Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАфғонистондаги хунрезликларда «Толибон» ИШИДни айблади

Афғонистондаги хунрезликларда «Толибон» ИШИДни айблади

Сўнгги пайтда қўшни Афғонистонда бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилиши ҳолатлари кескин кўпайди. Қайд этилишича, хунрезликлар Ислом шом давлати террорчилик ҳаракати томонидан содир этилиб, у «Толибон» ва ҳукумат билан эришилган келишувни бузмоқда.

Рамазон ҳайити муносабати билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги уч кунлик келишув 16 майга қадар давом этиши керак эди. Бироқ амалда бунинг акси бўлди. Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» террорчилик ҳаракатлари ИШИД томонидан содир этилганини таъкидламоқда. Хусусан, 14 май куни Кабул вилоятининг Шакардара ҳудудидаги масжидлардан бирида мусулмонлар жума ибодатини адо этаётган вақтда кучли портлаш юз берди. Расмийларга кўра, теракт оқибатида 12 киши (жумладан, масжид имоми) ҳалок бўлган, 20 яраланган. Қайд этилишича, меҳробга ўрнатилган қўлбола портлаш қурилмасининг ҳаракатга келтирилиши фожиага сабаб бўлган.

8 май куни Кабулдаги Сайид-ал-Шуҳад мактабидаги учта портлаш эса 63 нафар бегуноҳ ўқувчини ҳаётдан олиб кетган бўлса, 150 нафар турли даражада яраланди. Ҳалок бўлганларнинг деярли барчаси қизлардир. Афғонистон ҳукумати хунрезликда «Толибон»ни айблаган бўлса, ҳаракат раҳбарияти баёнот билан чиқиб бу ишга алоқаси йўқлигини маълум қилиб, айбни ИШИД террорчиларига тўнкаган.

Мамлакат ҳаётидаги энг мудҳиш хунрезликлардан бири дунёни титратди, дейилса муболаға бўлмайди. Жаҳон ҳамжамияти бугуноҳ болаларнинг қонини тўкканларни кескин қоралади. Афғонистон президенти Ашраф Ғани фожиа муносабати билан қилган чиқишида: «Толибон» шуни англаб етиши керакки, олдига қўйган мақсадига уруш йўли билан эриша олмайди. Агар улар одамларни ўлдиришни тўхтатишмаса, афғон ҳукумати кучлари томонидан қаттиқ жазоланади», — деди.

Афғонистонда ўтган ҳафта содир этилган яна бир йирик теракт энергия таъминотини узишга қаратилди ва бунинг оқибатида бир неча вилоятлар, жумладан, пойтахт Кобулнинг айрим ҳудудлари электр қувватидан узилиб қолди. Террорчилар ушбу мақсадда элекр узатиш тармоғининг саккизта таянчини портлатиб юборган. Полиция айбдорларни қидиришга киришар экан, асосий гумондор сифатида «Толибон»ни тилга олди. «Толибон» эса ўз навбатида терактга ИШИД алоқадор эканини маълум қилди.

Экспертларга кўра, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари Афғонистонни тарк этар экан, мамлакат ҳудудидаги террорчи ташкилотларнинг фаоллиги ошгани кузатилмоқда. Айни кунда афғон давлати тақдири нима бўлиши хусусида турли фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, айримлар Афғонистон террорчи гуруҳлар ўртасидаги ўзаро қирғинбарот жанг майдонига айланишини башорат қилаётган бўлсалар, бошқалари ҳеч кимнинг (ҳукукмат, «Толибон», ИШИД) қўли баланд келмайдиган ва тинкани қуритувчи узоқ давом этадиган уруш олови ёқилишини таъкидламоқдалар.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img