Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон"Толибон" ҳукуматга кимни олиб келмоқчи?

“Толибон” ҳукуматга кимни олиб келмоқчи?

Афғонистонни бор-йўғи 10 кун ичида эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати мамлакат етакчиси сифатида кимни кўрмоқчи? Ҳукумат таркибидан кимлар жой олади? Бу каби саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Уларга эса ҳозирча аниқ жавоблар йўқ. Бироқ, етакчиларидан айримларининг номи жаҳонга таниш. Қуйида улар ҳақида айрим маълумотлар берилади.

1. Ҳайбатулло Охунзода. “Толибон” ҳаракатининг асосчиси ва биринчи олий бош қўмондони Мулла Умар (тахминларга кўра 2012 йилда ўлдирилган) ва унинг ўрнини эгаллаган Ахтар Мансур (2016 йилда ўлдирилган)дан сўнг 2016 йилнинг май ойида толиблар етакчисига айланган. Айтишларича, у чуқур диний ва ҳарб илмига эга.
Охунзода Қандаҳор вилоятида 1961 йилда туғилгани айтилади. Отаси қишлоқ имоми бўлган. “Толибон”нинг бўлажак етакчиси совет қўшинларига қарши курашаётган кўнгиллилар сафига 1980-йилларда қўшилади, лекин жангларда иштирок этмаган. Кейин оиласи билан Покистонга кўчиб кетиб, мамлакат шимолидаги Квата шаҳрида яшаб, маҳаллий мадрасада таълим олишни бошлайди.

Ҳайбатулло Охунзонда. Фото: Afghan Inslamic Press

1994 йилда Мулла Умар ва унинг уч нафар сафдоши томонидан ташкил этилган радикал кайфиятдаги талабалар ташкилоти – “Толибон” ҳаракати сафига қўшилади. Ҳаракат Афғонистонда ҳукмронлик қилган (1996-2001 йиллар) даврда шариат судларидан бирини бошқаради. Ўша вақтда толиблар телевидение, кино, мусиқа, спорт, косметика ва ёши 10 дан катта бўлган қиз болаларнинг мактабга қатнашини таъқиқлаб қўйган. Тошбўрон қилиш, қўлни кесиш ва сазойи қилиш одатий ҳолатга айланган.

Ҳайбатулло Охунзонда омма олдида жуда камдан-кам кўриниш беради ва бирон бир баёнот билан чиқиш қилмайди. Сафдошлари уни ўта қаттиққўл консерватор сифатида таърифлашади. Жорий йил август ойининг бошларида “Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид Охунзода соғ-саломат эканини ва маслакдошларига раҳбарлик қилиб, улар орасида катта обрў-эътиборга эгалигини маълум қилганди.
“Толибон” қўмондонининг 23 ёшли ўғли 2017 йилда портловчи қурилмалар жойланган автомобилни Афғонистон жанубидаги армия базасига уриб жон берган бўлса, укаси 2019 йилда Квата шаҳридаги масжидда рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган.

2. Абдул Ғани Биродар. Бу шахс Охунзоданинг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари ҳисобланади. “Толибон” ҳаракатининг асосчиларидан бири. Толибларнинг асосий дипломати ва оммага маълум шахс сифатида танилган. Яқинда айнан у “Толибон” ғалаба қозонганини расман эълон қилганди.
Абдул Ғани Биродар 1968 йилда Афғонистоннинг марказий вилоятларидан бири – Урузганда дунёга келган. Совет қўшинларига қарши жангларда иштирок этган ва ўша вақтда Мулла Умар билан танишган. Айтишларича, у “Толибон” етакчисининг синглисига уйланган. Советлар афғон заминини тарк этгандан сўнг, Қандаҳордаги мадрасалардан бирида таълим олган. “Толибон” ҳукумати даврида Мудофаа вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

Абдул Ғани Биродар (ўртада). Фото: BBC

Қайд этилишича, кейинчалик Абдул Ғани Биродар жанговар ҳаракатларни мувофиқлаштиришда ва терактлар уюштиришда муҳим рол ўйнаган ва молиявий масалалар учун масъул шахс бўлган. 2010 йилда у АҚШ-Покистон ҳарбийлари ҳамкорликда ўтказган махсус операция вақтида қўлга олинган. Умрининг саккиз йилини Покистон қамоқхонасида ўтказган ва тинчлик музокаралари бошланиши ортидан озод этилган.

2019 йилдан бошлаб у Қатар пойтахти Доҳада “Толибон” номидан иш олиб боришни бошлаган ва ҳаракатнинг америкаликлар билан ўтказган музокараларига раҳбарлик қилган. 2020 йилнинг 29 февралида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан тинчлик сулҳининг имзоланишида унинг хизмати катта бўлгани айтилади. Бундан ташқари, Абдул Ғани Биродар президент Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқотда бўлган, Хитой ва Россия Ташқи ишлар вазирлари – Ван И ҳамда Сергей Лавров билан учрашган. Уни яқиндан билганлар уста дипломат сифатида мақтайдилар.

3. Муҳаммад Ёқуб. Ҳарбий ишлар бўйича Ҳайбатулло Охунзоданинг ўринбосари вазифасини бажараётган бу шахс марҳум Мулла Умарнинг ўғли. Тахминан 30 ёшларда. Ахтар Мансур америкаликларнинг дрони томонидан берилган зарба оқибатида ўлдирилганидан сўнг, ҳаракат етакчилари Муҳаммад Ёқубни унинг издоши сифатида кўришни исташади. Бироқ ўта ёшлиги ва тажрибасизлиги ҳисобга олиниб, бу фикрдан қайтилади.
Маълумотларга кўра, у Абдул Ғани Биродар билан жуда қалин алоқага эга ва у ҳаракатнинг муҳим шахсларидан бири саналади.

4. Сирожиддин Ҳаққоний – советларга қарши кураш ҳаракатининг номдор дала қўмондонларидан бири Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли. Отасининг ўлимидан сўнг Афғонистонда машҳур бўлган “Ҳаққоний тармоғи”га асос солиб, кейинчалик толиблар билан ҳамкорлик қилган.
“Ҳаққоний тармоғи” яхши уюшган ва ҳаракатнинг энг жанговор қисми ҳисобланади. Тармоқ жангарилари афғон армияси ва халқаро коалиция кучларига берган қақшатқич зарбалари билан ном қозонган. Бундан ташқари, Кобулдаги меҳмонхоналардан бирида ва Ҳиндистон элчихонасида уюштирилган терактлар, собиқ президент Ҳамид Карзайга уюштирилган суиқасдда ушбу қисм жангчиларининг қўли бор.

Сирожиддин Ҳаққоний 45 ёшлар атрофида, айни пайтда қаердалиги номаълум. Ўтган йили, Доҳада тинчлик сулҳи имзоланишидан аввалроқ “New York Times” газетасида унинг мақоласи чоп этилган. Мақолада: “Қарийб қирқ йилдан буён афғонларнинг бебаҳо умрлари ҳар куни увол бўлмоқда. Урушдан ҳамма чарчаган. Аминманки, одамларни ўлдириш ва майиб-мажруҳ қилишга нуқта қўйиш вақти келди”, – дейилган.

5. Абдул Ҳаким. Ўта диндор, “Толибон” етакчиси Ҳайбатулло Охунзоданинг тенгдоши ва яқин маслакдоши. У ҳеч қачон дала қўмондони бўлмаган. Экспертларнинг тахминига кўра, янги “Толибон” ҳукуматида шариат судига айнан у раҳбарлик қилиши мумкин.
2020 йил сентябр ойидан буён толибонларнинг Дохадаги ваколатхонасига раҳбарлик қилган. Унга қадар толибларнинг норасмий пойтахти ҳисобланувчи Кватада яшаган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img