Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАҚШ Қуддусда фаластинликлар учун консуллик очмоқчи. Исроил бунга тиш-тирноғи билан қаршилик қилмоқда

АҚШ Қуддусда фаластинликлар учун консуллик очмоқчи. Исроил бунга тиш-тирноғи билан қаршилик қилмоқда

Қуддус шаҳрининг собиқ мэри Нир Баркат президент Жо Байден администрациясини қадимий Қуддус шаҳрининг шарқий қисмида фаластинликларга хизмат қилишга мўлжалланган консулликни очмасликка чақиряпти.

«Ликуд» ўнг партиясидан Кнессет депутати бўлмиш Баркат айни пайтда Вашингтонда сафарда бўлиб турибди. У АҚШнинг асосий икки партиясидан сайланган конгрессменлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни ўзи томонидан Исроил қонун чиқарувчи органига киритилган қонунни қўлаб-қувватлашга  кўндиришга уринмоқда. Қонун моҳияти бошқа давлатларга Қуддус шаҳрида фаластинликлар учун дипломатик ваколатхона очишни тақиқлашга қаратилган. Радикал сиёсатчи “The Hill” нашрига берган интервюсида собиқ президент Доналд Трамп томонидан ёпилган АҚШ консулхонасининг Қуддусда яна очишга ҳаракат қилинаётганини хато деб ҳисоблаган. «Гап Америка администрациясида эмас, бизнинг истагимиз фаластинликлар учун консуллик Қуддусда бўлмаслиги керак», — деган у.

Қайд этиш керак, собиқ президент Трамп томонидан АҚШ элчихонасининг Тел-Авивдан Қуддусга кўчирилиши  кў йиллик халқаро статус-квога путур етказган ва Вашингтоннинг бу борадаги қарори халқаро ҳамжамиятнинг норозилигига сабаб бўлган эди. Негаки, шаҳар баҳсли ҳудуд бўлиб, унинг шарқий қисми халқаро ҳуқуққа кўра, Исроил томонидан босиб олинган деб эътироф этилади ва кўплаб давлатлар шу боисдан ҳам элчихоналарини Тел-Авивда бўлишин маъқул кўради.

Агар исроилликлар шаҳарни бўлинмас деб ҳисобласалар, фаластинликлар Шарқий Қуддус уларнинг бўлажак давлатларининг пойтахти бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Бир неча кун илгари Баркат Исроилнинг Chanel 12 телеканали орқали қилган чиқишида Қуддуснинг шарқий қисмида фаластинликлар учун хизмат қиладиган дипломаик ваколатхоналарнинг очилиши шаҳар устидан Исроилнинг назорат ўрнатишига хавф туғдиришини маълум қилган. Унинг айтишича, Тел-Авив бу ҳаракатнинг олдини ололмаса, Қуддуснинг шарқий қисмида Европа давлатларининг консулликлари пайдо бўлиб, шаҳар фаластинликларнинг консуллик пойтахтига айланади. Баркат бошқа мамлакатлар фаластинликлар учун консуллик очмоқчи бўлса, бу ишни Қуддусда эмас, Рамаллоҳ ёки бошқа шаҳарларда қилиши мумкинлигини таъкидлаган.

2020 йилнинг апрелида АҚШнинг бўлажак президенти Жо Байден Америка элчихонасининг Тел-Авивдан Қуддусга кўчирилишини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилганди. Ўшанда у: «Уни кўчириш керак эмасди. Ҳозир, бу иш қилиб бўлингандан кейин, мен элчихонани яна Тел-Авивга қайтаришни истамайман», — деганди.

Жо Байден ўша пайтда Шарқий Қуддусда фаластинликлар учун консуллик очиш режаси борлиги ҳақида гапирганди. Жорий йилнинг май ойида эса Қўшма Штатлар Давлат котиби Энтони Блинкен президентнинг шундай режаси борлигини расман тасдиқлади.

Қайд этиш керак, бир қанча давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Франция, Швеция, Италия ва Ватикан фаластинликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қуддусда консулликлар очишган. Уларнинг аксарияти XIX аср охири  XX асрнинг бошларида, 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилмасидан аввал фаолиятини бошлаган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img