Ўзбекистон ортга қайтмайди, ислоҳотлар давом этади

Тошпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаш раиси ўринбосари

БМТнинг 2006-йилда вужудга келган ва Женевада асосланган Инсон ҳуқуқлари кенгаши 47 давлат аъзолигидаги орган. Беш минтақадан танланадиган мамлакатлар уч йилга сайланади: Африкадан 13 аъзо; Осиё-Тинч океани давлатларидан 13 аъзо (Марказий Осиё шу гуруҳда); Шарқий Европадан 6 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан 8 аъзо; Ғарбий Европа ва бошқа минтақалардан 7 аъзо.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг асосий вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилиш, шунингдек, жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериш. Шу пайтгача унга Марказий Осиёдан Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган. Ўзбекистон кенгашга кириш учун илк бор ҳаракат қилди ва 13-октабр куни кечган сайлов натижасида қабул қилинди. БМТга аъзо 191 давлатдан 169 таси Бош Ассамблея сессиясида унинг учун овоз берди. Кенгаш котибиятига кўра, ҳар бир аъзо ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим. Республикамиз бундай синовларга тайёр. Ўзбекистоннинг мана шундай юқори органга интилганининг асосий сабаби давлат бу аъзолик юклайдиган мажбуриятларни бажаришга ҳамда инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга бел боғлаганидан далолатдир. Зеро, Ўзбекистон ҳуқуқ ташкилотларининг тавсия ва хавотирларига бефарқ эмас. Ҳукумат Ўзбекистонда ҳам, жаҳон бўйлаб ҳам ҳуқуқ ва қонун устуворлиги билан боғлиқ вазият яхшиланишини хоҳлайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг бу йилги 75-сессиясида сўзлаганида, мамлакатда ислоҳотлар давом этади, адолат ва тараққиёт томон қадам ташлашдан тўхтамайди ва ортга қайтмайди, дея бежиз таъкидламади.

Ўзбекистон бу органга кириб, нима фойда кўриши мумкин, деган савол туғилади. Энг аввало, халқаро саҳнадаги фаоллик Ўзбекистонда шу кунгача ҳуқуқ ва қонун устуворлиги борасида эришилган ютуқлар асраб-авайлаш учун имкон беради. Боз устига, давлат идораларида масъулиятни ошириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, авф этиш ва оқлов, адлия ислоҳоти, суд мустақиллиги, уруш майдонларидан ватандошларни олиб келиш, қийноқларга баҳрам бериш, жазони ўташ муассасаларини мониторинг қилиш, жинсий тенглик ва бошқа жабҳаларда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттириш гарови ҳамдир. Ўзбекистонда халқаро мажбуриятларни бажариш учун ирода етарли. Олий Мажлисда бунинг учун махсус комиссия тузилган. Қонунчилар ва бутун тизим кейинги қадамлар ҳақида жиддий бош қотиряпти.

Қолаверса, Ўзбекистон ёпиқ жамиятдан очиқ жамиятга айланишни истайди. Мана шу трансформацион жараён фақат Ўзбекистон учун эмас, халқаро ҳамжамият учун ҳам аҳамиятлидир. Шу боис республика ўз тажрибасини дунё билан баҳам кўришдан тортинмайди. Ўзбекистонда тизим мукаммал ва шу боис у халқаро органларга кириши керак, дея иддао қилинмайди. Лекин раҳбариятда ҳам, фуқаро жамиятида ҳам тараққиёт сари кучли ирода ва ишонч бор.

Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолик юзасидан янграган кенг доирали фикрлардан бири шуки, Ўзбекистон авваллари БМТ билан ҳамкорликка юзаки қарар, айниқса ҳуқуқ билан боғлиқ йўналишлардан ўзини олиб қочар эди. Шу боис ҳам унинг бугунги фаоллиги ижобий баҳоланиши керак. Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати энди халқаро ҳамжамиятдан «мамлакатдаги вазиятни яхшилаш» борасидаги чақириқларни кўпроқ эшита бошлайди. Ўзбекистон ўз ихтиёри билан бу мажбуриятларни зиммасига олаяптими, демак, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятларига янада жиддий эътибор қаратади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонни фуқаро жамиятини тараққий эттириш, сўз ва матбуот эркинлигини кенгайтириш, қамоқхона ва ҳибсхоналардаги вазиятни янада яхшилаш, суд мустақиллиги ва ҳуқуқ-тартибот органлари устидан демократик назорат томон ҳаракат қилишга ундаб келаётган Ғарб, хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқи республика инсон ҳуқуқлари бобида зарур қадамлар ташлайди, деган умидда. Америка БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига кирмайди, лекин Вашингтон расмийларига кўра, Ўзбекистонда ислоҳотлар давом этса, у ўз ёрдамини аямайди. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео БМТдаги 13-октябр сайлов натижаларини қоралаган бўлсада, баёнотда Ўзбекистоннинг тилга олинмагани демократик давлатларнинг мамлакатимизга бўлган ишончи юқорилигидан далолат беради.
БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам ўтган йиллардаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган кўламда кенгайганини эътироф этди; катта лойиҳа ва дастурлар ишга солинган ва бу идора Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурига ишонади ва қувватлайди. Ваколатхонанинг умиди шуки, Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолик Ўзбекистонни бу йўналишда силжиши учун хизмат қилади. Қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан жорий йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик мустаҳкамланмоқда.

Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган бу каби муҳим натижаларнинг барчаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши асосий вазифалари билан уйғун ва ҳамоҳанг.

Айтиш жоизки, республика ташқи дунё маслаҳатлари ва тавсияларини ҳеч қачон ҳозиргичалик инобатга олмаган. Туб муаммоларни тан олиб, уларга ечим излаш, ҳар жиҳатдан тараққий этиш, глобал меъёрларни тадбиқ этиш, ҳар бир соҳада жаҳон тажрибасини ўрганиш сари қадамлар ташлаётгани бунинг яққол исботи. Хорижий экспертларни ва ватандошларни жалб этиш, давлат идораларида уларнинг кўмагига таянган ҳолда ўзгаришлар қилиш, иқтисод, молий ва сармоя ҳамда давлат бошқаруви ва умуман, тизимли ислоҳотларда йирик халқаро ташкилотлардан маслаҳатчиларни таклиф этиш бугунги Ўзбекистон учун нормал ҳолга айлангани ҳам, айни ҳақиқат. Янги қонунлар устидан ишлашдан тортиб, уларни амалга ошириш ва назорат қилишгача, халқаро мутахассисларнинг тавсиялари кенг тарзда инобатга олинмоқда. Ваҳоланки, тўрт йил олдин Ўзбекистонда вазият умуман ўзгача эди, хорижлик мутахассислар давлат идораларига яқинлаша олмас эди. Экспертлар аксарият ҳолларда мамлакатга кела олмас, таҳлил ва тавсияларини ҳукуматга киритишнинг иложи йўқ эди. Ҳозирда ҳар бир муҳим ҳужжат, ҳар бир стратегия халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда ва уларнинг таклифлари инобатга олинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари кенгашига кириш ташқи дунё у ёқда турсин, Ўзбекистон халқининг ўзига улкан наф келтиради. Келаси уч йил Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бобида илғор давлатлар сафидан ўрин олишига хизмат қилади. Аъзолик 2021-йилнинг 1-январидан бошланади, лекин ҳуқуққа ҳурматни ошириш учун тўрт йил илгари қадамлар ташлаб бўлинган. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ўзгаришлар кетмоқда, давлат ташкилотлари ҳам, давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар, прокуратура, суд, шунингдек, жазони ўташ тизими аллақачон ислоҳ қилина бошлаган. Ўзбекистон 2017-йилда бошланган ислоҳотларни, адолат ва қонун устуворлиги томон йўлни кенгроқ очаверади, орқага қайтмайди.

Изоҳлар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here

Ўхшаш мақолалар

Армения применила ракетную бомбу при атаке на Барду

Несмотря на объявленное с 26-го числа перемирие, продолжаются нападения Армении на гражданские поселения в Азербайджане за пределами зоны конфликта.

Қозоғистонда коронавирусга чалиниш ҳолати 30 баробарга кўпайди

«NewTimes.kz» ахборот агентлигининг хабар беришича, Қозоғистонда охирги 24 соат мобайнида 274 киши COVID-19 инфекцияси билан зарарланган, бир бемор ушбу хасталикдан вафот этган.

Чақалоқ музлаткичда жон берди

Новосибирск (Россия) вилоятида 14 ёшли мактаб ўқувчиси чақалоқ туғиб, сири ошкор бўлишидан қўрқиб болани музлатгич камерасига яшириб қўйган. Бу...

Сўнгги янгиликлар

Армения применила ракетную бомбу при атаке на Барду

Несмотря на объявленное с 26-го числа перемирие, продолжаются нападения Армении на гражданские поселения в Азербайджане за пределами зоны конфликта.

Қозоғистонда коронавирусга чалиниш ҳолати 30 баробарга кўпайди

«NewTimes.kz» ахборот агентлигининг хабар беришича, Қозоғистонда охирги 24 соат мобайнида 274 киши COVID-19 инфекцияси билан зарарланган, бир бемор ушбу хасталикдан вафот этган.

Чақалоқ музлаткичда жон берди

Новосибирск (Россия) вилоятида 14 ёшли мактаб ўқувчиси чақалоқ туғиб, сири ошкор бўлишидан қўрқиб болани музлатгич камерасига яшириб қўйган. Бу...

Хитой дунёнинг якка ҳукмрони бўлишга яқин турибди

Герхард Шиндлер яқинда "The Times" газетасига берган интервюсида Пекин "дунё ҳукмрони"га айланишига оз қолганини, Европа бунинг ортидан Хитойдан туғиладиган хавфни тушуниб етиши...

Ҳиндистон-Марказий Осиё мулоқотининг иккинчи учрашуви

Ҳиндистон-Марказий Осиё мулоқотининг иккинчи учрашуви 2020 йил 28 октябрда рақамли видео-конференция форматида бўлиб ўтади. Унда Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи...

Ижтимоий тармоқлар

20,832FansLike
2,402FollowersFollow
0SubscribersSubscribe