Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонАмерика олимларини лол этган ўзбек геологи

Америка олимларини лол этган ўзбек геологи

Замонамизнинг буюклари, яқин ўтмишимизнинг кўзга кўринган намояндалари орамиздан бир-бир кетмоқда. Кеча Геология ва минерал ресурслар қўмитасини кўп йиллар давомида бошқарган Шояқубов Тўлқин Шояқубович ҳам оламдан ўтди.

У 1982 йили Шароф Рашидов даврида геология вазири ўринбосари, кейин эса 1986 йили Совет Ўзбекистонининг геология вазири бўлди. Ва бу лавозимда 1999 йил нафақага чиққунга қадар фаолият юритди. 90 йиллар ўртасида Вазирлар Маҳкамасининг таркиби қандай бўлганини эслайсизми? Энг сара, салобатли, салмоқли, обрўли давлат арбоблари эди. Уларнинг ҳар бирининг кетиши тарихимизнинг бир бўлагининг йўқолишидир. Шу боис, улар ҳақида ҳеч бўлмаса бирон хотирани сақлаб қолишимиз шарт.

Тўлқин ака 1933 йилда Тошкентда туғилган, оилада етти фарзанднинг бири эди. 28 ёшида-ёқ раҳбарлик лавозимини эгаллади, кейинчалик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог, геология-минерология фанлари доктори, профессор, Россия фанлар академияси, Нью-Йорк фанлар академияси, Франция реформаторлар ассоциацияси аъзоси, олтин конлари учун СССР давлат мукофоти лауреати бўлди.

Унинг 1955 йилдан 1999 йилгача бўлган меҳнат фаолияти Ўзбекистоннинг геологик саноати ва минерал ресурсларини (олтин, кумуш, уран, рангли ва ноёб металлар, нефть, газ ва бошқа фойдали қазилмалар) ривожига бағишланди.

Сизга тушунарли бўлиши учун айтай, ГЕОЛОГИЯ – бу нефть ва газ+геофизика+руда (олтин, кумуш ва рангли металлар) ва норуда фойдали қазилмалар (қурилиш ва минераллар учун: мармар, гранит, шағал, оҳактош, олтингугурт, апатит ва бошқалар).

У раҳбарлик қилган даврда бир нечта қўшма корхоналар, жумладан, “Зарафшон-Ньюмонт” билан ҳамкорликда 1992 йили ташкил этилган Марказий Қизилқумдаги “Мурунтов” очиқ конининг тоғ жинсларидан олтин қазиб олиш бўйича қўшма корхонаси ташкил этилди. 1967 йили кон ишга туширилганидан буён “Мурунтов”да 300 миллион тонна кам миқдордаги олтин таркибига эга руда тўпланган. Хорижликларнинг ушбу лойиҳада иштироки рудани рентабелли қайта ишлаш технологиясини олиш учун зарур эди. Кейинроқ 2007 йилга келиб Newmont Ўзбекистондаги энг шов-шувли халқаро арбитраж ишларидан бири сифатида тарихга киради.

Шояқубов вазир бўлганида “Ўзбекгеофизика” (ернинг ички қисмини тадқиқ қилиш) аллақачон Геология вазирлигидан олиб қўйилган эди. У лавозимдан кетгач эса вазирликнинг руда металлар бўйича ваколати олиб қўйилиб, қидирув ишлари билан шуғулланиш бевосита НКМК ва ОТМКга ўтказилди. Бутун нефть ва газ олтин қазиб олувчи Oxus Gold компаниясининг активлари сингари биринчи президентнинг қизи билан боғлиқ ўша машҳур Зеромакс компаниясининг қўлига ўтди. Республика Геология вазирлигида фақат норуда ва гидрогеология қолди. Бу Шояқубов вазир бўлганида тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган ҳол эди. Бу ўша йиллардаги бутун ерости бойликларидан фойдаланиш сиёсатини тушуниш нуқтаи назаридан муҳимдир.

Фақат орадан 20 йил ўтибгина, 2019 йилда янги президент геология соҳасида туб ислоҳотларни бошлаб берди, функцияларни бирлаштиришни қўлга олди, штатларни кенгайтирди, Геологлар кунини қайтариб берди, ихтисослаштирилган университет ташкил этди ва ҳоказо. Тўлқин ака бу ўзгаришлардан жуда хурсанд бўлганди.
СССРда, кейинчалик Мустақилликнинг бошларида ишлаш бахтига муяссар бўлган вазир – бу бутун эпоха дегани, бутун бир давр, тарих дегани. У киши билан боғлик икки ажойиб воқеани сиз билан баҳам кўргим келди.

Бир куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг таклифи билан Ўзбекистон делегацияси таркибида Лондонга борганида опера концертида у арияларни кўзларини юмган ҳолда тинглайди. Европаликлар уни ухлаб қолди деб ўйлашади. Кейин эса суҳбат чоғида у мусиқани янада яхшироқ ҳис қилиш учун шундай тинглаганини, бир партияда ижрочининг хатога йўл қўйганини айтганида ва ҳаммани классик мусиқа, муаллиф ва ижрочилар ҳақидаги билими билан ҳайратда қолдирганидаги уларнинг ажабланганини тасаввур қилаверинг. Унинг қиёфасидаги ўзбек вазири жуда билимдон, хушмуомала ва ажойиб суҳбатдош эди.

Иккинчи воқеа эса Колорадо штатидаги олтин конида бўлади. У нафақага чиққач геолог сифатида маслаҳат олиш учун таклиф этилган эди. Бу пайтга келиб республикамизда 60 дан ортиқ олтин конлари топилганди. Олтин рудаси базасининг асосисини Қизилқум (Мурунтов ва бошқалар), Самарқанд (Чормитан ва бошқалар) ва Тошкент (Кўчбулоқ ва бошқалар) геологик-иқтисодий ҳудудларидаги конлар ташкил этарди. Бу бебаҳо профессионал тажриба эди. Шояқубов АҚШдаги тоғ жинсларини тадқиқ этиб, синов натижалари билан танишиб, олтиннинг қаерда жойлашганини жуда аниқ кўрсатиб берди. Бундан миннатдор бўлган руда заводи инвесторлари конни унинг номи билан аташга қарор қилишганди, Тўлқин ака эса уларга: “Унга менинг буюк юртим – Ўзбекистон номини беринг!” деб жавоб берган эди.

Ва ниҳоят, Тўлқин ака нафақат давлат арбоби, балки катта оиласининг ажойиб бошлиғи ҳам эди. Мен уни болалигимдан яхши танир эдим. У менинг холамнинг қайнотаси ва холаваччаларимнинг севимли бобоси эди. У жуда ажойиб анъана – Неваралар кунини ташкил этган эди. Ҳар йили декабрь ойининг охирида неваралар йил давомида эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб бериш учун якуний ҳисобот концертини тайёрларди. Шояқубовлар оиласида бобо оиланинг суянчиғи, йўлкўрсатар маёғи ва ҳамма учун намуна эди. У жуда доно, мулоҳазали ва ҳаётни чуқур тушунадиган, шу билан бирга нозик юмор ҳиссига эга инсон эди.

Тўлқин ака Шояқубов сингари инсонлар юртимиз равнақига катта ҳисса қўшди. Уларнинг бу меҳнатини доим эсда сақлашимиз керак.
Жойингиз жаннатда бўлсин.

Азиза УМАРОВА

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img