Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЙиғлаётган Африка

Йиғлаётган Африка

Африка қитъаси бугунги кунга келиб ҳам қул савдоси асоратларидан чиқиб кетолмаётгани аччиқ ҳақиқат. Бироқ, ўтган асрлардан фарқли ўлароқ, бу бозорда асосий “товар” ғариб ҳудудларда яшовчи болалар ҳисобланади. Маълум бўлишича, эрксиз болалар асосан қора ишларни бажариш ва сексуал эксплуатация учун харид қилинади. Болалар савдосидек жирканч ишга халқаро миқёсда кураш олиб борилаётганига қарамасдан, Африкада бу борада кутилган натижага эришилмаяпти.

Яқинда Халқаро миграция ташкилоти вакиллари ва Гана Гендер масалалари, болалар ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ходимлари Кот-д’Ивуарда қулликда тутиб турилган 13 нафар вояга етмаган болани ватанига олиб келди. Улар бир неча йиллар давомида қўшни республикада қул қилиб ишлатиб келинган. Уларнинг барчаси — ўғил болалар. Энг кичиги мамлакатдан олиб чиқиб кетилганида уч ёшда бўлган. Болаларнинг хорижга олиб кетилиши расмий ҳужжатларда Ганадаги мадрасада ислом динини ўрганиш деб кўрсатилган бўлсада, улар аслида қишлоқ хўжалик ишларини бажариш учун сотиб юборилган. Ҳозирда собиқ эрксизларнинг энг кичиги 9 ёшда бўлса, каттаси 19 ёшда.

Махсус амалиёт натижасида Гана полицияси қул савдоси билан шуғулланувчи тармоқлардан бирининг фаолиятига чек қўйган. Жиноятчилардан атиги бир нафари қочишга муваффақ бўлган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Кот-д’Ивуар пойтахтида қулликдан озод этилган болаларни ота-оналари, яқинлари кутиб олган. Ҳозирда улар реабилитация марказида махсусни курсни ўтамоқда ва нормал жамиятга мослашиш учун улар билан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, Ганада болаларни ўғирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларида текин ишлатиш мақсадида сотиш ишлари тизимли ривожланган.

Африкадаги болалар савдоси гуркираб ўсаётган мамлакатлардан яна бири Нигерия ҳисобланади. Ганадан фарқли ўлароқ бу ерда мазкур жирканч ишнинг ўзига хос тури шаклланган: маҳаллий жиноятчилар  14–15 ёшлардаги қизларни ўғирлаб, фоҳишалик мақсадида фойдаланиш учун сотиб юборадилар. Харидорлар орасида тараққий этган Европа ҳам бор. Баъзида эса жиноятчилар ёш қизларни ўғирламайди, уларга мўмай пул ва бекаму кўст ҳаёт ваъда қилиб, тузоққа туширадилар. Нигериядаги ўта қашшоқлик ҳали вояга етмаган болаларни ана шундай қисматга рози бўлишга мажбур этмоқда. Мисол учун, Мэри исмли қизга Италияда ҳосил йиғим-терим ишларида ишлаш таклиф этилган. Бунга рози бўлиб Миланга етиб келган қиз эса маҳаллий қўшмачининг қўлига топширилган. Қўшмачи ундан етиб келиши учун сарфланган 15,5 минг долларлик “қарз”ни “ишлаб” узишга мажбурлаган. Худди шу тарзда Мэрига ўхшаб чув тушган қизлар бир неча минг нафарни ташкил этади.

Африкадаги секс-қулликнинг даҳшатли турларидан бири вояга етмаганлар фоҳишахоналари ҳисобланади. Бундай ноқонуний муассасалар хорижлик сайёҳлар учун анча жозибадор ҳудудларда фаолият кўрсатади. Хусусан, 2019 йилнинг февралида Угандада 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган 28 нафар болани зўрлаган Германия фуқароси Бернхард Глейзер қамоққа олинди. У “Bery’s Place” деб номланган етимхона ташкил этиб, қарамоғига олганларни зўрлаш билан шуғулланиб келган. Аянчлиси, жиноятчини Европа ва АҚШдаги ҳомийлари қўллаб келган.

Худди шундай воқеа Кенияда ҳам қайд этилган. 2020 йилнинг май ойида республикада германиялик 71 ёшли муҳандис Томас Шеллер қўлга олинган. У 10 ёшдан 13 ёшгача бўлган тўрт нафар маҳаллий болани зўрлаб келган. Орадан бир ой ўтиб, америкалик 61 ёшли миссионер Грегори Доуга нисбатан ҳам худди шундай айблов илгари сурилган. Бу ярамас 11, 12 ва 13 ёшли қизларни доимий тарзда зўрлаб келган. Вақтида ватанига қочиб қолган жиноятчини АҚШ Кенияга беришдан бош тортди. Энди у қилмиши учун Қўшма Штатлар суди олдида жавоб беради.

Яна бир ноинсоний ҳолат Нигерияда кузатилади. Мамлакатда вояга етмаган ўғил-қизлар “болалар фабрикаси” деб номланган яширин муассасаларга келтирилиб, улар худди ҳайвонлардек сараланади. Ёши каттароқ қизлар зўрланади, улар туғишга мажбур қилинади. Улар дунёга келтирган чақалоқлар эса бой, бироқ тирноққа зор оилаларга сотилади.

2018 йилда Нигерия полицияси шундай “фабрика”ларда тутқунликда сақлаб келинган 100 нафар қиз ва 62 нафар чақалоқни озод қилди. Тадбир давомида биргина Имо штатидада 17 нафар ҳомиладор қиз ва 11 нафар эмизикли она сақлаб турилгани фош этилган. Жабрланувчиларнинг ҳикоялари ҳар қандай инсоннинг қалбини ларзага солади.

Маълум бўлишича, бундай “муассасалар”да дунёга келган болалар 4-5 минг доллардан сотилган. Ўғил болалар бироз қимматроққа пулланган. Эгизакларга эса талаб юқори бўлган.

Албатта, ҳукумат одам, айниқса, болалар савдосига томошабин бўлиб тургани йўқ. Ҳукумат бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳам кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйган ва ушбу жиноятга қарши мунтазам кураш олиб бормоқда. Бироқ, йўқчилик, камбағаллик, тирикчилик учун пул ишлаш мазкур жиноятнинг сақланиб қолишининг асосий сабаби бўлиб қолаяпти. Таҳлилчилар, Африкадаги одам савдоси муаммосини минтақа мамлакатларининг суверинетитини мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиётига эришиш билан ҳал этиш мумкин, деб ҳисобламоқдалар. Афтидан, уларнинг фикрида жон борга ўхшайди. Чунки, одам савдосига қарши Африка давлатларида олиб борилаётган бундан ўзга чора-тадбирлар кутилган натижани бераётгани йўқ…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img