Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАҚШ хунтачилар билан тил бириктиргани маълум қилинди

АҚШ хунтачилар билан тил бириктиргани маълум қилинди

АҚШ 1976 йил 24 мартда Аргентинада амалга оширилган ҳарбий тўнтаришга доир махфий маълумотларнинг бир қисмини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди. Ҳужжатлар исёнчилар ва америкалик расмий шахслар ўртасида кўплаб алоқалар бўлганини кўрсатади. Хусусан, АҚШ ҳукумати ҳарбий тўнтаришга бир ой қолганида дипломатик каналлар орқали исёнчи адмирал Эмилио Массер ва Қуролли Кучлар бош қўмондони Хорхе Виделга уларнинг ҳукуматини Вашингтон тан олишини маълум қилган. Қўшма Штатларнинг Аргентинадаги элчиси Роберт Хилл Оқ уйга адмирал Массер ҳар қандай шароитда у билан юзма-юз учрашиш ниятида эканини билдирган.

МРБ директори Жорж Буш 1976 йил 11 мартда АҚШ президенти Жералд Форд билан бўлган учрашувида яқин вақт ичида Таиланд, Аргентина ва Перуда ҳарбий тўнтариш амалга оширилиши ҳақида ахборот берган. Шунингдек, аргентиналик бир гуруҳ сенаторлар АҚШ элчиси билан бўлган учрашувда яқин вақт ичида хунта юз беришига дипломатни ишонтирган. МРБ ҳисоботларига кўра, америкаликлар исёнчиларга хайрихоҳлик билдирган.

1973 йилда Чили ва Уругвайда давлат тўнтариши юз бериши ортидан АҚШ кескин танқидлар остида қолади. Чунки, америкаликлар хайрихоҳ бўлган ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллагач, ушбу давлатларда оммавий ўлдиришлар ва инсон ҳуқуқларининг топталиши бошланиб кетган. Аргентинанинг бўлажак хунтачилари эса АҚШ элчиси билан бўлган учрашувларда бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги, Вашингтонни ноқулай вазиятга туширмасликка ваъда беришган. Бу ҳақда Виделнинг шахсан ўзи ваъда берган. Хунтанинг нуфузи намоёндалари эса Қўшма Штатлар Давлат котиби Генри Киссенжер билан учрашув ташкил этилишини сўраган ва мулоқотда ушбу мавзу муҳокама этилиши ва АҚШнинг ёрдамига эҳтиёж мавжудлигини маълум қилишган.

1976 йил 16 март куни АҚШнинг Аргентинадаги элчиси Роберт Хилл адмирал Массер билан бўлиб ўтган учрашувда америкалик дипломатга яқин кунларда хунта амалга оширилиши муқаррар экани билдирилган. Элчининг айтишича, мамлакатдаги ҳар бир газета, ҳар бир журналда пинҳона равишда исёнга ундовчи материаллар бот-бот чоп этиб турилган. Ҳарбий тўнтаришда Қўшма Штатларнинг заррача қўли борлигига шубҳа қолдирмаслик учун элчи Аргентинани тарк этишга қарор қилган ва 17 март куни Вшингтонга учиб кетган. Айни шу кунларда эса исёнчилар раҳбарияти АҚШ МРБ директорининг ўринбосари ва ҳарбий жосуслик хизмати раҳбари генерал Даниэл О’Грехэм билан учрашиш йўлларини қидирган.

АҚШ ҳарбийларни фитнадан тўхтатишга уринмаган, сабаби, Вашингтоннинг фикрича, Аргентина ҳокимиятига ким келишидан қатъи назар улар Оқ уйга ёрдам сўраб мурожаат этишлари керак эди. Чунки, Аргентина иқтисодиёти аянчли ҳолга тушиб қолган, инфляция даражаси 300 фоизга етиб, миллий пул бирлигининг қадрсизланиши 20 млрд мартага ошиб кетган эди.

Шундай қилиб 1976 йилнинг 24 мартида Аргентина ҳукумати ҳарбийлар қўлига ўтди. Кўп ўтмай, 30 минг нафар аргентиналик ҳарбий диктатура қурбонига айланди. Вашингтон эса бундан кўз юмишга мажбур бўлди. Чунки, совуқ уруш йилларида унга шунақа иттифоқчи ҳам керак эди…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img