Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонТуркияга ижодий саёҳат

Туркияга ижодий саёҳат

(ИККИНЧИ МАҚОЛА)

Анталия халқаро аэропортидан Мармара мехмонхонасигача қарийб қирқ дақиқа юрдик. Йўллар текис, ўнқир-чўнқур йўқ. Атроф гул ва дарахтларга бой. Уйлар ва меҳмонхоналар ўзига хос дизайнда бунёд этилган. Анталия бўйича интернетдан маълумот қидираман. АНТАЛИЯ, Адалия — Туркиянинг жанубидаги шаҳар, Анталия элининг маъмурий маркази. Ўрта денгиз бўйидаги порт. Кемасозлик ривожланган, кемалар таъмирланади. Шаҳар денгиз сатҳидан 40 метр баландликда жойлашган кўрфаз ҳудуд бўлиб, тоғлар ўраб олган.

Пандемия бутун дунё иқтисодиётига таъсир қилди. Туризм йўналиши ҳам катта йўқотишга дуч келди. Бизни олиб юрган масъулнинг маълум қилишича, 2019 йилда мамлакатга 50 миллиондан ортиқ сайёҳ келган. Ўтган йилда эса 16 миллионга яқин турист ташриф буюрган. Бу йилги сайёҳлик мавсуми ҳам авж палласида. Айни вақтда Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси Анталияда ҳам тўлиқ амалиётга татбиқ этилган. Лойиҳанинг бош мақсади Туркия давлатида пандемия шароитида туризм соҳасини яна хавфсиз ҳолатга қайтариш, пандемия тарқалишининг олдини олиш ва туристик фаолиятни хавфсиз равишда амалга оширишдир.

Мармара меҳмонхонасига келдик. 22 қаватли ушбу мажмуа беш юлдуз мақомига эга маскан экан. 15 нафар ўзбекистонлик медиа ходимларига бир кишилик хоналар калитлари тақдим этилди. Барчамизга энг юқори қаватлардан жой берилгани атрофни, айниқса Оқ денгиз тўлқинларини кўриб туриш имконини беради. Узоқ вақт самолётларда учиб келганимиз тез таомланиб, дам олишга ундади. Хонамиз кенг ёруғ ва совутгич, телевизор, соч қуритиш мосламалари билан таъминланган.

Сайёҳатимизнинг илк манзили Перга шаҳрига йўл олдик. Қадимий шаҳар бўлган маскан бугунги кунда хароба кўринишга эга. Бу кўҳна шаҳарни тарихини интернетдан изладим. Афсоналарга кўра, Перга шаҳри Троя урушидан кейин фолбин Калчас бошчилигидаги троянликлар томонидан ташкил этилган. Перга шаҳар дарвозасидан бошланади. Ички дарвоза эллинистик даврда, ташқи дарвоза эса Рим даврида бунёд этилган. Бу милоддан аввалги III асрда барпо этилган дарвоза. Дарвоза орқали сайёҳлар устунли кўчага бориши мумкин, у ерда ўнг томонда Агора харобалари, чапда ҳаммомлар қолдиқлари жойлашган. Агора яъни бозор майдони, ён томонлари 75 метр бўлган квадрат шаклида ясалган.

Перга шаҳри харобаларини кўриб, ўз вақтида шундай мустаҳкам бўлган бинолар қай тариқа йўқ қилинганини идрок қила олмадим. Ҳатто талон-тарож мақсадида темир йўл ётқизилиб, поезд вагонларида қимматбаҳо нарсалар ташиб кетилган. Узоқ вақт бу шаҳар харобаларини кўргач яна автобусда ортга қайтдик. Йўлда қишлоқ хўжалиги ерларини кўриб, пахта, маккажўхори, мандарин, зайтун экинлари парвариш этилаётганига гувоҳ бўлдик. Овқатланиш учун тушган масканимизда балиқ таомлари тортилди. Шундан сўнг меҳмонага шаҳар кўчаларини томоша қилиб қайтиб келдик.
Меҳмонхонамиз Оқ денгиз бўйида жойлашгани бу ерда дам олувчиларни денгиз бўйидаги чўмилиш ҳавзасига чорлайди. Биз ҳам чўмилиш ҳавзасига махсус ўтиш йўлаклари орқали бориб ажиб денгиз кўринишларидан баҳра олишга муваффақ бўлдик.
Абдувоҳид Ачилов

(давоми бор)

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img