Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонАфғонистон: тинчликнинг олис ва машаққатли йўли

Афғонистон: тинчликнинг олис ва машаққатли йўли

Толибон ва Афғонистон ҳукумати ва ниҳоят тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини бошлади. Тарихий аҳамиятга молик анжуманга Қатар пойтахти Доҳа мезбонлик қилмоқда. Томонлардан Афғонистонда хилма-хил ғояларни бағрикенглик асосида жипслаштирадиган янги ҳокимият тақсимоти борасида келишиб олиш кутилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти шу тариқа Афғонистонда бир неча ўн йиллар мобайнида ҳукмронлик қилган қонли урушга барҳам берилишидан умидвор. Бу чиндан ҳам муҳим кун. Афғонистонликлар мамлакатнинг янги келажагини белгилаш учун бир музокара столи атрофида ўтиришга қарор қилди. Бу умид учқунлари пайдо бўлган муҳим воқеа.

Жорий йилнинг 29-февралида Вашингтон ва Толибон ўртасида имзоланган Тинчлик битими музокараларнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилди.

Шубҳасиз, музокараларнинг осон кечмаслиги аниқ. Музокараларнинг кейинги босқичларидан бирига Самарқанд мезбонлик қилиши мумкин. Ўтган йили амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти ҳайъати ҳам Самарқанд танловини рад этмаганди. 9 сентябрь куни “Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши чоғида Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди. Тадбир давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни, томонлар ўртасида сиёсий мулоқотни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик ва одам савдоси йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Афғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар Афғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясининг концептуал аҳамияти яна бир бор эътироф этилди.

Ўзбекистон Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида инклюзив музокаралар бошланганини олқишлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилди. «Умид қиламизки, афғонлараро мулоқот ўт очишни барқарор тўхтатишга олиб келади ва натижада мамлакатда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш учун зарур шарт-шароитларни яратади. Ўзбекистон «сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Афғонистон халқи раҳбарлигида олиб борилиши лозим», деган асосий тамойилга содиқ қолади», – дейилади баёнотда. Ўзбекистон Республикаси томонларнинг миллий ярашувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди ҳамда дўст Афғонистон халқига барқарор ва фаровон давлат барпо этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этади.

Афғонистон ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш – Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати, янгича минтақавий дипломатиясининг диққат-марказида турган масалалардан бири бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келишидан саноқли ойлар ўтиб, ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаган, бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаганди. Афғонистонни яхши қўшни, янги бозор сифатида кўрилишини мамлакатимиз рабари ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти пайтида расман ва ошкора баён қилган эди. Натижада икки давлат ўртасида олий даражадаги расмий ва амалий ташрифлар фаоллашди. 2018 йилда Тошкент Афғонистон масаласига бағишланган юқори даражадаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Толибон ҳаракати сиёсий қаноти раҳбарлиги остидаги делегациянинг Тошкентга бир эмас, икки бор амалий ташриф билан келиши кузатилган. Бундан ташқари толиблар билан уларнинг сиёсий идораси жойлашган Доҳада ҳам музокаралар олиб боришга муваффақ бўлинди. Айниқса, ҳаракат юқори мартабали делегациясининг Ўзбекистонга ўтган йилги амалий ташрифи жуда фаол ва қизғин кечди. Ташриф расмий музокаралардан ташқари, қадим Самарқанд ва Бухоро зиёрати, жума ва Қурбон Ҳайити намозларининг ўзбек тупроғида ўқилиши билан кечди. Аҳолиси минтақада энг каттаси ва денгизга йўли икки бор берк бўлган Ўзбекистон янгидан-янги сармоя ва жаҳон океанларига чиқишга муҳтож. Худди шу ниятда Афғонистонни ҳам ўз ичига олган йирик минтақавий лойиҳаларнинг амалга оширилишидан манфаатдормиз.

Расмий Вашингтон ҳам мамлакатимиз раҳбариятининг Афғонистон масаласидаги дипломатик саъй-ҳаракатларини бефарқ қолдирмади, такрор ва такрор бунга ўзининг ижобий муносабатини билдириб келди. Айнан афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш йўлидаги бу каби уринишлар Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам муҳим аҳамият касб этувчи омил, воқеаликлардан бирига ҳам айланди.

Афғонистон Толибон ҳаракати шу йил февраль ойида ўз тарихида биринчи бор Америка Қўшма Штатлари билан тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлди. Келишув Республикачи президент Дональд Трамп бошқаруви даврига тўғри келди. Шу йил ноябрь ойида Америка Қўшма Штатларида навбатдаги президент сайлови режаланган. Трамп маъмурияти сайловга қадар Афғонистон масаласини, таъбир жоиз, бир ёқли қилиб олиш, афғон тупроғидаги қўшинлари сонини кескин қисқартириш ва келаси йил ўрталарига бориб, буткул олиб чиқиб кетишни истайди. Бу эса, қўлларидан қуролларини қўйиш учун Афғонистон Толибон ҳаракати аввалбошдан илгари суриб келаётган энг асосий талаблардан бири бўлади.

Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнларига бефарқ бўлмаган минтақадаги дипломатик ва сиёсий ўйинчи давлатлардан биттаси саналади. Афғонистон, устига устак, дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги – миллионлаб ўзбеклар яшовчи иккинчи давлатидир. Трамп маъмурияти янги Ўзбекистоннинг тинчлик жараёнидаги ролини ошкора олқишлаб келмоқда, пандемияга қарамай, яқинда ўзининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзодни яна бир бор Тошкентга юборди.

Тарихий тинчлик келишуви афғон ҳукумати ва ҳаракат орасидаги илк юзма-юз мулоқотлар, бунинг ортидан, Афғонистонда доимий тинчлик, толибларни ҳам ўз ичига олувчи кенг қамровли ҳукумат бошқарувига йўл очишига умидлар бор. Ҳали март ойидаёқ бошланиши кўзда тутилган афғонлараро мулоқотлар эса, шу пайтга қадар амалга ошмай келаётганди. Бунга АҚШ ва Толибон келишувида кўзда тутилган асирларнинг озод қилиниши билан боғлиқ жараёнларнинг чўзилиб кетиши ва зиддиятли президент сайлови натижалари ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Сайлов натижалари ортидан, мамлакат тарихида кузатилмаган воқеълик юз берди. Афғонистонда бирваракайига қўшалоқ президент ҳокимиятга келганди. Сайловда асосий мухолиф номзодлар бўлган амалдаги президент ва собиқ ижроий раис фақат яқинда – май ойидагина бир сиёсий келишувга эришди, ҳокимиятни бўлишишга рози бўлишди. Ярашув ортидан, Муҳаммад Ашраф Ғани президент бўлиб қолган, доктор Абдулла Абдулла эса, айнан тинчлик музокараларига масъул янги кенгаш раҳбарлигини эгаллади. Орада Толибон ва янги афғон ҳукумати Вашингтон билан тинчлик битимида кўзда тутилган яна бир зиддиятли шарт – маҳкумларни айирбошлаш масаласида ҳам бир тўхтамга келишган, шарт фақат шу кунларда тўлиғича амалга ошди. Томонлар илк бор 12 сентябрь куни Толибон ҳаракати сиёсий қаноти идораси жойлашган Доҳада юзма-юз мулоқотларга киришишга рози бўлишди. Аммо бўлажак давлат бошқаруви табиати, хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи назарда тутилганда, бу мулоқотларнинг осон кечмаслиги аниқ. АҚШ билан эришган тинчлик битими асосида Афғонистон Толибон ҳаракати яна ўз назоратлари остида бўлган ҳудудларда бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг фаолият юритишига ҳам изн бермаслиги керак. Сўнгги халқаро тадқиқотлар толиблар Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида у ёки бу даражада мавжуд эканликларига далолат қилади.

Ўтган уч йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида Президентлар даражасидаги учрашувлар, ҳукумат вазирлари мақомидаги ўзаро ташрифлар фаоллашди. Иқтисодий соҳада бўладими, энергетика, транспорт, таълим ёки маданият – ўзаро ҳамкорликни жиддий ривожлантиришга қаратилган кўплаб муҳим ҳужжатлар, қиймати бир неча ўн миллион долларга баҳоланувчи келишув, шартномалар имзоланди. Ўзбекистон бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шариф қолиб, пойтахт Кобул қадар ўзининг Савдо уйларини очди. Савдо соҳасидаги ўзаро ҳамкорликларини кучайтириш учун эса, томонлар ҳатто махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқишди. Бу билан келгуси йилларда ўртадаги товарлар айланмаси ҳажмини бир ярим миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

“Ҳайратон-Мозори-Шариф-Ҳирот” темир йўлининг тўлиқ ишга тушиши билан эса, томонлар ташқи савдо айланмасини нақ 50 фоизга оширишни ҳам кўзлашмоқда. Икки қўшни давлат “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линияси лойиҳасини амалга оширишга ҳам келишиб олишди. Ўзбекистон, йилларки, электр энергияси таъминоти бўйича ҳам Афғонистоннинг стратегик шерикларидан бири бўлади. Афғонистондаги вазиятни унинг иқтисодини ўнглаш орқали яхшилашга ҳам ҳаракат қилиб келади. Мамлакатимиз ҳукумати яна Афғонистонга бир неча юз минг тонна миқдорида минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, буғдой, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказиб беради. Айнан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Афғонистонга мутахассислар тайёрлаб бериш масаласига ҳам эътибор қаратган, Афғонистонга бевосита чегарадош Сурхондарё вилояти маркази Термизда улар учун махсус ўқув маркази ташкил қилинган.

Хуллас, олдинда ҳали мураккаб иш турибди. Кўплаб қийин, нозик муаммолар сақланиб қолмоқда. Аслини олганда, АҚШ ва толиблар ўртасидаги битим тинчликка олиб борувчи йўлнинг ниҳояси эмас, балки фақат бошланишидир. Афғонистонни тинч йўллар билан қайта тиклаш барча масалалари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш жуда муҳимдир. Бу жараён ҳар қандай ташқи аралашувдан холи бўлиши керак. Бир сўз билан айтганда, Афғонистон тақдири афғонларнинг ўз қўлидадир. Афғонистонда тинчликни таъминлаш — бу фақатгина хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдангина иборат эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “тинчликка интилишнинг асосий шарти — бу Афғонистон учун минтақавий ва халқаро миқёсда келишилган, яхлит ва кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир”. Иқтисодиётни тикламасдан, аҳолининг мураккаб ижтимоий муаммоларини ҳал қилмай туриб, Афғонистонда тинчликка эришиб бўлмайди. Афғонистоннинг иқтисодий келажагига сармоя киритишни давом эттириш муҳим. Бу жараённи умуман тўхтатиб бўлмайди. Инсонпарварлик дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштиришни қисқартиришга йўл қўймаслик керак. Марказий Осиёнинг тинчлиги, хавфсизлиги, барқарорлиги, фаровонлиги, Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон Президенти бир неча бор, ҳатто БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам таъкидлаганидек,“Афғонистон муаммосини ҳал этмасдан туриб, тинч ва гуллаб яшнаётган Марказий Осиё ҳақида гапириш мумкин эмас”. Бир ёдга олайлик айнан тинчлик мақсадида Тошкент конференциясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Толибон”ни тинчлик музокаралари жараёнига жалб этиш учун туртки берилди. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият тинчлик жараёнини фақат Афғонистонга қўшни бўлган давлатларнинг фаол иштирокида амалга ошириш мумкинлигини англаб етди. Айни пайтда Тошкент конференцияси турли позицияга эга давлатлар — Покистон ва Ҳиндистон, Эрон ва Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари, энг катта дунё ўйинчилари – Вашингтон, Москва ва Пекиннинг мавқеларини сезиларли даражада бир-бирига яқинлаштирди.

Афғонлараро тинчлик келишуви иш бериб, Афғонистонда якуний тинчликка эришилса, тинч Афғонистон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларимизни диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлаш, икки марта қуруқли билан ўралган мамлакатимиз маҳсулотларининг рақобатбардошлилигини ошириш имкониятини яратади.
Абдували САЙБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img