Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон46 йилдан бери 60 километр масофага қатнаб ўқитувчилик қилаётган фидойи инсон

46 йилдан бери 60 километр масофага қатнаб ўқитувчилик қилаётган фидойи инсон

Халқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган “Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳасида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 37-мактабнинг рус тили ўқитувчиси Гулчеҳра Мавлонова ҳақида ҳикоя қилинди. Маълум бўлишича, меҳрибон устоз ушбу мактабга қизлик вақтида ишга келиб, ҳозирда неварали-чеварали бўлиб 46 йилдан буён бир мактабда  ишлаб келмоқда экан.

“Катта бўлсам ўқитувчи бўламан”, деб мақсад қилган Гулчеҳра Мавлонованинг орзуси амалга ошиб, 1975 йилда Наманган педагогика институтини рус тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича тамомлайди. Наманган шаҳрида туғилиб ўсган Гулчеҳра чекка қишлоқларда рус тили фанидан кадрлар етишмаслигини яхши биларди. Шу боисдан ҳам иш фаолиятини шаҳарда эмас, Тўрақўрғон туманининг чекка қишлоқларидан бирида жойлашган 37-умумтаълим мактабида бошлади. Шундан буён 46 йил ўтди, шу йиллар давомида Гулчеҳра Мавлонова шаҳардан олис ҳудуддаги қишлоқ мактабига қатнаб, қадрдон илм даргоҳида ҳурмат қозонди.

— Турмуш ўртоғим менга масофа узоқлиги, иссиқ-совуқ кунларда йўллардаги қийинчиликлар ҳақида жуда ҳам кўп такрорлар эди. Уларнинг жонкуярликларини тўғри тушуниб, мактаб директорига иш фаолиятимни шаҳар мактабида давом эттиришим ҳақида оғиз очдим.  Аммо мактаб раҳбари ва жамоа ишдан кетишимга қаршилик билдирди. Қишлоқда яшашимизга ҳам барча шароитларни яратиб беришни маълум қилишди. Жамоанинг менга бўлган ҳурмат-эътибори, ғамхўрлиги мени ҳозирга қадар шу мактабда ишлашимга сабаб бўлди. Тўғри, қишлоқда яшамадим, шаҳардан қатнаб мактабда ишладим, лекин қишлоқ аҳолиси йиллар давомида мени қўллаб-қувватлаб келишидан бошим кўкка етди, – дейди Гулчеҳра Мавлонова.

Гулчеҳра Мавлонова 46 йиллик иш фаолияти давомида улкан муваффақиятларга эришди. Ҳозирги кунда мактаб жамоасида 64 нафар педагог ходимларнинг қарийб 80 фоиздан ортиғи у таълим берган ўқувчиларини ташкил этади. Улар ҳам фидойи педагог билан бир сафда ишлаб, устозидан керакли методик тавсияларни олиб туришади.

46 йил оз фурсат эмас. Бугун тажрибали педагог 46 йил аввал таълим берган ўқувчиларининг фарзандлари, набираларига ҳам рус тили фанидан сабоқ бериб келмоқда. Қишлоқдаги барча оилани яқиндан танийди. Улар ҳам муаллимани  ҳурмат билан тилга олишади. Қишлоқнинг тўй-у тантанаси, турли маросимлари муаллимасиз ўтмайди.

– Ҳозирги кунда олис бўлса-да, иш жойим ҳаётим мазмунига айланган. Мактаб жамоаси мен учун қадрли. Мен уларга, улар менга ўрганиб қолганмиз. 46 йилдан бери 4 та туманни – “Давлатобод” тумани, “Наманган” шаҳри, “Наманган” тумани ва “Тўрақўрғон” туманини оралаб, 60 километр масофани босиб ўтаман. Бунга аллақачон кўникиб кетганман. Эрта тураман-у, ишхонамга шошаман, – дейди фидойи устоз.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img