Бош саҳифаДолзарб29 октябрь – Туркияда республика куни сифатида нишонланади

29 октябрь – Туркияда республика куни сифатида нишонланади

Аҳолиси 84 миллиондан иборат Туркия Республикаси миллий байрам – Республика кунини нишонламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни қардош мамлакат – Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти ҳам шу ҳақда сўз борганди. Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини Президент сайловида эришган ғалабаси билан самимий муборакбод этган бўлса, Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Туркия Президенти ва бутун халқини ушбу мамлакатнинг яқинлашиб келаётган бош миллий байрами – Республика куни билан илиқ қутлаб, тинчлик-осойишталик ва тинчлик-фаровонлик тилади. Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Туркий Кенгаш саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Аҳоли сони бўйича жаҳонда 19-ўринни, ҳудуди бўйича 36-ўринни эгаллайди. Ҳудудининг 97 фоизи Осиё, 3 фоизи Европа қитъасида. Иқтисодиёти ривожланган давлатлар гуруҳи бўлмиш “Катта йигирмалик” сафида. 1952 йилдан бери НАТО аъзоси. Шимолда Қора ва Мармар денгизлари, ғарбда Эгей денгизи ва жанубда Ўрта Ер денгизи сувлари билан ўралган. Туркия қуруқликда Болгария, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Эрон, Ироқ, Сурия ва Греция билан, денгиз орқали эса Руминия, Россия, Украина, Кипр, Шимолий Кипр билан чегарадош.

Иқтисодий қудрати бўйича Туркия жаҳонда 18 ўринда туради. Туризмга катта эътибор қаратилгани боис бу соҳа бўйича Туркия етакчи ўнта давлатнинг биридир. Туризм Туркия иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳалардан бири ҳисобланади. Бу тармоқ сўнгги ўн йилликларда анча тараққий топиб, айни дамда салкам икки миллион кишини (510 минг киши бевоста, 1,5 миллион киши эса билвосита) иш билан таъминлайди. Туризм йўналиши бўйича Туркия жаҳонда олтинчи ўринда туради. Туркия бу соҳа ривожи йўлида барча имконият ва шароитларга эга –7200 километрлик соҳилларини тўртта (Ўрта ер, Эгей, Мармор ва Қора) денгиз сувлари ювиб туради. Айтишларича, Туркияда 700 минг ўринга эга 2870та меҳмонхона сайёҳларга хизмат қилади. Маъданли сувлари бўйича Туркия Европада иккинчи, жаҳонда еттинчи ўринда туради. Туркияда диққатга сазовор жойлар (қадимги грек, қадимги рим шаҳарларининг вайроналари, Византия ва Усмонли халифалик ёдгорликлари) жуда кўп. Ички транспорт тармоғининг ривожлангани мамлакатнинг ҳар қандай нуқтасига бир зумда етиб олиш имкониятини яратган.

Сайёҳлик саноати ўз олдига 2023 йилга бориб мамлакатга ҳар йили ўртача 50 миллион сайёҳ келишини таъминлаш йўлида иш олиб бормоқда. Бу дегани хазинага ўртача 50 миллиард АҚШ доллари тушишини таъминлайди. Айни дамда сайёҳликни ривожлантириш йўлида 281 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Анталья – Туркиядаги сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланади. Туркияга келаётган сайёҳларнинг 34 фоизи айнан мана шу шаҳарга келиши сир эмас. Туризм сохасига тўсиқ бўладиган ҳар қандай кўринишларга қарши хукумат кескин чоралар кўриб келади. Бундан кўзланган бирдан бир мақсад саёҳлик бизнеси бўйича жаҳонда бешинчи ўринга чиқишдан иборат.

Яқин пайтларгача АҚШ, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқдаги давлатлар билан алоқаларга урғу берган Туркия Евроосиё давлатлари билан муносабатларга кенг ўрин ажратмоқда. Президент Эрдағоннинг кейинги пайтларда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон каби мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларга ўзгача назар солаётгани фикримизга асос бўла олади. Жаҳонда кечаётган кескин ва шиддатли сиёсий жараёнлар, хавфсизликка солинаётган таҳдидлар Туркияни ташқи сиёсатда етти ўлчаб бир кесган ҳолда мувозанатли сиёсат олиб боришини талаб этмоқда. Зеро, мавжуд воқеалик ҳам Шарқ, ҳам Ғарб билан бирдек муносабатларга эга бўлмаган давлатлар сиёсатда ҳам, савдо иқтисодий соҳаларда ҳам ютқазишини намойиш этаётир. Халқаро экспертлар эътироф этаётганидек, Евроосиё жаҳоннинг энг йирик ва геосиёсий жиҳатдан ғоят муҳим минтақаси. Евроосиё умумий куч-қудрати ва иқтисодий салоҳияти жиҳатидан ҳатто АҚШни ортда қолдираётгани бу минтақа имкониятларидан далолат беради. Евроосиёнинг йирик ва кучли давлатларидан бири бўлган Туркия мафкуравий қарама-қаршилик тугаганидан фойдаланиб, янги шароитда ўз геосиёсий вазиятини яна қайта кўриб чиқа бошлади.

1991 йилдан кейин ўтган давр мобайнида Туркиянинг расмий геосиёсий фаолиятида ҳам, ҳокимият тепасига келган кучларнинг ва ҳокимият учун курашаётган мухолифатнинг баёнотларида ҳам, илмий ва ижтимоий фикр вакилларида ҳам мамлакатнинг келгусидаги геосиёсий фаолиятига ёндашувлар анча ранг-баранг экани кўзга ташланади. Уларнинг баъзилари Туркиянинг ғарб дунёси билан муносабатларни яхшилаш ва Европага қўшилиш йўлини яна давом эттиришни қатъий туриб талаб қилмоқдалар, бошқа гуруҳлар бўлса, Туркияга Европа ва Ғарбдан Евроосиё томонга юз ўгириб, Марказий Осиё, Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа катта давлатлар билан жаҳоннинг янги кучини барпо этишни, интеграциянинг Европа Иттифоқининг ўрнини босадиган моделини, масалан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини ривожлантиришни таклиф этмоқдалар.

ХХ асрнинг 90-йилларидан то 2000 йилларнинг бошига қадар Туркиянинг, одатда, партиявий манфаатларга суянган коалицион ҳукуматларининг ташқи сиёсат тактикаси ва маневрлари ягона ва узоқ муддатли стратегик ташқи сиёсат концепциясига эмас, балки кўпроқ анъанавий, таваккалдан холи фаолият амалиётига асосланган. Ҳокимият фаолиятида ҳамма нарса, энг аввало, мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қаратилган эди. Сиёсий доираларнинг аксарияти Туркия эртами, кечми бу тузилмага аъзо бўлади дея қатъий ишонч билдирар, айни чоғда “Адриатикадан Хитойгача Туркиядир” шиори остидаги даъводан альтернатива сифатида фойдаланар эдилар. Бироқ кейинги ўн йил ичида Туркия давлат, жумладан ташқи сиёсатида муайян геосиёсий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Хусусан, АКП (Адолат ва Тараққиёт партияси) ҳокимият тепасига келганидан кейин Туркия жаҳон ва минтақада олдингидан бироз фарқли, анча мустақил геосиёсий йўлни ўтказишга ҳаракат қилмоқда, ўз миллий манфаатларини таъминлашга, чет давлатлар, халқаро геосиёсий “актёрлар” билан ўзаро муносабатларини, ўзининг у ёки бу сиёсий мақсадларини аввалги йилларда бўлгани каби “НАТО ва АҚШнинг интизомли ва итоаткор ҳамкори” сифатида эмас, балки янги сифатда – “мустақил дунё давлати” мақомида амалга оширишга интилмоқда. Асосида “жаҳон ва минтақа мамлакатлари билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги, аксинча, иложи борича кўпроқ интеграциялашиш”, “Туркиянинг Европа Иттифоқига эҳтиёжи – унинг Туркияга бўлган эҳтиёжидан катта эмас”, “Қаерда бир турк бор бўлса, у ерда Туркиянинг миллий манфаатлари бордир”, “Туркиянинг НАТО ва АҚШ билан бирга умумий манфаатлари бўлгани каби, бошқа мамлакатлар билан ҳам умумий манфаатлари бордир”, “Туркия жаҳон мусулмон халқлари ва давлатларининг ҳимоячисидир” сингари стратегик ёндашувлар турган бу геосиёсий йўлнинг муайян натижалари кўзга ташлана бошлади. Бу янги йўл тўғри ва изчил амалга оширилиши натижасида Туркия жаҳоннинг 10 буюк давлати (Англия, Франция, Германия, Япония, Россия, Хитой) қаторига чиқиб олди. Бир сўз билан айтганда, Евроосиёда жойлашган Туркиянинг жаҳон муаммоларини ечишдаги иштироки ошиб бормоқда. У дунёда, хусусан, Ўрта Ер денгизи соҳилларида, Ливия ва Сурияда, Кавказ, Марказий Осиё, Афғонистонда ўз манфаатларига эга.

Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ахамиятга эга бўлган, кучли ташқи сиёсат олиб бориш салохиятига эга, хар томонлама диверсификациялаштирилган иқтисодиёти, хамда замонавий қуролли кучларга эга бўлган мамлакат ҳисобланади. Буни қуйидаги бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, Туркия дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган. Иккинчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Туркия турли соҳаларда, ўрнак бўлса арзигулик даражада ривожланган мамлакат, ўзининг иқтисодий қудратига кўра у дунёда кучли 20-талик гуруҳига кирган давлатларидан биридир. Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр мамлакат ҳисобланган Туркия ҳозирги кунга келиб, тобора индустриаллашиб бораётганини алохида таъкидлаш лозим. Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28 фоизни, қишлоқ хўжалиги 15, қурилиш 6, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Тўқимачилик, кончилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш тараққий этган.

Айниқса, туризм динамик тарзда ривожланаётган тармоқ ҳисобланади. Туркиянинг мазкур жабҳалардаги ибратли ютуқларини ўрганиш, ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасидан фойданиш ва турк тадбиркорлари ҳамда компанияларининг сармояларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган турли, икки томонга ҳам фойдали бўлган қўшма лойиҳаларга жалб қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Туркиянинг минтақамиздаги ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Юртимиз бугунги кунда Анқаранинг Марказий Осиёдаги энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Диёримизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканидан далолатдир.

Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳам юксалишлар, ҳам пасайишлар даврига дуч келамиз. Майли у кунлар ўтди. Бугунги муносабатлар юксак даражада. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Стратегик шериклик олий кенгаши тузилган. «Мен Ўзбекистонда ўз бизнесини ривожлантириш истагини билдирган туркиялик барча тадбиркорларни тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳар томонлама ривожланишига кўмак бериш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқларни берганман», – деди Ш.Мирзиёев 2018 йил 30 апрель куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес форумида. «Туркия ишбилармонларига нисбатан қилинган хиёнатни давлат сиёсатига хиёнат ўлароқ, деб баҳолайман», – деди Мирзиёев.

Қолаверса, Туркия томони Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараяпти. Бунга сабаб бўладиган омиллар етарли. Биринчидан, Ўзбекистон бой табиий ва минерал хом-ашё ресурсларига эга бўлган давлатдир. Энди Ўзбекистоннинг хом-ашё ресурсларидан биргаликда, ҳамкор бўлиб фойдаланиш вақти келди. Иккинчидан, мамлакатимиз раҳбари томонидан Туркия ва бошқа қатор давлатлар фуқаролари ҳамда тадбиркорлари учун кириш визаларини бекор қилиш тўғрисида тарихий қарор қабул қиинди. Бу қарор туркиялик ҳамкорлар билан инвестиция, савдо-сотиқ ҳамда туризм соҳаларидаги алоқаларимизни янада фаоллаштиришига кўмак бермоқда. Учинчидан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижий сармояларни рағбатлантириш ва тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнес ривожига ғов бўлиб турган кўплаб тўсиқлар олиб ташланди. Туркиялик ишбилармонларнинг мамлакатимизда самарали фаолият юритиши учун ўртада мавжуд бўлган баъзи бир тушунмовчилик ва ишончсизлик кайфиятига барҳам бериш мақсадида олий даражада кўплаб учрашувлар ўтказилди. Тўртинчидан, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича энг қулай шароит яратиш учун қатъий ва изчил қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, хорижий инвесторлар даромадларини қайтариб олиб чиқиш учун ҳуқуқий асослар яратилди.

Минтақанинг юраги ва маркази эса Ўзбекистондир. Шу туфайли Туркиянинг туркий давлатлар оламига, хусусан, Марказий Осиёга эътиборни кучайтириши бежиз эмас. Туркиянинг бу ерда энг аввало Ўзбекистон билан муносабатларда янги саҳифа очиши нафақат икки томонлама муносабатлар, балки минтақавий ва глобал баланс нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Минтақа тинчлиги ва барқарорлиги ҳам кўп жиҳатдан Ўзбекистон хавфсизлиги ва фаровонлигига боғлиқлигини ёддан чиқармаслик керак. Қадим тамаддунларга мезбонлик қилган ва Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон минтақада юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги туб ўзгаришларда ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Олис ўтмиши ва давлатчилик анъаналари, Марказий Осиё нуфусининг тахминан ярмига тенг келувчи 34 миллиондан ортик аҳолиси, Осиёнинг юрагидаги геостратегик мавқеи, бой табиий захиралари ва баракали тупроғи билан Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлати саналади. Ушбу мустаҳкам пойдевор узра истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб олиб борилган мустақил, қатъий, конструктив ва тинчликпарвар сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсидаги мавқеининг ошишига, дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнини топишига пухта замин яратди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img