Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонТошкентда Рабиндранат Тагорнинг таваллуд куни нишонланди

Тошкентда Рабиндранат Тагорнинг таваллуд куни нишонланди

Пойтахтимизда ҳинд ёзувчиси ва жамоат арбоби Рабиндранат Тагор таваллудининг 161 йиллиги муносабати билан адабий анжуман ўтказилди. Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Лаъл Баходур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда бенгал тилида ижод қилган адибнинг ҳаёти ва ижоди бўйича маърузалар тингланди.

Хусусан, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси 1-котиби Ареф Саид, Ўзбекистонинг Ҳиндистондаги биринчи элчиси, шарқшунос олим Сурат Мирқосимов, профессор Улфат Муҳибова ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, Тагор асарларининг бугунги кундаги аҳамияти бўйича маълумотлар беришди.

Тадбир давомида Рабиндранат Тагор ижодига оид хужжатли фильм намойиш этилди. Анжуманда буюк бенгал адиби шеърларидан намуналар ўқилди.

Маълумот ўрнида айтганда 1861-1941 йилларда яшаб ижод этган, Нобел мукофоти лауреати Рабиндранат Тагор Калкутта ва Лондон университетларида ўқиган. 1875 йилдан Англияда чиқадиган «Гянанкур» ва «Бҳарати» журналиларида дастлабки шеър, достон ва мақолалари босилган. Дастлаб «Валмика даҳоси» (1881) мусиқали драмасини ёзган. Илк шеърий тўплами  «Оқшом қўшиқлари» (1882) пантеистик руҳда. «Табиат интиқоми»  пеьсаси, «Тонгги қўшиқлар» (1883), «Суратлар ва қўшиқлар» (1884) шеърий тўпламларида пок муҳаббат улуғланган. «Бибҳа соҳили» ва «Донишманд ража» тарихий романларида зулм ва адолатсизлик қораланган. Тагор 1884 – 1911 йилларда «Браҳма Самаж» диний-маърифий жамиятининг котиби вазифасида ишлаган. Ҳиндистон Миллий Конгрессининг 2-конгресси ишларида фаол қатнашган. Унинг «Читра» (1896), «Лаҳза» (1900) шеърий тўпламлари, «Ража ва Раний» (1889), «Қурбонлик» (1890), «Читрангода» (1892), «Малини» (1895) фалсафий драмалари ва «Ҳисоблар» (1891), «Жазо» (1893), «Нйп ва соялар» (1894) каби ҳикояларида ҳинд халқининг инглиз мустамлакачиларига қарши кураши тасвирланган. «Кўзга тушган чўп» (1902), «Ҳалокат» (1905) романлари ва «Бузилган уя» (1903) қиссаси билан бенгал адабиётида маиший-психологик роман жанрини бошлаб берди. 1902 йил Тагорнинг хотини, отаси, ўғли оламдан ўтади. Унинг бу мусибат ва изтироблари «Хотира», «Фарзанд» (1903), «Паром» (1906) шеърий тўпламларида акс эттирилган. «Гора» романи (1907), «Қасос» (1905) драмаси ва «Почта», «Консерватизм қалъаси» (1912) песаларида Тагор Ҳиндистондаги барча миллат вакилларини, улар қайси табақа ва диний мазҳабдан бўлишидан қатъи назар, озодлик учун курашда ягона иттифоққа бирлашишга даъват этади.

Унинг «Халқ қалби» номли қўшиғи Ҳиндистон Республикасининг, ватанпарварлик ҳақидаги «Менинг олтин Бенгалиям» қўшиғи эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий гимнига айланган. «Гитанжали» («Бахшида қўшиқлар», 1910) шеърий тўплами учун унга нуфузли мукофот берилган. «Турналар парвози» (1916) шеърий туркуми шоирнинг Ғарб мамлакатларига қилган сафари, 1-жаҳон уруши ва инсоният тақдири ҳақидаги ўйларини акс эттирган. «Тўрт ҳаёт» қиссаси, «Хонадон ва жаҳон» романи миллий озодлик ҳаракати воқеаларига бағишланган. 30-йилларда Тагорнинг «Интиҳо ҳақида достон», «Тўрт қисм» романлари, «Япроқлар», «Тунги шам», «Сўнгги шеърлар» шеърий тўпламлари нашр этилди.

Тагор 30-йилларда бадиий асарлар билан бир қаторда кўплаб дарсликлар, фалсафа ва дин бўйича илмий рисолалар ёзди, миллий озодлик ҳаракати масалаларини адабиётда янада кенгроқ ёритишга катта эътибор берди, ҳинд шеъриятида янги сиёсий жанрни яратди («Африка», «Будда ихлосмандлари», 1937). Тагор ижоди, ҳозирги бенгал адабий тилининг шаклланишида, шеъриятнинг янги шакл ва мазмун билан бойишида ҳал қилувчи рол ўйнаган. У ўз шеърларига мусиқа басталаб, оммавий қўшиқлар яратган. Асарлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси ва «Почта» пеьсаси Ўзбек миллий театрида саҳналаштирилган. «Ўзбекфилм» киностудияси «Ганг дарёсининг қизи» фильмини яратган. 8 жилдли асарлар тўплами ўзбек тилида нашр этилган.

Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img