Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАнголанинг аҳволи танг

Анголанинг аҳволи танг

Замбиядан сўнг айни пайтда дефолтга яқин мамлакат сифатида Ангола тилга олинмоқда. Қайд этилишича, унинг қарзи ялпи ишлаб чиқаришнинг 120,3 фоизга етиб, Халқаро валюта жамғармасининг тавсияларидан икки карра ортиқни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, узоқ вақтларгача Анголанинг урушдан кейинги тараққиёт йўли “Хитой иқтисодий мўъжиаси”га тенглаштирилиб, мақтаб келинарди.

Мамлакатда иқтисодий инқироз юз бериши ортидан кўп ҳолатлар юзага чиқмоқда. Жумладан, Ангола ташқи қарзининг асосий қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ислоҳотлар аслида қандай натижаларга олиб келгани кундай равшан бўлгач, унинг ташаббускорлари кўзбўямачилик, алдов билан шуғулланиб келгани ҳам маълум бўлди.

Бу тузилиш “oil-for-infrastructure” деб аталади ва бу жараённи Африканинг яна бир давлати Экваториал Гвинея бошдан ўтказган. Илгари сурилган ташаббус эса бошида ҳаммага маъқул келган: нефтдан олинадиган даромад ва Хитойнинг кредит линиялари асосида уруш даврида издан чиққан иқтисодиётни оёққа турғазишнинг бундан афзал йўли йўқ эди. Хориж валюта манбалари энергия тизимини, сув таъминотини яхшилашга, мактаблар, йўллар қурилишига сарфланиши маълум қилинган. Ғам-қайғусиз 2003-2014 йилларда шундай бўлди ҳам, нефт долларлар давлат ғазнасига сувдай оқиб келаверди (йилига 27 млрд доллар), инфраструктурани ривожлантиришга эса 87,5 млрд доллар йўналтирилди.

Кейинчалик маълум бўлишича, ҳар центи ўта қадрли бўлган маблағлар кам даромад келтирувчи ва шаффоф бўлмаган транспорт лойиҳалари учун ажратилган. Мамлакатнинг собиқ Бош вазири бу ҳолатга образли қилиб: “деразадан улоқтирилган пуллар”, деб баҳо берган эди. Мактаб, касалхоналар қурилиши учун йўналтирилган маблағлар ҳам беҳудага ҳавога совурилган.

Таҳлилчилар мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнига баҳо бериб, бу ишлар молиявий оқимларни ҳарбий-сиёсий элита ўртасида тақсимлашдан ўзга нарса эмас, деган хулосага келдилар. Бу жараёндан Хитой, Бразилия, Португалиянинг девелоперлик жамғарма ва компания-қурувчилари ҳам яхшигина фойдаланиб қолди. Охир-оқибат, Ангола монопол компаниялар, яширин экспорт-импорт операциялари чангалида қолди.

Мамлакатда амалга оширилаётган қурилиш ишлари аслида пул ювишнинг энг осон ва кенг тарқалган усулига айланиб қолди. Бу ҳақда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси Анголанинг ҳарбий-сиёсий ҳукуматини бир неча бор огоҳлантирганига қарамай, давлат, халқни эмас, ўз манфаатини ўйлаган элита мамлакатни жар ёқасига олиб келди. Бу ёқда Анголанинг асосий қарз берувчиси бўлган Хитой кредитларни қайтаришни, муддатни узайтириш масаласи ҳатто кўриб чиқилмаслигини айтиб, оёқ тираб олган. Аслида нефтга бой Ангола ва унинг халқи бундай қисматга муносиб эмас. Инқилобдан сўнг халққа муносиб турмуш шароити яратилиши хусусида қоп-қоп ваъда берган ҳукумат эса аҳоли ташвишини эмас, турли фирибгарлик йўллари билан хориж банкларига чиқарилган миллионлаб долларларни нимага сарфлаш ҳақида бош қотирмоқда…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img