нетаняҳу ўз вазирларига икки ўртада «жуда муҳим музокаралар» бўлиб ўтганини маълум қилди ва бундай ташрифларни кўпайтиришга ваъда берди. Нетаняҳу бошқа вазирларга сафар таассуротларини сўзлаётган бир пайтда Исроил спорт ва маданият вазири Мири Регев Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган дзюдо бўйича халқаро мусобақанинг азиз меҳмони бўлиб турган эди. Исроиллик спортчи олтин медални қўлга киритиб, Араб яриморолида тасаввур қилиб бўлмас ҳолат – Исроил мадҳияси янграганда эса вазир хоним кўз ёшларини тийиб тура олмаганди.

Орадан бироз ўтиб, яна бир Исроил расмийси Дубайда ташкилланган маросимда «тинчлик ва хавфсизлик масалалари» бўйича нутқ сўзлади. Исроил транспорт вазири эса Уммон пойтахти Мускат шаҳрида Исроил ва Араб давлатларини темирйўл тизими билан боғлашни таклиф қилди. Буларнинг бари Исроил ва Уммон ёки Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида ўша кезларда расмий дипломатик алоқалар ўрнатилмаганига қарамай, бўлиб ўтди.

Араб дунёсининг бошқа давлатлари каби Уммон ва БАА Исроил ташкил топгандан бери у билан алоқа қилмасликка интилиб келар эди. «Сўнгги йилларда амалга оширилган ташрифлар ўртадаги улкан музликни эрита бошлагани билан ҳам ўта аҳамиятли. Форс кўрфазидаги араблар ва Исроил йиллар давомида бир-бирини яхши билган, баъзида учрашиб ҳам турганлар, аммо ҳеч ким бунданда илдамроқ қадам ташлашга журъат қила олмаган эди. Энди ҳаммаси ўзгармоқда. Форс кўрфази бўйида жойлашган араблар ва Исроилни бир-бирига яқинлаштираётган асосий омил – бу Эрон. Исроил ҳам Уммон ва БАА каби Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб таъсири кучайишидан ва бунинг ортидан минтақада сиёсий беқарорлик бошланиши эҳтимолидан чўчийди. Расмий Теҳрон Сурия ва Ироқдаги инқирозларга бевосита таъсир ўтказиб келади, Ямандаги исёнчилар ва Ливандаги Хизбуллоҳ ҳамда Фаластин Исломий Жиҳоди каби қуролли гуруҳларни дастаклайди. Эронни тийиб туришни истайдиган яна бир давлат – АҚШ ҳам ўзининг араб иттифоқдошлари ва Исроил ўртасидаги алоқалар илиқлашишидан манфаатдор.

Бироқ фаластинликлар Исроил ва араб давлатлари ўртасида шаклланаётган илиқ алоқалардан ташвишда. Ўз навбатида Араб дунёси ва Исроил ўртасидаги зиддиятга чек қўйишга ваъда қилаётган президент Трамп маъмурияти фаластинликлар ташвишини янада кучайтирмоқда. Фаластинликларнинг хавотирига кўра, президент Трамп Саудия Арабистони, БАА ва бошқа араб давлатларини Исроил-Фаластин можароси бўйича тинчлик сулҳи тузишга мажбурлаши мумкин. «Исроилнинг ўзи Фаластин билан алоқаларини яхшиламай туриб, бир мустамлакачи куч бўлиб қолаётган пайтда унинг минтақадаги аҳамиятини оширишга уриниш ўта хавфлидир,» дейди Фаластин Озодлик Ташкилотининг юқори лавозимли расмийси Ҳанан Ашрави. Ашрави хоним сўнгги воқеалар 2002 йилда Араб Лигасининг 22 аъзо давлати томонидан имзоланган Араб Тинчлик Ташаббуси қонунийлигига путур етказишини таъкидлайди. Мазкур ҳужжатга кўра, араб давлатлари 1967 йилда эгаллаб олган ҳудудларни тўлиқ тарк этмагунча Исроил билан яхши муносабатлар ўрнатишга интилмаслиги лозим. Исроил ва Араб дунёсини ажратиб юборган асосий зиддият – Фаластин муаммоси.

2018 йили АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш борасида президент Трамп берган қарор фаластинликларни ғазабига сабаб бўлган. Фаластинликлар Шарқий Қуддусни ўзининг бўлажак мустақил давлати пойтахтига айланишини истайди. Шундан сўнг улар Вашингтонни нохолис тинчлик даллоли бўлишда айблаб, у билан алоқани узганлар. Фаластин БАА АҚШ воситачилигида Исроил билан тинчлик сулҳи тузишини эълон қилгандан кейин Амирликлардан ўз элчисини чақиртириб олишини эълон қилди. Бу ҳақда Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз ал-Маликий баёнот берди. “Фаластин давлати президенти Маҳмуд Аббос кўрсатмаси билан Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши ҳақидаги баёнотдан кейин зудлик билан БААдан Фаластин элчиси чақиртириб олинмоқда”, деб маълум қилган ал-Маликий. БАА ва Исроилнинг ярашувини “Фаластин миллий озодлиги ҳаракати” (ФАТҲ) ва ХАМАС ҳам танқид қилган. “Оккупация Фаластин халқининг бош душмани бўлиб қолмоқда ва биз ўз курашимизни давом эттирамиз”, деб ваъда берган ХАМАС вакили Абдулатиф ал-Кўнуа.

Эришилган аҳдномага муносабат билдирган Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил ва араб дунёси ўртасида “янги давр бошланишини” айтган. Шу билан бирга, у Исроил Иорданнинг ғарбий қирғоғига ўз даъволаридан воз кечмаслигини ва фақатгина бу режаларини ортга сураётганини таъкидлаб ўтган. Исроил ва БАА ўртасида муносабатлар яхшиланиши Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилишнинг Трамп илгари сурган режасини амалга оширишдаги навбатдаги босқич ҳисобланади. Бу режа Исроилга Иорданнинг ғарбий қирғоғидаги катта ҳудудларни, жумладан Иордан водийсини қўшиб олишга “яшил чироқ” беради. Фаластин бу режага қатъиян қарши чиқмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур тинчлик жараёнида муҳим роль ўйнаши лозим бўлган Саудия Арабистонининг аҳамияти журналист Жамол Хашоқжининг саудиялик махфий агентлар томонидан ўлдирилиши ортидан анча пасайди. Бироқ журналист Хашоқжи мавзуси ҳақида фикр билдирган Нетаняҳу унинг ўлими ортида турганликда гумонланаётган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад Бин Салмонни қўллаб-қувватлашига ишора қилиб ўтган. Жамол Хашоқжининг ўлдирилишини «ўта даҳшатли» дея таърифлаган Нетаняҳу айни вақтда бу можаро туфайли Саудия Арабистонини бир четга суриб қўймаслик лозимлиги, чунки «бундан ҳам жиддийроқ Эрон муаммоси» турганини таъкидлаган.

Исроил Жамол Хашоқжининг ўлимига қарамасдан Саудия Арабистони барқарор бўлиши кераклигини айтди. Баҳрайн Исроилнинг бундай муносабатини олқишлаган. Мазкур воқеаларнинг бари минтақада бошланаётган муҳим ўзгаришлар даври аломати сифатида кўрилмоқда. Ҳатто Нетаняҳуга мухолиф кучлар ҳам буни эътироф этиб ўтган. Бироқ Фаластин муаммосига жуда ҳиссиётли муносабатда бўлувчи оддий араб одамлари Исроил билан яқинлашишни осонгина қабул қилмаслиги мумкин.

Ҳозир Фаластин позициясини ҳимоя қилаётган битта давлат бор. Бу Туркия. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БАА ва Исроил ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олганини эълон қилганига жавобан Анқара Абу-Дабидаги элчисини ортга чақиртириб олиши мумкинлигини айтиши бунинг исботидир. Эрдўғаннинг таъкидлашича, у Туркия ташқи ишлар вазирини Анқара шундай чораларга бориши мумкинлигидан хабардор қилган. Туркия президенти БАА ва Исроил ўртасидаги келишувни Фаластинга нисбатан “кечириб бўлмас қадам” деб атади. “Агар зарур бўлса, Абу-Дабидаги элчимизни ортга чақиртириб олишимиз мумкин, чунки биз Фаластин томондамиз ва унинг ҳуқуқларини ҳеч кимга бериб қўймаймиз”, деб айтди Эрдўған.
Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img