Бош саҳифаЯнгиликларАмирликларда олий ўқув юртлари тўлови оммавий равишда камайтирилмоқда

Амирликларда олий ўқув юртлари тўлови оммавий равишда камайтирилмоқда

Бирлашган Араб Амирликларидаги олий ўқув юртлари COVID-19 пандемияси туфайли талабалар томонидан таълим олганлик учун тўлов пулини камайтирмоқда. Университетларнинг бу сиёсати молиявий беқарорлик шароитида талабаларни қўллаб-қувватлаш ва билим олиш истагидаги ёшларни университетларга жалб этишга қаратилган.

Қайд этиш керак, БААда таълим тизими бир неча босқичдан иборат бўлиб, биринчи бўғин болалар боғчасидан бошланади. Булар мактаблар негизидаги ўқув курслари бўлиб, болаларни кейинги 12 йиллик таълим босқичига тайёрлаш билан шуғулланади. Болалар боғчаларига кичкинтойлар 4 ёшдан берилади. Улар икки йил мобайнида ўқиш, ёзиш ва ҳисоблаш амалларини ўрганади, жисмоний тарбия билан шуғулланади. Боғчаларнинг бир йиллик тўлови 10 минг доллардан бошланади. Мамлакатда мактабгача таълим мажбурий эмас.

Шундан, сўнг болалар 6 ёшдан 12 ёшгача бошланғич мактабда таҳсил оладилар. Бунинг учун улар таянч билим доирасида, хусусан, инглиз тилидан тест топширишлари керак бўлади. Бу босқичда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан сабоқ берилади.

Кейин 15 ёшгача бўлган болалар тайёрлов мактаби дастурини ўзлаштиришни бошлайди. Фанлар мактабларнинг йўналишидан келиб чиққан ҳолда танланади, бироқ араб тили ўтилиши барча таълим муассасалари учун мажбурийдир.

Таълимнинг кейинги уч йили давоми ўрта мактаб босқичи ҳисобланади. Бу жараёнда ўқувчилар олий ўқув юртларига киришга тайёрланади, асосий ва қўшимча фанлардан имтиҳон топширади. Шундан кейин ўқувчиларга аттестат берилади.

БААда умумтаълим ўрта мактабда ўқиш мажбурий. Давлат мактабларида таълим бепул, бироқ болаларнинг хусусий мактабларида таълим олишлари учун ҳам шароит яратилган. Хусусий мактабларда таълим сифати юқори бўлиб, уларнинг аксариятида хориждан таклиф этилган педагоглар фаолият кўрсатади.

Эътиборлиси, барча мактабларда футбол майдонлари, чўмилиш ҳовузлари мавжуд ва бундан ташқари боғдорчилик ишлари билан танишиш учун кичик боғлар ташкил этилган. Ўқув ҳафтаси якшанба куни бошланиб пайшанбада тугайди.

Мамлакатда таълимнинг кейинги босқичи мажбурий бўлмаган техник мактаб деб аталади. Бу босқичда ўқувчилар олти йил таълим олиб, бирон бир касбни пухта ўрганадилар.

БААда бир қанча давлат ва юзлаб хусусий олий ўқув юртлари мавжуд. Улар орасида хорижнинг номдор университетларининг филиаллари ҳам бор.

Мактабни битиргандан сўнг қизларнинг 95 фоизи ўғил болаларнинг 80 фоизи олий ўқув юртида ўқишни давом эттириш учун ариза беради. Ўқишга қабул қилиш талабгорнинг мактабдаги сўнгги уч йиллик баҳоларига ва инглиз тилини билиш даржаси (TOEFL/IELTS)га қараб амалга оширилади. Тўлов асосида ўқиш истагида бўлганлар ўзи ёки ота-онасининг даромади тўғрисида маълумотнома тақдим этиши лозим. Аризани кўриб чиқиш пуллик бўлиб. тахминан 100 долларни ташкил этади. Давлат университетларига фақатгина Амирлик фуқаролари қабул қилинади. Бироқ аксарият ёшлар хориждан келган тенгдошлари каби хусусий университетларда таълим олишни хоҳлайди. Бундай университетларда таълим олиш тўлови 10-20 минг  долларни ташкил этади.

Иқтидорли, фанларни яхши ўзлаштираётган талабалар учун рағбатлантириш тизими жорий этилган. Жумладан, тўлов асосида таълим олаётган талабаларга чегирма жорий этилади, айрим университетларда улар тўловнинг 50 фоизидан озод этилади. Яхши таълим олаётган талабаларга 400-600 доллар миқдорида стипендия берилади.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда БАА университетларида қарийб 138 минг нафар талаба таҳсил олаган бўлса, уларнинг 35 минг нафарини хорижликлар ташкил этган.

Коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсиридан келиб чиққан ҳолда БААдаги университетлар талабалар, уларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлашга киришди. Мисол учун, Дубайдаги Мидлсек университети филиали амирликдаги мактаб битирувчиларининг барчаси учун университетда таълим олишда 15 фоиз миқдорида чегирма жорий этилганини маълум қилди. Бундан ташқари, мактабни аъло баҳоларга тугатган ибитуриентлар учун университетдаги таълими учун 50 фоиз миқдорида чегирма берилади. Шу тарзда, бундай имтиёзга эга бўлган талабалар 15 минг доллар ўрнига 7,5 минг доллар тўлайдилар.

Хуллас, БАА университетлари янги турдаги коронавирус пандемияси даврида илм аҳлини, биринчи навбатда, талабаларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини юритмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img