Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон29 август – Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро куни

29 август – Ядро синовларига қарши ҳаракатлар халқаро куни

Ҳар йили 29 август куни Қозоғистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюция асосида БМТ Ядро қуроллари синовига қарши ҳаракатлар Халқаро кунини нишонлайди. Бу йил Қозоғистоннинг Семипалатинск полигонида атом бомбасининг биринчи синови ўтказилганига 71 йил тўлди. Ана шу сана муносабати билан Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди билан суҳбатлашдик.

– Жаноб элчи, энг аввало, инсониятни ядро қуролларидан халос этиш, дунёни тинч маконга айланишига, олий ҳилқатни оммавий қирғиндан асраб қолишга қаратилган резолюциянинг қабул қилиниши тарихига назар ташласак.

– 2009 йилнинг 18 июнида Семипалатинск ядро полигонида синовлар тўхтатилганининг 20 йиллигига бағишланган тантаналарда, шунингдек, 2009 йилнинг 1 июлида жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг III қурултойи очилиши чоғида Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 29 августни ядро қуролларидан воз кечиш куни деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Атом қуроли тарқалишига қарши кураш – ўзида ядро синовлари оқибатини бошдан ўтказган ва қирғин келтирувчи ядровий салоҳиятдан ихти ёрий воз кечган Қозоғистон учун устувор йўналишдир. Мамлакатимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги республикалари ичида биринчилардан бўлиб, ядро қуролларини тарқатмаслик ва Ядро қуролини умумқамровли таъқиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилди. Қозоғистон шунингдек, Ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро кунини бундай тажрибалар оқибатлари ҳақида ахборот тарқатишга кўмаклашиш мақсадида нишонлаш таклифи билан чиқди. 29 август – бу нафақат Семипалатинск полигонида биринчи синов ўтказилган кун, балки 1991 йилда айнан президент Назарбоев томонидан полигон ёпилгани тўғрисидаги буйруққа имзо чекилган кун. Бу эса ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини мустаҳкамлашга муҳим улуш бўлиб қўшилди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди.

Узоқ давом этган мулоқот ва музокаралардан кейин БМТ Бош ассамблеясининг биринчи қўмитасига кўриб чиқиш учун «Ядровий синовларга қарши ҳаракатлар Халқаро куни» резолюцияси лойиҳаси киритилди. 26 давлат резолюция ҳаммуаллифлари бўлиб чиқишди.

2009 йилнинг 2 декабрида БМТ Бош Ассамблеясининг 29 августни ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди, унга кўра, ҳар йили ядро синовларининг даҳшатли оқибатларини дунё аҳлига эслатиш, келажакда уларнинг қайта бошланишига йўл қўймасликка қаратилган тадбирлар ўтказилади. Бу 29 августнинг муҳим сана, Семипалатинск полигонининг расмий ёпилиш куни сифатида халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши ҳисобланади, бу эса нафақат Қозоғистон учун, балки бутун дунё учун тарихий аҳамиятга эга.

Резолюцияда БМТ тизимидаги аъзо давлатларнинг барчасига, фуқаролик жамиятига, илмий доираларга, ОАВ ва алоҳида шахсларга ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро кунини муносиб тарзда, шу жумладан, ахборот-тарғибот ишларининг барча унсурларидан фойдаланган ҳолда нишонлашга чақирилади.
Ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро куни биринчи марта 2010 йили нишонланган. Ўшандан бери ҳар йили бу кун бутун дунёда турли тадбирлар, жумладан, симпозиумлар, конференциялар, кўргазмалар, танловла ўтказиш, мақолалар чоп этиш, академик институтларда маърузалар ўқиш, ахборот мазмунидаги кўрсатувлар тайёрлаш билан нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳам ҳар йили шу кунга бағишланган тадбирлар ўтказилади.

– Албатта, Қозоғистоннинг ядро синовларини таъқиқлаш борасидаги даъват билан чиқиши бежиз эмас, албатта. Семипалатинскда ўтказилган синовлар халқнинг бошига улкан кулфатлар келтирди. Маҳаллий ва атрофдаги ҳудудларда экология бузилди, оғир хасталиклар миқдори ошди. Шундай эмасми?

– Ўринли савол. Ядро синовларининг тарихи – бу азоб-уқубат тарихидир, негаки дунё миқёсида ўтказилган 2000дан ортиқ ядро синовларидан аксарият ҳолларда ҳаммадан ҳам кўпроқ ёрдамга муҳтож ҳудудлар аҳолиси жабр кўради. Ушбу синовлар бир давлат чегаралари билан чекланмай, атроф-муҳит, одамлар саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишга ўз таъсирини кўрсатадиган фожиавий оқибатларга олиб келади. Айни пайтда, 40 йил давомида Қозоғистонда синалган атом қуроллари ҳозир ҳам ярим миллиондан ортиқ инсоннинг ирсиятини бузгани тадқиқотчилар томонидан айтилмоқда. Ядро синовларидан полигон атрофида яшаган бир ярим миллондан зиёд қозоғистонлик азият чекди. Қозоқ чўлининг Семипалатинск ва Қарағанда вилоятлари туташган Бельгия ҳудудича улкан майдонида ҳам ер усти, ҳам ер ости атом синовлари ўтказилган. 1960-йиллар бошигача юздан зиёд атом қуроли очиқ ҳавода синалган. Баъзан шамол заҳарли радиацияни атрофдаги қишлоқлар устига ёғдирган. Олимларга кўра, кейинроқ ер остидаги портлатилган бомбалар ҳам ер ости сувлари ва экологияни бузган.

Полигон ҳозир ёпиқ, аммо олимларга кўра, очиқ синовларни кўрган гувоҳларнинг 4-авлодида ҳам радиацияга алоқадор бедаво касалликлар учрамоқда.

1949—1989 йиллар оралиғида Қозоғистоннинг Семипалатинск ҳудудида 480 га яқин ядро синовлари тажрибадан ўтказилгани натижасида нафақат минтақадаги инсонларнинг ҳаёти хавф остига қўйилган, экологик вазият эса таранглашган. Қизил китобга киритилган бир қатор ҳайвонлар эса йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолди. Семипалатинскда 1948 йилда ишга туширилган полигон йириклик жиҳатдан Ер юзидаги полигонлар орасида иккинчи ўринда турган ва дунёда тўртинчи ўринни эгалловчи ядровий арсенал ҳисобланган. Айнан шу ерда Совет иттифоқининг илк атом қуроли синовдан ўтказилган.

– Ҳозир Семипалатинскдаги инфратузилма ва экологик аҳвол қандай?

– Турли йилларда Москва-400, Семипалатинск-21, Конечная, Курчатов номлари билан айталган махфийлаштирилган, Иртиш дарёси бўйидаги шаҳарда бир вақтлар ядро бомбаси синовини ўтказган совет олимлари ва ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила-аъзолари яшашган. Назорат ўтиш пунктлари билан ўралган ҳудудга кириш осон бўлмаган. 50 минг атрофида аҳоли яшаган шаҳарга энг сара озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлари келтирилган, ишлаш учун барча шароитлар яратилганди. Умумий майдони 18,5 минг кв. километр бўлган ҳудудда советлар даврида оғир юкларни келтириш учун «бетон» йўллар ётқизилган, аммо у ҳозир яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Ҳозир «синов майдони» ярим қуруқ майсалар билан ўралган даштни эслатади. Гарчи қозоғистонлик олимлар 30 йилдан бери ҳудудни зарарсизлантиришга уринаётган бўлсаларда, бу ерда ҳамон радиация даражаси юқори, ҳатто қўшни вилоятларда ҳам болалар ирсий бузилиш билан туғилмоқда. Маҳаллий тиббиёт университетида туғма ноирон туғилган болаларнинг даҳшатли коллекциясини йиғишган. Семей тиббиёт университети шифокорларининг тадқиқотларига кўра, онкологик касалликлар, қон бузилиши, юрак-қон томири хасталиклари сони Қозоғистоннинг бошқа туманларидан 10-15 фоизга кўп учрамоқда. Бундан ташқари, боланинг муддатидан олдин тушиши 50 фоизга ошган. Хуллас, Қозоғистон халқи катта жабр кўрди ва ҳозир ҳам ядро портлашлари оқибатларини ўз танасида ҳис қилмоқда. Шунинг учун ҳам Қозоғистон дунёда ядро қуроллари синовини таъқиқлаш ва ядросиз дунёни барпо этиш учун курашмоқда.

– Семипалатинскдаги экологик аҳволни яхшилаш учун қандай чораларга қўл урилган?

– Полигон ёпилган пайтда Қозоғистон олдида ернинг ҳолатини қандай тиклаш ва полигон ҳудудида қолган ҳарбий-саноат мажмуасини нима қилиш керак, деган савол кўндаланг бўлди. Бу ва бошқа муаммоларни ечиш мақсадида Курчатовда Миллий ядровий марказ ташкил этилди. Марказ ходимлари тадқиқот ўтказиб, ернинг культивациясини амалга оширишмоқда. Бу мақсадда юзани шундай ҳайдашадики, тупроқнинг зарарланган қисми пастда қолади, тозаси юзага чиқади.

– Ўз-ўзидан аён: Қозоғистон ядровий синовлардан қаттиқ азият чекди. Шу сабабли бу борада қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди ва суриб келмоқда. Ўтган йиллар ичида расмий Нур-Султон халқаро миқёсда яна қандай ташаббусларни илгари сурди ва халқаро тадбирларга бош қош бўлди?

– 2010 йилнинг 26 августида Остона (Нур-Султон) да Ядро қуролларини умумқамровли таъқиқлаш тўғрисидаги Шартнома тайёргарлик кўрувчи комиссиянинг ижрочи котиби Т.Тота, МАГАТЭ раҳбарияти ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирокида ушбу Халқаро кунга бағишланган Конференция бўлиб ўтди. Якунда Конференция қатнашчилари томонидан Мурожаат қабул қилинди, унда мамлакатнинг ядро қуролига эгалик қилишдан ихтиёр воз кечган ва жаҳондаги энг йирик ядровий синов полигонларидан бирини ёпиш борасида тарихий қарор қабул қилган Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ядровий қуролсизланиш ва уни тарқатмаслик глобал жараёнларига қўшган улкан ҳиссаси қайд этилган. Мурожаатда шунингдек, Ядро қуролларини умумқамровли таъқиқлаш тўғрисидаги Шартномани тезроқ кучга киритиш чақириғи ўрин олган.

2011 йилнинг 12-13 октябрь кунлари Остона ва Семей шаҳрида Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги ва Семипалатинск ядровий синов полигони ёпилганининг 20 йиллигига бағишланган «Ядросиз дунё учун» Халқаро Форуми ўтказилди.

Форум ишида МАГАТЭ Бош директори Ю.Амано, Ядро қуролларини умумқамровли таъқиқлаш тўғрисидаги Шартнома ташкилоти тайёрловчи комиссиясининг ижрочи котиби Т.Тот, ШҲТ Бош котиби М.Иманалиев, АҚШ энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Д.Понеман, ЖАР президенти собиқ президенти, Нобель мукофоти совриндори Ф.де Клерк, бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Якунда конференция иштирокчилари томонидан Остона декларацияси қабул қилинди. 29 августнинг ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро куни деб эълон қилиниши ядровий қуролсизланиш ва уни тарқатмаслик мақсадларига, бутун дунёда ядровий синовларнинг таъқиқланиши ва ядросиз дунёга эришишга хизмат қилиши эътироф этилди.

2012 йилнинг 27-29 августида Остона, Семей ва Курчатовда ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро кунига ва Семипалатинскдаги ядровий полигон ёпилишининг 21 йиллигига бағишланган «Ядро синовларини таъқиқлашдан ядро қуролидан ҳоли дунё сари» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Конференция трибунасидан туриб Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбоши Н.Назарбоев «АТОМ» халқаро лойиҳаси ишга тушганини эълон қилди, конференция қатнашчилари ва дунёдаги барча яхши ниятли одамларни «АТОМ» лойиҳасини қўллаб-қувватлашга, дунё ҳукуматларини ядро синовларидан буткул воз кечишга чақирди. Давлат раҳбари яна ядросиз дунё умум Декларациясини тезроқ ишлаб чиқиш ва қабул қилишга чақирди.

«ATOM» лойиҳасининг мақсади – бутун дунё одамларини жипслаштириш орқали ядро қуроллари синовини ўтказишга қарши курашда реал, доимий ўзгаришларга эришиш, охир-оқибат, дунёни ядро қуролидан ҳалос этишдан иборат. Лойиҳа доирасида ядро қуролига қарши чиқадиган Ер юзидаги ҳар қандай киши дунё ҳукуматларини ядро синовларидан буткул воз кечишга чақирувчи, ядро синовларини умумқамровли таъқиқлаш тўғрисидаги шартноманинг тезроқ кучга киришига эришиш, ядровий таҳдиддан ҳоли дунёни қуриш йўлида муҳим қадамни ташлашга даъват этадиган онлайн-петицияга имзо қўйиши мумкин.

Мазкур ташаббус эълон қилинганидан бошлаб лойиҳа тақдимоти бутун жаҳон бўйлаб ўтказилди, унинг доирасида машҳур рассом, «АТОМ» лойиҳасининг фаҳрий элчиси, Семипалатинск полигонидаги ядровий синовларнинг ўзи ҳам қурбони бўлган Карипбек Куюковнинг картиналари кўргазмаси ташкиллаштирилди.

«АТОМ» лойиҳасининг тақдимоти Гаагадаги кимёвий қуролларни таъқиқлаш ташкилотида; Женевадаги БМТ Европа бўлимининг қароргоҳида; АҚШ Сенати ва Вашингтондаги илмий-тадқиқот марказларида; Венадаги ядро синовларини умумқамровли таъқиқлаш ҳақидаги шартнома ташкилотининг қароргоҳида, Япония (Токио, Хиросима, Нагасаки) да, Москвадаги «Аргументы и Факты» газетаси таҳририятида; Берлиндаги Конрад Аденауэр Фондида, шунингдек, Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус сессияси доирасида ва Норвегия (Осло), Мексика (Найарит) ва Буюк Британия (Лондон, Эдинбург) да ядро синовларининг гуманитар оқибатлари бўйича халқаро конференцияларда ўтказилди.

2017 йил 29 августда Элбоши Н. Назарбоев ва МАГАТЭ Бош директори Ю. Амано иштирокида Ульбин металлургия заводи базасида МАГАТЭ паст бойитилган уран Банки биносининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Банк жойлашиши учун ўзининг ҳудудини тақдим этган Қозоғистон оммавий қирғин қуролларининг тарқалмаслик режимини мустаҳкамлашга ва МАГАТЭга аъзо давлатларга паст бойитилган уранни етказиб беришнинг мутлақо янги кафолатланган механизмини яратишга яна бир бор ўз ҳиссасини қўшди.

Яна бир муҳим тадбирлардан бири 2019 йиил 29 августда Нур-Султонда ўтказилди. Унда «Ядро қуролисиз дунё ва гообал хавфсизлик учун Назарбоев мукофоти» ни топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Ядро синовларини умумқамровли таъқиқлаш шартномаси ташкилотининг Ижрочи котиби Лассина Зербо ва Атом энергияси бўйича Халқаро агентлик (МАГАТЭ) нинг марҳум Бош директори Юкия Амано ўша йилнинг мукофоти совриндорлари бўлишди.

Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан БМТ Бош котиби А. Гутерриш мукофотларни топшириш маросими қатнашчиларига видеомурожаат йўллаб, ядро қуролидан ҳоли дунё, жумладан, ядро синовларига таъқиқ БМТнинг қуролсизланиш соҳасидаги муҳим вазифаси бўлиб қолаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга унинг бу ишга садоқати ва ушбу мукофотни таъсис этгани учун миннатдорчилик билдирди.

2019 йилнинг 29 августида Нью-Йоркда Қозоғистоннинг доимий вакили К.Умаров тантанали тарзда БМТ котибиятига ядро қуролини таъқиқлаш тўғрисидаги шартноманинг ратификацияси ҳақидаги ҳужжатни топширди.

2020 йилнинг 26 августида ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро кунига бағишланган видеоконференция шаклидаги тадбир ўтказилди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош Ассамблеяси раиси М.Бандэ иштирокидаги маросимда Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбоши Н. Назарбоевга янги ноёб мақом – «Ядро синовларини умумқамровли таъқиқлаш шартномаси ташкилоти чемпиони» мақоми расман тақдим этилди. БМТ Бош ассамблеясининг сана муносабати ташкил этилган махсус сессиясида Ядро қуроллари синовини умумқаровли таъқиқлаш ҳақида шартнома ташкилотининг ижрочи котиби Лассина Зербо Нурсултон Назарбоевга унинг раҳбарлиги пайтида Қозоғистоннинг ядросиз дунё қуриш борасидаги глобал уринишлари ва бу борадаги тарихий ҳиссаси учун янги мақом билан тақдирлаш ташаббусини илгари сурди. Элбошининг 1991 йил 29 августда дунёдаги энг йирикларидан бири Семипалатинск ядро полигонини ёпиш ҳақидаги мислсиз қарори нафақат инсоният тарихидаги ядро синовлари ўтказишга ҳуқуқий таъқиқ, балки Халқаро кунни таъсис этиш учун улкан асос бўлди. Қозоғистон умум ядровий қуролсизланишга биринчи бўлиб реал қадамлар қўйди. Жаҳон ҳамжамияти ҳали Соет тузуми парчаланмай ташланган бу қадамни Элбошининг глобал халқаро хавфсизликка қўшган шахсий ҳиссаси деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, ушбу сана муносабати билан видеоконференцалоқа режимидаги расмий тадбирлар АҚШ ва Буюк Британия пойтахтларида тегишинча 2 ва 6 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган.

Сўзим якунида яна бир ташаббусга тўхталмоқчиман. 2017 йилнинг 7 июль санасида БМТнинг Ядро қуролларини йўқ қилиш халқаро ҳаракати ядро қуролларини тақиқлаш масаласини кўтарди ва 122 мамлакатнинг бу масалада хайрихоҳлигига эришди. Бугун бу битимни қабул қилган мамлакатларнинг 40 тадан 12 таси эса Осиё ва Тинч океани ҳудудида жойлашган. Ботсвана эса Ядро қуролларини тақиқлашга қўшилган энг сўнгги мамлакат сифатида тарихда қолди. Ядро синовларини буткул тақиқлаш ҳақидаги шартнома ядро қуролларини йўқ қилиш ва тарқатмаслик учун ниҳоятда муҳимдир ва дунёда ядро қуролини ишлаб чиқишни чегаралаб, тинчлик ва хавфсизликни таъминлайди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img